Хусусий корхона шиша идишларни йиғиш ва қайта ишлаш билан шуғулланади, у илгари банкдан чек дафтарчаси бўйича нақд пул олган. Бу пулларга қабул қилувчи аҳолидан товар сотиб олган, ҳисобварақ-фактура тузган. Шиша идишлар шартнома бўйича юридик шахсларга реализация қилинган.
Ҳозир банк нақд пул бермаётганлиги боис биз ҳар бир кишига бошқа (он-лайн) банк пластик карточкасини (иш ҳақи учун эмас) очяпмиз ва унга аҳолидан сотиб олинган шиша идишлар ҳақини ўтказяпмиз.
Жисмоний шахсларга пластик карталарига пул ўтказиш йўли билан аҳолидан шиша идишларни сотиб олса бўладими? Мазкур ҳолатда бирор-бир солиқлар тўланадими? Бундай операциялар бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади?
Олеся,
ХК бухгалтери.
– Корхона жисмоний шахсларга уларнинг банк пластик карталарига (кейинги ўринларда – БПК) (бошқа, иш ҳақи учун мўлжалланган эмас) шиша идишлар учун ҳақ тўлай олади.
ФКнинг 108-моддасига мувофиқ юридик шахсларнинг ўзаро ва фуқаролар билан битимлари оддий ёзма шаклда тузилади. Шу муносабат билан сиз жисмоний шахслар билан шахсий мол-мулк – шиша идишларнинг олди-сотдисига шартнома тузишингиз керак деб ҳисоблаймиз.
Корхонанинг БПКни ҳақ олмасдан бепул очишга доир харажатлари ҳам жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромади ҳисобланади ва унга тўлов манбаида ЖШДС солинади (Солиқ кодексининг 184-моддаси 2-қисмининг 2-банди). Моддий наф тарзидаги даромадлар ҳам мулкий даромадлар сингари ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари солинадиган объект ҳисобланмайди.
БПКни қўллаш билан ҳисоб-китоблар нақд пулсиз ҳисоб-китобларга киради ва Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 3.06.2013 йилда 2465-сон билан рўйхатдан ўтказилган) IX боби билан тартибга солинади.
Сизга шиша идишларни топшираётган аҳоли мулкий даромадга эга бўлади. Солиқ кодексининг 179-моддаси 11-бандига мувофиқ жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни сотишдан олинадиган даромадларга ЖШДС солинмайди.
Бунга қарамай, корхона солиқ агенти сифатида қуйидагиларга мажбур (Солиқ кодексининг 187-моддаси):
1) асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида белгиланган шаклда, солиқ даври тугаганидан сўнг 30 кун ичида (30 январга қадар) ДСИга маълумотнома тақдим этиши шарт;
2) йилнинг ҳар чорагида, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатида ДСИга ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда ЖШДСнинг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотларни белгиланган шаклда тақдим этиши шарт.
Жисмоний шахслар олган даромадлари тўғрисидаги декларацияни белгиланган тартибда тақдим этишлари шарт, чунки асосий бўлмаган иш жойидан олинган моддий наф тарзидаги даромадларга (БПКни ҳақ олмасдан) декларация асосида солиқ солинади (Солиқ кодексининг 189-моддаси). Унда ЖШДСдан озод қилинишига қарамай, мулкий даромад (шиша идишларни реализация қилишдан олинган) ҳам акс эттирилиши лозим.
Бухгалтерияни қандай юритиш ва хўжалик операцияларини қайси ҳисобварақларда акс эттириш корхона фаолияти ва тузиладиган шартномалар турига боғлиқдир. Агар у моддий қимматликларни нақд пулсиз йўл билан олди-сотди шартномаси бўйича харид қилиб, кейин эса худди шундай йўл билан реализация қиладиган бўлса, бундай фаолиятга улгуржи савдо сифатида қаралади. Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рухсат берувчи гувоҳнома (лицензия) олингандан кейингина улгуржи савдо билан шуғулланиш мумкин.
Савдо корхоналари, ходимлар сонидан қатъи назар, солиқ солиш тизимини танлаш ҳуқуқисиз ЯСТ тўловчилари ҳисобланади. Улар товарлар ҳисобини 2900-«Товарларни ҳисобга олувчи счётлар» ҳисобварағида юритадилар.
Агар корхонангиз топшириқ (воситачилик) шартномасини тузиб, комитентнинг (масалан, консерва заводи) номидан шиша идишлар сотиб оладиган бўлса, у ҳолда сиз воситачи ҳисобланасиз ва воситачилик хизматлари учун воситачилик ҳақи оласиз. Бундай фаолият воситачилик хизматлари кўрсатиш ҳисобланади. Уларни амалга оширувчи корхоналар воситачилик ҳақидан 33%лик ставка бўйича ЯСТ ёки умумбелгиланган солиқларни тўлайдилар.
Шартнома бўйича етказиб берувчидан воситачига ўтган мол-мулк (шиша идишлар) комитентнинг мулки бўлади (Фуқаролик кодексининг 838-моддаси). Шу боис улар балансдан ташқари ҳисобварақларда ҳисобга олинади. Сизга «Воситачилик шартномаси бўйича сотиб олинган товарлар» алоҳида балансдан ташқари ҳисобварағини очишни тавсия қиламиз.
Анжелика НАМ,
«Norma Online» эксперти.