Ноширлик фаолиятига лицензияси бўлган, Матбуот агентлигида рўйхатдан ўтказилган корхона дарсликлар нашр этиш учун оригинал-макетлар тайёрлашга доир тендерда ғолибликни қўлга киритди. Солиқ кодекси 208-моддасининг 19-бандига асосан уларга ҚҚС ҳисобланмади. ҚҚС бўйича имтиёз тўғри қўлланганми?
Бухгалтер.
– Солиқ кодексининг 208-моддаси 19-бандига кўра қўшилган қиймат солиғидан босма маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни реализация қилиш билан боғлиқ таҳририй, матбаа ва ноширлик ишлари (хизматлари) озод қилинади. Бундай ишларга (хизматларга) макетлар тайёрлаш, муқовалаш, ададларни тайёрлаш, реклама мурожаатларини қабул қилиб олиш, расмийлаштириш ва нашрларда жойлаштириш, ранг бериш, юридик ва жисмоний шахсларни ахборот билан таъминлаш, ахборот тўплаш ҳамда уни қайта ишлаш, матнларни таржима қилиш ишлари, магнит ва қоғоз нусхаларда почта алоқаси ҳамда Интернет орқали реализация қилиш, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа турдаги таҳририй, матбаа ва ноширлик ишлари киради. Агар улар алоҳида ва узил-кесил ишлар (хизматлар) тарзида амалга оширилиб, матбаа маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳамда уни реализация қилиш билан боғлиқ бўлмаса, уларнинг ҳажмларига ҚҚС солинади.
Шу тариқа, ҚҚС бўйича имтиёз қўллаш тўғрисидаги саволга жавоб ташкилотингиз бажарадиган таҳририй, матбаа ва ноширлик ишлари (хизматлари) босма маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни реализация қилиш билан боғлиқлигига асосланади.
Президентнинг «Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ҳузурида «Ижод» фондини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарори (26.02.2010 йилдаги ПҚ-1292-сон) 4-банди билан ноширлик ва матбаа корхоналари томонидан босма маҳсулотларни реализация қилишдан, шунингдек босма маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ таҳрир, матбаа ва ноширлик хизматлари кўрсатишдан тушган тушумнинг 1 фоизи миқдорида ажратмалар тўлаш тартиби жорий этилган.
Ноширлик ва матбаа корхоналари томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги «Ижод» фондига ажратмаларни тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 4.09.2010 йилда 2139-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 2-иловада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ҳузуридаги «Ижод» фондига тақдим этиладиган Босма маҳсулотларни реализация қилишдан, шунингдек босма маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ таҳрир, ноширлик ва матбаа хизматлари кўрсатишдан тушган тушумлар бўйича ҳисобланган ажратмалар тўғрисида маълумот шакли келтирилган. Маълумотнинг 010 ва 011-сатрларида йил бошидан ҳисобот даврида ва ҳисобот чорагида босма маҳсулотларни реализация қилишдан, шунингдек босма маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ таҳрир, матбаа ва ноширлик хизматлари кўрсатишдан тушган тушумнинг кўрсаткичлари кўрсатилади.
Шу тариқа, агар ташкилотингизнинг китоблар нашр этишга оригинал-макетлар тайёрлаш бўйича бажарган ишлар ҳажмлари 2139-сон Низомда назарда тутилган «Ижод» фондига ажратмалар қилинадиган тушум кўрсаткичларига киритилган бўлса, мазкур ҳажмлар бўйича Солиқ кодексининг 208-моддаси 19-бандида назарда тутилган ҚҚС бўйича имтиёз қўлланади.
Валерий ЛИ,
ЎзР Молия вазирлигининг Солиқ ва бож-тариф сиёсати бўлимининг бошлиғи.