Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида белгиланган вазифаларни амалиётга татбиқ этиш натижасида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишлар кескин камайди.
Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти фақат давлат солиқ хизмати органлари томонидан текширилади ва тафтиш қилинади. Уларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари фақат суд тартибида қўлланилади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан таъсис этилган «Текширишларни рўйхатга олиш китоби»нинг электрон шакли яратилгани унга киритилаётган қайдларни онлайн тарзда кузатиш имконини бермоқда. |
...Сурхондарё вилояти Термиз туманида фаолият юритаётган тадбиркор А.Соатов кутилмаганда келган текширувчини кўриб таажжубланди. Чунки навбатдаги текширишга ҳали анча бор эди. Шу сабаб у текширувчидан «Текширишларни рўйхатга олиш китоби»ни тўлдиришни сўради. Текширувчи – туман ветеринария бўлими ходимига бу ҳолат ёқмаган бўлса-да, китобни тўлдирди. У ишга киришган ҳам эдики, текширишнинг ноқонунийлиги юзасидан тадбиркорга хабар келди. Ушбу ҳолат юзасидан адлия идораси ходими томонидан нохолис текширувчига нисбатан ҳужжат расмийлаштирилди. Жиноят ишлари бўйича Термиз тумани судининг қарорига асосан ветеринария бўлими ходими М.Ҳасановга нисбатан маъмурий жарима жазоси қўлланилди.
Мамлакатимизда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг аксарияти китоб билан таъминланган. Тадбиркорлар китобнинг электрон шаклидан ҳам фаол фойдаланмоқда. |
«Текширишларни рўйхатга олиш китоби»ни тўлдириш тартибига риоя қилиниши бўйича доимий мониторинг юритилмоқда.
Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги «Идеал савдо» ва «Иброҳимбек» хусусий корхоналарида давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан текшириш ўтказилганда, китобни тўлдириш тартибига риоя этилмаган. Ушбу ҳолатлар юзасидан киритилган тақдимномага асосан инспекция ходимлари Р.Нормуродов ва М.Сайфиддиновга нисбатан «ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланилган.
Тошкент шаҳар Бектемир тумани бандликка кўмаклашиш маркази ходими Ш.Тўраев «Sam yang viktoria» масъулияти чекланган жамиятида рухсатсиз текшириш ўтказган. Ушбу ҳолат юзасидан адлия органи ходими расмийлаштирган маъмурий баённомага мувофиқ Жиноят ишлари бўйича туман судининг қарорига асосан айбдорга энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилган.
Таҳлилларга қараганда, 2015 йилда ва жорий йилнинг ўтган ойларида икки юздан зиёд тадбиркор фаолиятида ноқонуний текширишлар ўтказилган. Икки мингга яқин ҳолатда текшириш ўтказиш тартиби бузилган. Ушбу ҳолатлар юзасидан 92 шахс интизомий, 21 шахс маъмурий жавобгарликка тортилган ҳамда 66 ноқонуний қарор бекор қилинган. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки ноқонуний аралашиш ҳолатлари юзасидан маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича судларга киритилган таклиф асосида уч юздан зиёд ҳуқуқбузарга тегишли чоралар қўлланилган. |
Тадбиркор фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олишда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Кенгаш қарори билан янги тартиб ўрнатилди. Унга кўра, ноқонуний аралашувларга йўл қўйган ходим билан бир қаторда ушбу орган раҳбарининг ҳам жавобгарлиги таъминланмоқда. Ўтган йилда кенгаш таклифи асосида назорат органларининг 26 раҳбари жавобгарликка тортилган. |
Адлия идоралари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида 2015 йилда тегишли идораларга кўплаб тақдимнома, огоҳнома киритилиб, тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланган. Бундай чоралар натижасида икки мингга яқин мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилган. Шу жумладан, юз нафардан зиёди эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
ЎзА материали асосида тайёрланди.