2016 йил 20 январда рўйхатдан ўтказилган кичик корхона ЭҲМ учун дастурлар яратиш ва реализация қилиш билан шуғулланиш ниятида.
Ушбу фаолият лицензияланадими?
Корхона ЯСТ тўлаши мумкинми?
Мазкур фаолият тури бўйича имтиёзлар борми?
Р.Ёдгоров.
Агентлик рухсати билан
Юридик шахсларнинг ЭҲМ учун дастурлар яратиш фаолияти лицензияланмайди. Уларни реализация қилишга келсак, мазкур фаолият тури бўйича лицензия олиш зарурати корхона ушбу маҳсулотларга бўлган мутлақ мулкий ҳуқуқларнинг ҳуқуқ эгаси ҳисобланишига боғлиқдир. Ўзлари яратган дастурий маҳсулотларни реализация қилувчи ва уларга доир мутлақ мулкий ҳуқуқларнинг эгаси ҳисобланадиган юридик шахслар бундай дастурларни реализация қилиш ҳуқуқига лицензия олишлари керак эмас (ВМнинг 15.03.2012 йилдаги 72-сон Қарорига 1-илова 8-банди 3-хатбошиси).
Бундай ҳуқуқларнинг мавжудлигини ЎзР Интеллектуал мулк агентлиги (бундан кейин – Агентлик) томонидан берилган ЭҲМ учун дастурни расмий рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси тасдиқлайди. Уни олиш учун ДМ ишлаб чиқувчи корхона Агентликка буюртманома тақдим этиши керак, унда дастурни Ўзбекистон Республикасида расмий рўйхатдан ўтказиш сўралган ариза бўлиб, унда маҳсулотнинг ҳуқуқ эгаси (ариза берувчи), муаллифлари (ҳаммуаллифлар), уларнинг яшаш жойлари ёки жойлашган жойлари, шунингдек ЭҲМ учун дастурни идентификациялайдиган депонентланадиган материаллар, шу жумладан реферат кўрсатилади. Буюртманомага рўйхатдан ўтказилаётган объектнинг давлат экспертизасига ҳақ (ЭКИҲнинг 0,5 баравари) тўланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат илова қилинади (ВМнинг 20.04.2006 йилдаги 65-сон Қарорига 2-илованинг 7.1-банди). ЭҲМ учун дастурни расмий рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси, буюртманома келиб тушган кундан бошлаб 30 кун ичида амалга ошириладиган давлат экспертизасининг ижобий натижаси олингандан кейин, Агентлик қарорига асосан берилади (Электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурни расмий рўйхатдан ўтказишга буюртманомалар ва маълумотлар базаларини расмий рўйхатдан ўтказишга буюртманомаларни тузиш, тақдим этиш ва кўриб чиқиш қоидалари, АВ томонидан 6.09.2004 йилда 1402-сон билан рўйхатдан ўтказилган). Уни олиш учун аризачига давлат экспертизасининг қарорини юбориш санасидан бошлаб 3 ой мобайнида қуйидагилар тўланиши керак: ЭҲМ учун дастурни рўйхатдан ўтказиш учун – ЭКИҲнинг 0,2 баравари; расмий бюллетенда у ҳақда маълумотларни чоп этганлик учун – ЭКИҲнинг 0,1 баравари ва гувоҳнома берганлик учун – ЭКИҲнинг 0,2 баравари (ВМнинг 65-сон Қарорига 2-илованинг 7.2-банди).
Агар корхонада у реализация қиладиган дастурларга мутлақ мулкий ҳукуқлар бўлмаса, унинг дастурларни реализация қилиш фаолияти лицензияланади. Лицензияни Агентлик 5 йил муддатга беради.
Лицензия олиш учун корхона Агентликка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
1) лицензия берилиши тўғрисида ариза;
2) юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтганлиги гувоҳномаси нусхаси;
3) лицензия талабгори аризани кўриб чиқиш учун йиғим (ЭКИҲнинг 2 баравари) тўлаганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат;
4) мавжуд моддий-техник база, лицензияланадиган фаолият турини амалга ошириш учун зарур бўлган ускуналар ва бошқа техник воситалар тўғрисидаги маълумотлар;
5) лицензия талабгорининг ЭҲМ учун дастурни реализация қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг (масалан, лицензия шартномаси) нусхалари;
6) реализация қилинадиган ЭҲМ учун дастурларни ҳисобга олишга жавобгар шахс учун меҳнат дафтарчаси ва ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқнинг юридик шахс муҳри билан тасдиқланган нусхалари.
Эксперт комиссияси 30 кун ичида дастурларни реализация қилиш ҳуқуқига лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақда талабгорни у қабул қилинганидан сўнг 3 кун ичида хабардор қилади. Лицензия талабгор томонидан лицензия берилиши учун давлат божи (ЭКИҲнинг 10 баравари) тўланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат тақдим этилганидан ва у лицензия битимини имзолаганидан кейин 3 кун ичида берилади (ВМнинг 72-сон Қарорига 1-илова).
Танлаш учун икки тизим
Янги барпо этиладиган кичик корхоналар солиқ солишнинг қуйидаги тизимларидан бири: ЯСТ тўлашни назарда тутадиган соддалаштирилган тартиб ёки умумбелгиланган солиқларни тўлашни танлашга ҳақлилар. Солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби бўйича солиқларни тўлаш учун янги барпо этилган корхона давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 15 кундан кечикмай (бизнинг ҳолатда – 3 февраль) ЯСТ тўлаши тўғрисида солиқ ҳисобига олинган жойдаги солиқ органини ёзма равишда хабардор қилади. Акс ҳолда янги барпо этилган кичик корхона умумбелгиланган солиқларни тўлайди.
Ишлаб турган кичик корхоналар кейинги ҳисобот давридан ЯСТ тўлашга ўтишлари мумкин. Бунинг учун кейинги чорак бошланишига кўпи билан 1 ой қолганда ДСИни ЯСТ тўлашга ўтиш тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиш лозим (чунончи, жорий йилнинг 1 апрелидан солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибига ўтиши учун хабарномани 1 мартдан кечикмай тақдим этиш керак).
Солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимидаги корхоналар – компьютер дастурий маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар солиқ солинадиган база – ялпи тушумдан (Солиқ кодексининг 356-моддаси) ЯСТни 5%лик ставкада тўлайдилар (Президентнинг 22.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон Қарорига 10-1-илованинг 1-банди). Янгидан ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари, давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 6 ой давомида, ЯСТнинг энг кам миқдори – ер солиғининг 3 баравари суммасини инобатга олмасдан ЯСТни ҳисоблаб чиқарадилар ва тўлайдилар. Ярим йил ўтганидан кейин ЯСТ ҳисоб-китоби ва унинг тўлови кейинги ойдан бошлаб (сизнинг ҳолатда – августдан бошлаб) ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади (Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 2-банди, АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Реестрга тушди
Фаолиятнинг 3 ойи якунлари бўйича ўзи ишлаб чиққан дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва реализация қилишдан олган даромадлари хизматлар умумий ҳажмининг 50%идан ошиб кетган корхоналар Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг миллий реестрига киритилиши мумкин. Бу ишлаб чиқувчининг аризасига асосан ихтиёрий равишда бепул асосда амалга оширилади (Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг миллий реестри тўғрисидаги низом, АВ томонидан 26.12.2013 йилда 2541-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Миллий реестрга киритилган корхоналар 2017 йилнинг 1 январига қадар муддатда барча турдаги солиқлар, шу жумладан ЯСТ, Республика йўл жамғармасига ҳамда бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинадилар (ажратмалар тўловчилари учун). Бироқ уларнинг ЯИТ, фуқароларнинг суғурта бадаллари ва реализация ҳажмидан Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар, Республика йўл жамғармасига йиғимлар (жамғармаларга тўловчилар учун), айрим турдаги товарлар билан чакана савдо қилиш ва айрим хизмат турларини кўрсатиш ҳуқуқи учун давлат божи ва йиғим тўлаш мажбуриятлари сақланади (Президентнинг 20.09.2013 йилдаги ПҚ-2042-сон Қарори 4-банди). ЯСТ бўйича имтиёз корхона Реестрга киритилган ойдан кейин келадиган ойнинг 1-кунидан қўлланади.
Бу мақсадли имтиёз – бўшайдиган маблағлар моддий-техник базани ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, ходимларни рағбатлантиришга йўналтирилиши керак. Унинг амал қилиш муддати, агар ҳисобот йили якунларига кўра ўзи ишлаб чиқарган дастурий таъминот воситаларини экспорт қилиш ҳажми сотилган товарлар (ишлар, хизматлар) умумий ҳажмининг камида 50%ини ташкил этган тақдирда, 2 йилга узайтирилади (Президентнинг ПҚ-2042-сон Қарори 5-банди).
Ойбек АЮБОВ,
«Norma Ekspert» мутахассиси.