Доимий муассаса лойиҳани амалга ошириш муддатига (масалан, 2 йилга) махсус техникани (автотранспорт, экскаватор, бульдозер ва ҳоказо) олиб киради ва уни ИМ-31-«Вақтинча олиб кириш» божхона режимида расмийлаштиради.
Доимий муассаса томонидан вақтинча олиб кириш режимида олиб кирилган махсус техникага мол-мулк солиғи солинадими? Бундай мол-мулкнинг бухгалтерия ҳисоби қандай бўлади?
Ш.Қосимов.
СОЛИҚ СОЛИШ
Аввало шуни таъкидлаш лозимки, вақтинча олиб кириш шундай режимки, бунда божхона ҳудудида ёки ундан ташқарида товарлардан бождан, солиқлардан тўла ёки қисман озод этилган ҳолда ва товарларга нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмасдан фойдаланишга йўл қўйилади. Бундай режимга жойлаштириладиган товарлар ўзгартирмасдан қайтарилиши лозим, табиий эскириш ёхуд нормал ташиш ва сақлаш шароитларида камайиш оқибатидаги ўзгаришлар бундан мустасно. Товарларни вақтинча олиб кириш режимига жойлаштириш мумкин бўлган муддат божхона органлари томонидан бундай олиб киришнинг мақсадлари ва ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади ва узайтирилади, бироқ мазкур муддат 2 йилдан ошмаслиги керак (Божхона кодексининг 22, 23-моддалари).
Республикамизда ўз фаолиятини доимий муассаса (ДМ) орқали амалга ошираётган ЎзРнинг норезидентларига келсак, улар учун, хусусан, ЎзРнинг норезидентлари бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ДМ фаолияти билан боғлиқ қайси асосий воситалар бўйича ҳисоб юритаётган бўлса, ўша асосий воситалар солиқ солиш объектидир (Солиқ кодексининг 266-моддаси иккинчи қисми).
Сиз олиб кирган махсус техника бевосита ДМ фаолияти – у амалга ошираётган лойиҳани бажариш билан боғлиқ. Шу боис унинг қийматига Солиқ кодексининг 266-моддасига мувофиқ мол-мулк солиғи солиниши керак. Бунда ўз фаолиятини Ўзбекистондаги ДМ орқали амалга ошираётган норезидентга ДМ фаолиятини амалга ошириш учун фойдаланилаётган мол-мулкни асосий воситаларга киритиш қоидалари татбиқ этилади (5-сон БҲМС «Асосий воситалар», АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИ
«Доимий муассаса» тушунчаси ташкилий-ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас, у фақат ЎзР норезидентининг солиқ соҳасидаги мақомини аниқлаш учун қўлланилади (Солиқ кодексининг 20-моддаси иккинчи қисми). Бинобарин, ДМ юридик шахс мақомига эга эмас, шу боис ҳам ЎзРнинг қонун ҳужжатларига кўра бухгалтерия ҳисоби субъекти ҳисобланмайди.
«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасига кўра давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, ЎзРда рўйхатга олинган юридик шахслар, уларнинг республика ҳудудида ҳамда ундан ташқарида жойлашган шуъба корхоналари, филиаллари, ваколатхоналари ва бошқа таркибий бўлинмалари бухгалтерия ҳисоби субъектлари ҳисобланади.
Бироқ норезидент юридик шахс республикадаги ўз фаолиятини ДМ орқали амалга оширади ва Солиқ кодексига кўра у бир қатор умумбелгиланган солиқлар тўловчиси ҳисобланади. Шу боис у қонун ҳужжатларининг норма ва стандартларига мувофиқ солиқ солиш объектлари (шу жумладан мол-мулк) ҳисобини юритиши шарт.
Вақтинча олиб кирилган техниканинг бухгалтерия ҳисоби учун сиз 0130-«Машина ва асбоб-ускуналар» ҳисобварағини бош компания билан ҳисоблашишлари ҳисобга олиш ҳисобварағи билан корреспонденцияда қўллашингиз ва уни ушбу мақсадлар учун махсус киритилган балансдан ташқари ҳисобварақда (масалан, 015-«Вақтинча олиб кирилган асосий воситалар») акс эттиришингиз мумкин.
Ирина АХМЕТОВА,
«Norma Online» эксперти.