Тижорат банклари 2020 йил 1 январига қадар юридик шахсларнинг фойда солиғини табақалаштирилган ставкалар бўйича тўлайдилар. Тижорат банклари томонидан кредит портфели таркибида узоқ муддатли инвестициявий молиялашнинг улушига қараб юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича солиқ имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомда (МВ, МБ бошқаруви ва ДСҚнинг АВ томонидан 29.09.2015 йилда 2716-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) худди шу тартиб назарда тутилган.
Чунончи кредит портфели таркибида узоқ муддатли инвестициявий молиялашнинг улуши 35-40% бўлганда, ставка белгиланган ставканинг 80%ини; 40-50% бўлганда 75%ини; 50%идан ортганда 70%ини ташкил этади.
Тижорат банклари имтиёзни қўллаш учун айни бир вақтда юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ҳамда ҳисобот йили якунлари бўйича ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи ҳисоб-китоблари билан бирга солиқ органларига Кредит портфели таркибидаги узоқ муддатли инвестициявий молиялашнинг улуши маълумотнома-ҳисоб-китобини тақдим этиши шарт. Бундай маълумотномани имтиёзни қўлламайдиган тижорат банклари тақдим этмайди.
Қарор 2015 йил 5 октябрдан эътиборан кучга кирди.
Ўз ахборотимиз.