Бугунги кунда замонавий аёл ҳақида сўз борганда дадил, ишбилармон замондошларимиз қиёфаси кўз ўнгингга келади доим. Зотан, мустақилликнинг ўтган 25 йили мобайнида мамлакатимиз аёлларида ўз бизнес ишини юритишга иштиёқ ҳам, имконият ҳам сезиларли даражада ўсди, уларнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари давлат томонидан ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаб келинмоқда.
Ана шу ишларни такомиллаштиришда давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (25.05.2004 йилдаги ПФ-3434-сон) ҳамда «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори (15.04.2014 йилдаги ПҚ-2164-сон) муҳим дастуриламал бўлиб қолди.
2015 йилда тижорат банклари хотин-қизлар бошчилик қилаётган ишлаб чиқаришларни ривожлантиришга 1,2 трлн сўмдан ортиқ маблағ, касб-ҳунар коллежларини тамомлаган қизларни тадбиркорликка жалб этишга 51 млрд сўмдан ортиқ кредит йўлладилар. Ана шуларнинг ўзиёқ хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини оширишга бўлган алоҳида эътибордан ёрқин далолатдир.
Соғлом она ва бола йилида аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш масалалари янада долзарблик касб этади. Оила қўрғонини асраш ва янада фаровон этиш ҳақидаги ғамхўрлик, ўз фарзандларини бахтиёр, муваффақиятларга бурканган ҳолда кўриш иштиёқи барча аёллар қатори тадбиркор аёлларга ҳам хос бўлиб, улар шунингдек профессионал тажриба ва омилкорона уддабуронлик фазилатига ҳам эга бўлишлари керак. Негаки, ҳаётда фаол, ишнинг кўзини биладиган аёл кишигина ўз оиласини моддий жиҳатдан тузукроқ қўллаб-қувватлаш ҳаракатида бўлади.
1991 йил июнида Марказий Осиёда аёлларнинг биринчи нодавлат нотижорат ташкилоти – «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон Ишбилармон аёллар уюшмаси (ЎИАУ) тузилганлиги мамлакатимизда аёллар тадбиркорлигига нақадар катта аҳамият берилаётганлигининг яққол белгисидир. Уюшма мамлакатимиз истиқлолига тенгдош ҳисоб. Бугунги кунда 14 та вилоят ва 78 та туман бўлимларини бирлаштирган Уюшма сафида 12 минг аъзо бор.
Уюшма ўз олдига хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини кенгайтириш ва ҳимоя қилиш, уларнинг тадбиркорлик ва ижтимоий йўналишдаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, молиявий, маърифий-ахборот ресурсларидан кенг фойдаланиш ва баҳраманд бўлишларига кўмаклашиш вазифасини қўйган эди. Бу вазифалар кўп босқичда, барча йўналишда, хусусан аёлларнинг бизнес тузилмаси, ҳуқуқий таълими, маслаҳатлашувлар, гендер тадқиқотлари, кредитлар олишда кўмаклашиш, хотин-қизлар манфаатларига хайрихоҳлик кўрсатиш орқали амалга ошириб келинмоқда. Маърифий вазифаларни рўёбга чиқариш учун бир қанча ўқув марказлари ташкил этилган бўлиб, уларда 80 га яқин малакали тренер ишламоқда. Бу устозлар бизнес соҳасига эндигина қадам қўйган аёллар қатори бирмунча тажрибали тадбиркор аёллар билан ҳам билим ва иш маҳоратларини ўртоқлашадилар. Уларга турли масалаларда, хусусан, бизнес борасида дастлабки қадам қўйиш юзасидан тавсия, йирик корхонани бошқаришга оид маслаҳат сўраб мурожаат этадилар. Ишбилармон аёлларнинг таянч таълими ҳуқуқий билимни, психологик тайёргарликни, етакчилик кўникмаларига эга бўлишни тақозо этади. Етарлича тажрибаси бор, кўзи анча пишиган устозлар амалий алоқаларни ривожлантириш, зарур ускуналарни харид этиш, маҳсулот ўтказиладиган бозорларни излаш ва экспорт имкониятларини рўёбга чиқариш масалаларида амалий маслаҳатлар берадилар.
Уюшма аёлларни бизнес ишини ташкил этишга тайёрлаш билан чекланиб қолмайди. Бу ерда барча хоҳловчиларни профессионал кўникмаларга ўргатадилар. Уюшма бўлимларида хотин-қизлар сартарошлик, бичиш-тикиш, қандолатчилик иши сингари анъанавий ихтисосликлар қатори гилам тўқиш, жун ва ипакни қайта ишлашдек ноёб, махсус кўникма талаб этадиган мутахассисликлар билан ошно бўлишлари мумкин. Олинган билимлар аёлларга иш топишда, кўпинча касаначиликни йўлга қўйишда ёрдам беради. Бу эса, тузуккина қўшимча даромад олиш, ўз оиласига янада кўпроқ эътибор бериш имкониятини беради.
Кейинги 10 йил мобайнида Уюшмада 40 мингдан ортиқ аёлга бизнес иши сир-синоатлари ўргатилди, уларнинг ҳар тўрттасидан учтаси ҳозир бизнес ишини очиб муваффақият билан ишлаб келмоқда. Хотин-қизлардан 50 мингдан ортиғи қўшимча касб эгаллади, аксарияти ўз ишини топишга муваффақ бўлди ҳам.
Уюшма тармоғи муттасил кенгайиб бормоқда. Кейинги ярим йилнинг ўзида 40 та янги туман ва шаҳар бўлинмалари иш бошлади. Бу эса ўз бизнес ишини бошлаётган ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш истагида бўлган хотин-қизларни қамраб олиш кўламини анча кенгайтирди. Уларнинг аксарияти мамлакатимизнинг олис, қишлоқ минтақаларидан.
Ўзбекистонимизда оилани мустаҳкамлашга, хотин-қизларнинг бандлиги ва ижтимоий фаоллигини оширишга, улар учун қулай ижтимоий-маиший шарт-шароитлар яратишга қаратилган кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Ишбилармон аёллар уюшмаси Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ва бошқа ташкилотлар билан 2013 йилдан буён «Тадбиркор аёлларнинг энг яхши лойиҳаси» танловини ўтказиб келмоқда. Танлов гендер тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизларни иш билан таъминлашда бағоят муҳим аҳамиятга эга.
Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан бир ярим мингдан ортиқ тадбиркор аёл танловга ўз лойиҳаларини тақдим этдилар. Улардан 42 таси «Ишлаб чиқариш соҳасидаги энг яхши лойиҳа», «Сервис соҳасидаги энг яхши лойиҳа», «Қишлоқ жойлар учун энг яхши лойиҳа» номинацияларида якунловчи босқичга чиқдилар. Бизнес лойиҳаси биринчи ва иккинчи ўринга лойиқ топилган танловнинг 28 нафар ғолибасига жами 4 123 млн сўм миқдорида банк кредитлари олиш учун сертификатлар топширилди. Бундан ташқари, совриндорлар диплом ҳамда қимматли совғалар билан тақдирландилар.
Биз 23 турдаги сут маҳсулотларини ишлаб чиқарамиз, – дейди «Ишлаб чиқариш соҳасидаги энг яхши лойиҳа» номинацияси совриндори, Тошкентдаги «Хосият Қут-барака» МЧЖ раҳбари Фотима Рўзимаматий. – Фаолиятимизни кенгайтира бориб, тез тайёр бўладиган лапша ишлаб чиқаришга доир лойиҳани тақдим этган ҳолда танловда иштирок этдик. Тижорат банкининг 180 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредити ҳисобидан керакли асбоб-ускуналарни сотиб олишни мўлжалламоқдамиз. Бизнес режамизни амалга ошириш ишлаб чиқаришга касб-ҳунар коллежлари битирувчиларни жалб этишни ҳам назарда тутади.
2015 ЙИЛГИ ЭНГ ЯХШИ ЛОЙИҲАЛАР
«Ишлаб чиқариш соҳасидаги энг яхши лойиҳа» – Бухоро вилоятининг Жондор туманидаги «Бозорова Нигора» деҳқон хўжалиги раҳбари Нигора Бозорованинг қадоқлаш цехи очиш ҳамда аҳолини ичимлик сув билан таъминлашга доир лойиҳаси.
«Қишлоқ жойлар учун энг яхши лойиҳа» – Сурхондарё вилоятининг Узун туманидаги «Тўмарис Истиқбол Текстиль» корхонаси вакиласи Дилафрўз Тўхтасинованинг кийим-кечак, болалар трикотаж буюмлари ишлаб чиқаришга доир лойиҳаси.
«Сервис соҳасидаги энг яхши лойиҳа» – андижонлик Дилфуза Эшонованинг ошпазлик курсларини кенгайтириш ва қизларни оилавий ҳаётга тайёрлашга ҳамда хусусий мактабгача таълим муассасасини очишга доир лойиҳаси.
Кенг кўламдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириб келаётган тажрибали ишбилармон аёллар билан бир қаторда танловда коллеж битирувчилари ҳам иштирок этдилар, баъзилари ғолиблик нашидасини ҳам сурдилар. Улар ўз фаолликлари, жонкуярликлари, ташаббускорликлари билан тенгқур дугоналарига яхши ўрнак бўлмоқдалар.
– Касб-ҳунар коллежини икки йилча олдин тамомлаб, ўз бизнес ишимни йўлга қўйгандим, – дейди «Сервис соҳасидаги энг яхши лойиҳа» номинацияси совриндори, Қашқадарё вилоятининг Косон туманидаги «Мададкор» МЧЖ раҳбари Хурсаной Темирова. – Ҳозирги вақтда тенгдошларимдан 35 нафарини иш билан таъминладим. Биз махсус уст-бош, мактаб ўқувчилари форма кийимини, шунингдек мактаб портфелларини ишлаб чиқармоқдамиз. Танловда миллий кийимларга безак бериш, шунингдек пиллани қайта ишлашни назарда тутувчи лойиҳам маъқул топилди. Бу эса, кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшди.
Бизнес иши фаолиятнинг анчагина мураккаб соҳаси саналади. Бунда ютуққа эришишнинг кафолатланган тайёр андозаси йўқ. Тадбиркорлик бобида кимнингдир омади юришмаган тақдирда ҳам, шу аснода орттирган тажриба ва кўникмалари унинг ҳаётда муносиб ўрнини топиш имкониятини оширади. «Тадбиркор аёл» уюшмаси ана шуларни кўриш ва англаб олишга ёрдам беради.
Уюшма ўтган йилнинг октябрида махсус «Tadbirkor Ayol – Деловая женщина» нашрини чиқаришга доир лойиҳани амалга оширди. Журналнинг рангдор, силлиқ саҳифаларида ўқувчилар мамлакатимизда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ва янада равнақ топтириш ҳақида фойдали ва қизиқарли ахборотларни, халқаро ҳамкорлик, чет эл инвесторлари иштирокидаги қўшма лойиҳалар ҳақидаги хабарларни, юқори мартабали шахслар ва тадбиркорлар билан кўплаб суҳбатларни ўқиш, ранг-баранг мавзудаги мақолалар ва бошқа кўплаб мароқли материаллар билан танишиш имконига эга бўладилар.
Хайрли ва саховатли иш билан шуғулланаётган ўзбекистонлик барча аёлларга Уюшма номидан шундай деб хитоб қилгим келди:
– Хорманг, дугоналар! Ишингиз ҳамиша унумли ва омадли бўлсин, қўлларингиз дард кўрмасин!
Ирина ХАМ,
«Tadbirkor Ayol – Деловая женщина» журнали бош муҳаррирининг ўринбосари.
Муаллиф фотолари.