Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 03 / Божхона

Божхоначи қандай одам бўлиши керак?

 

ёки божхоначининг маънавий юксалишида ахлоқ кодексининг ўрни

 

Президентимизнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида шундай сўзлар битилган: «...маънавият – инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, иймон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, унинг барча қарашларининг мезонидир...» Ҳақиқатан ҳам, агар инсонни ҳаётда руҳан покланиш, қалбан улғайиш масалалари қизиқтирмаса ва у фақат моддий бойлик ва фаровонлик илинжи билан умргузаронлик қилаверса, бориб-бориб у ўзлигидан ажраб қолади, инсонийлик қиёфасини йўқотади. Бу эса маънавиятга қилинган таҳдид билан баробардир.

 

Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда эса «маънавиятга қарши қаратилган ҳар қандай таҳдид ўз-ўзидан мамлакат хавфсизлигини, унинг миллий манфаатларини, соғлом авлод келажагини таъминлаш йўлидаги жиддий хатарлардан бирига айланиши ва охир-оқибатда жамиятни инқирозга олиб келиши мумкин.»

Бугунги кунда мамлакатимизда маънавият, маърифат масалаларига жиддий эътибор берилиши билан бирга, кўпгина касб эгалари ўзининг ахлоқ кодексларига эга бўлганликлари ҳам таҳсинга сазовор ишлардан ҳисобланади. Масалан, судьялар, банк ходимлари, журналистлар, ҳарбий хизматчилар, ички ишлар ходимлари ва бошқаларнинг ахлоқ кодекслари уларнинг иш фаолиятида асосий мезонга айланган. Ахлоқ кодекси юксак қадриятларни эътироф этиб, ўзида инсоф, бурч, жавобгарлик, адолат тушунчаларини қамраб олади. Бундай кодекс ҳар қандай ташкилот ёки тузилманинг муҳим ажралмас таркибий қисми бўлиб, ходимларнинг профессионал ва ишдан ташқари фаолиятидаги хатти-ҳаракатлар қоидаларини ва маънавий фазилатларини белгилаб беради.

Шу ўринда божхона хизмати ходимининг касби ҳам жуда нозик ва мураккаб касблардан ҳисобланади. Бу касб эгаси билим-салоҳияти, одоб-ахлоқи жиҳатидан рисоладагидек бўлиши кераклигини таъкидлашга эса ҳожат бўлмаса керак. Айнан божхона органларида тасдиқланган Ахлоқ кодекси соҳа ходимларининг маънавий юксалишида муҳим ўрин тутади.

Божхонада коррупцияга қарши кураш ва бошқарув бўйича декларацияда («Аруш декларацияси» номи билан машҳур, 1993 йилда Жаҳон божхона ташкилоти томонидан қабул қилинган, 2003 йилда қайта кўриб чиқилган) коррупцияга қарши стратегиянинг ўнта унсури келтирилган. Улар қаторига барча божхона ходими хатти-ҳаракатларининг комплекс қоидалари – кодексини ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш каби муҳим масалалар киритилган.

Ушбу ҳужжатнинг мазмунига кўра, божхона ходими давлатнинг вакили бўлиб, ўзининг ташқи кўриниши, хатти-ҳаракати, сўзлаш маданияти, интеллектуал салоҳияти билан божхона хизмати мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилиши керак. Чунки жамоатчилик божхона хизмати ходимининг қиёфасида давлат хизматчиси вакилини кўради ҳамда у орқали бутун мамлакатнинг ҳолатига баҳо беради. Ўз навбатида, виждонли, ҳалол божхона органи ходимига нисбатан фуқароларнинг ишончи ортади.

Давлат божхона қўмитаси томонидан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси божхона органи ходимининг Ахлоқ кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруқда (3.11.2011 йилдаги 265-сон) божхона органлари ходимлари қуйидаги тавсиф ва хусусиятларга эга бўлишлари кераклиги талаб этади: жасоратли, мардлик, оқилона қарор қабул қилувчан, тартиб-интизомли, тарбияли, мулоқотда ва ҳаракатда юқори маданиятли. Божхоначининг қўпол, қўрқоқ бўлиши кодекс билан тақиқланади.

Кодекс божхоначиларни ўз фаолиятларида қуйидаги тамойилларга амал қилишга ундайди:

  • касбда ҳақиқатгўй ва тартибли бўлиш;
  • жамоавий кайфият ва ўртоқларга беғараз ёрдам бериш;
  • қонунларга итоаткор бўлиш;
  • Ватанга садоқат;
  • Конституцияга, қасамёдга, бурчга содиқлик;
  • давлат ва божхона тимсолларига, касб анъаналарига ҳурматда бўлиш;
  • ор-номуслилик;
  • жавобгарлик;
  • ёрдам кўрсатишга шайлик;
  • касбнинг обрўси ва номига доғ туширмаслик бўйича қайғуриш.

 

Албатта, божхона органларининг Ахлоқ кодекси соҳа ходимининг маънавий юксалишида муҳим ҳужжатлардан ҳисобланади. Муҳими, инсоннинг ўзи маънавий етук, комил инсон бўлсин, унинг «виждон кодекси» турли қабиҳликлардан уни муҳофаза қилиб турсин. Фикримизни Президентимизнинг юқорида номи келтирилган китобидан иқтибос билан тугатишни лозим топдик: «Албатта, бу дунёда ҳалол ва пок яшашни ўзи учун ҳаётий эътиқод, олий мақсад деб биладиган одамлар кўпчиликни ташкил қилади. Айнан ана шундай инсонлар ва уларнинг эзгу ишлари туфайли бу ёруғ оламда маънавият ҳамиша барқарор бўлиб келади.»

Эркин НИГМАНОВ,

Олий ҳарбий божхона институти кафедра бошлиғи.

Шаҳбоз ЮСУПОВ,

ОҲБИ 2-курс тингловчиси.

Прочитано: 3952 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика