ЯСТ тўловчи ташкилот чакана савдо билан шуғулланади. 2011 йилда, ҳокимнинг 31.03.2011 йилдаги қарорига кўра, майдони 405,76 кв.метр бўлган бир омборхонамиз бузилиши керак бўлган иморатлар сирасига кирди. Унинг дастлабки қиймати 2003 йилда 7 034 500 сўмни ташкил қилган. Ўтган барча йиллардаги мазкур омборхона бўйича харажатлар (таъмирлаш, реконструкция қилиш ва ҳоказо) унинг дастлабки қийматига қўшилмаган, балки давр харажатларига киритилган. 2015 йил ноябрида ҳокимнинг 21.10.2015 йилдаги қарори билан унинг ўрнига бошқа туманда майдони 580 кв.метр ва баҳолаш қиймати 827 964 322 сўм бўлган жой ажратилди. Бироқ бундан олдин ҳокимлик департаменти ҳузуридаги баҳолаш гуруҳи бузилган омборхонани олдиндан баҳолади, унинг натижаларига кўра омборхонанинг қиймати 805 423 725 сўмни ташкил этди. 22 540 597 сўмлик фарқни ташкилот департаментга тўлади.
Ҳокимликнинг қарори билан бузилган омборхона ўрнига ажратилган омборхонанинг киримини бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттириш керак? Бунда солиқ солиш тартиби қандай бўлади?
М.Қурбонова,
бош бухгалтер.
– Туман ва шаҳарлар давлат ҳокимияти органлари уларга Шаҳарсозлик кодекси, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонун (2.09.1993 йилдаги 913-XII-сон) билан берилган ўз ваколатлари доирасида вилоят, туман, шаҳар мулкида бўлган объектларни қонунларда назарда тутилган тартибда ва доирада вақтинча ёки доимий эгалик қилиш ва фойдаланиш учун беришга ҳақлидирлар.
Сиз баён этган вазиятда айирбошлаш муносабати билан асосий воситаларни (АВ) балансдан ҳисобдан чиқариш тартибини қўллаш мумкин. Айирбошлаш АВ қийматини корхона балансидан ҳисобдан чиқариш сифатида ҳам (5-сон БҲМС «Асосий воситалар»нинг 51-банди, АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган), уларни балансга киритиш сифатида ҳам (5-сон БҲМСнинг 8-банди) йўл қўйиладиган вариантлардан бири ҳисобланади. Бунда бу хил айирбошлаш тартиби қонун йўли билан (масалан, ҳокимнинг қарори билан) белгиланиши керак.
Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда айирбошлаш йўли билан олинган АВнинг бошланғич қиймати берилган асосий воситаларнинг қолдиқ қийматига тенг. АВ қўшимча тўлов билан айирбошланган ҳолатларда алмаштириш йўли билан олинган АВнинг бошланғич қиймати берилган АВнинг айирбошланиш чоғида ўтказилган пул маблағлари ёки уларнинг эквивалентлари суммасига оширилган қолдиқ қийматига тенг (5-сон БҲМСнинг 18-банди).
Бухгалтерия ҳисобида АВ қийматини айирбошлаш муносабати билан уларни балансдан ҳисобдан чиқариш тартиби Асосий воситалар қийматини балансдан чиқариш тартиби тўғрисида низомнинг (АВ томонидан 29.08.2004 йилда 1401-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 4-параграфига мувофиқ акс эттирилади:
Хўжалик операцияси
|
Дебет
|
Кредит
|
АВларнинг бошланғич қиймати ҳисобдан чиқарилди
|
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»
|
0100-«Асосий воситалар»
|
Жамланган эскириш ҳисобдан чиқарилди
|
0200-«Асосий воситаларнинг эскириши»
|
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»
|
Чиқиб кетаётган АВни қўшимча баҳолаш суммаси ҳисобдан чиқарилди
|
8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар»
|
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»
|
Пул маблағларини қўшимча тўлаб айирбошлаб олинган АВ объекти кирим қилинди
|
0100-«Асосий воситалар» – берилган АВнинг қолдиқ қиймати суммаси ва тўланадиган пул маблағлари суммасига
|
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» – берилган АВнинг қолдиқ қиймати бўйича; 6990-«Бошқа мажбуриятлар»– айирбошлашда тўланадиган пул маблағлари суммасига |
Айирбошлашда назарда тутилган пул маблағлари қўшимча тўланди
|
6990-«Бошқа мажбуриятлар»
|
5110-«Ҳисоб-китоб счёти»
|
Айирбошлашдан олинган фойда акс эттирилди (ҳосил бўлганда)
|
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»
|
9310-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан фойда»
|
Айирбошлашдан кўрилган зарар акс эттирилди (ҳосил бўлганда)
|
9430-«Бошқа операцион харажатлар»
|
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»
|
Бошқа даромадлар таркибида АВ чиқиб кетишидан даромад (фойда) Солиқ кодексининг 132-моддасига кўра солиқ солиш мақсадида ЯСТ солинадиган ялпи тушум таркибига киритилади (Солиқ кодексининг 355-моддаси).
Ирина АХМЕТОВА, «Norma Online» эксперти.