Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 03 / Жавоб берамиз

Норезидентдан қарз олмоқчиман. Уни рўйхатдан ўтказайми?

 

Мен МЧЖ муассиси ва директориман. Фирмам шартнома асосида хорижий компаниядан (норезидентдан) пул маблағларини тегишли муддатга жалб этмоқчи. Ушбу шартнома рўйхатга олиниши шартми, агар шарт бўлса, айнан қайси органда? Умуман, мазкур операция билан боғлиқ яна нималарни билишим керак?

Робия Исмоилова,

газетхон.

 

Ўзбекистон Республикасининг «Хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисида»ги Қонуни (29.08.1996 йилдаги 263-I-сон, бундан буёнҚонун) 1-моддасининг иккинчи хатбошисида назарда тутилганидек, хориждан маблағ жалб қилишга Ўзбекистон Республикаси ёки унинг резиденти томонидан хорижий давлатлар ёки норезидентлар активларининг (кредитлар, заёмлар ва бошқаларнинг) мазкур хорижий давлатга ёки норезидентга ёхуд уларнинг талабига кўра учинчи шахсга шартлашилган даврда адекват активларни, шу жумладан, активлардан фойдаланганлик учун тўловларни тақдим этиш мажбуриятини ўз зиммасига олган ҳолда жалб этилишидир, деб таъриф берилган.

Бундан кўриниб турибдики, сизнинг операциянгиз ҳам «хориждан маблағ жалб қилиш» тушунчаси билан қамраб олинади.

Хатингизнинг мазмунига қараганда, шунингдек бизнинг тушунишимизча, сиз жалб қилмоқчи бўлган қарз Ўзбекистон Республикаси томонидан кафолатланмаган заёмдир. Шу боис Қонун 9-моддасининг учинчи хатбошига асосан қарз шартномаси республикамиз Марказий банкида рўйхатга олиниши шарт. Рўйхатга олиш билан боғлиқ тартиб Капитал ҳаракати билан боғлиқ айрим валюта операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомнинг1 (бундан буён – Низом) 3-бандига мувофиқ ваколатли банклар томонидан мазкур шартномалар тўғрисидаги маълумотларни хабардор қилиш тартибида Марказий банкка тақдим этиш орқали амалга оширилади. Марказий банк хабардор қилингандан сўнг Ўзбекистон томонидан кафолатланмаган хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисидаги шартномалар рўйхатга олинган ҳисобланади.

Низомнинг 7-бандида белгиланганидек, валюта операциясини2 амалга ошириш учун резидент томонидан ваколатли банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда ариза;

валюта операцияси амалга оширилишини назарда тутувчи ҳужжатнинг (шартнома, келишув, битим ва/ёки бошқа ҳужжат) ҳамда унга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг нусхалари. Бунда ҳужжат матни давлат ёки рус тилида баён этилган бўлиши, агар ҳужжат матни бошқа тилда баён этилган бўлса, у легаллаштирилган ёки унга белгиланган тартибда апостиль қўйилган бўлиши ҳамда давлат ёки рус тилига таржима қилинган ва нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Мазкур ҳужжатлар тақдим этилгандан сўнг, ваколатли банк томонидан белгиланган тартибда валюта операцияси амалга оширилади.

Шуни ҳам эътиборга олиши керакки, резидентлар ҳужжатларни электрон тизим орқали қабул қилиш учун дастурий таъминотга эга бўлган ваколатли банкларга аризани электрон шаклда тақдим этиши мумкин. Бунда резидент валюта операцияси амалга оширилишини назарда тутувчи ҳужжатнинг (шартнома, келишув, битим ва/ёки бошқа ҳужжат) ёки унга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг нусхаларини аризага илова қилиши лозим (Низомнинг 8-банди).

Валюта операциясини амалга оширишда резидент қуйидагиларга мажбур:

бир валюта операцияси бўйича барча ҳисоб-китоб ва тўловларни асосий депозит ҳисобварағи очилган ваколатли банк орқали валюта операцияси шартларига мувофиқ амалга ошириш;

валюта операцияси шартларига ўзгартиришлар киритилганда (шартноманинг муддати узайтирилиши, тўлов муддатининг кечиктирилиши, қарзни сўндириш жадвалининг ўзгартирилиши, қарзнинг тўлиқ сўндирилиши ёки шартноманинг бекор қилиниши ва бошқалар) ваколатли банкни хабардор қилиш (Низомнинг 9-банди).

 

Жавобни эксперт-юристимиз Камол МУЗАФФАРОВ тайёрлади.

 


1МБ бошқарувининг АВ томонидан 17.12.2013 йилда 2536-сон билан рўйхатга олинган қарори билан тасдиқланган.

2Сиз жалб этмоқчи бўлган қарз Низомнинг 1-бандида берилган «валюта операцияси» тушунчасига ҳам киради.

Прочитано: 2183 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика