Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 42 / Божхона

Сертификат бўлса, бож камроқ тўланади

Польшадан келтирилган юкка келиб чиқиш сертификати нотўғри расмийлаштирилган. Божхонада айтишларича, башарти божхона тўловлари тўлиқ тўланган бўлса, божхона расмийлаштирувини амалга ошириш мумкин. Сертификатни тузатишимиз билан бизга ортиқча тўланган суммани қайтаришар экан. Биз эса мижозлар билан шартномалар тузганмиз, келиб тушган товарлар шошилинч зарур. Шу сабабли чўзиш мумкин эмас, куйиб қоламиз. Ҳақиқатан ҳам шундай қилсак бўладими? Агар декларациялаш электрон шаклда қилинса, қайтариш қандай амалга оширилади? Бунинг учун қандай ҳужжатлар талаб қилинади?

Т.Ғиёсов.

Тошкент шаҳри.

ЭНГ ЮҚОРИ МИҚДОРДА ТЎЛАШ МУМКИН

– Ҳақиқатан ҳам, товарнинг келиб чиқиши тўғрисида лозим даражада расмийлаштирилган сертификат ёки маълумотларни тақдим этмаслик божхона расмийлаштирувини рад этиш учун асос ҳисобланмайди. Бироқ ушбу ҳолда божхона тўловлари Ўзбекистон Республикаси бож тарифининг энг юқори ставкаларида ундирилади.

Товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга1 (бундан кейин – 2131-сон Низом) мувофиқ мамлакатимизга товарлар импорт қилинганда сертификат қуйидаги ҳолларда божхона органларига тақдим этилади:

а) Ўзбекистон тариф преференциялари берган мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарларга;

б) мазкур мамлакатдан импорт қилиниши миқдорий чекловлар (квоталар) орқали ёки ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солишнинг бошқа усуллари орқали тартибга солинадиган товарларга;

в) башарти бу Ўзбекистон иштирокчиси бўлган халқаро битимлар, шунингдек унинг қонунчилигида назарда тутилган бўлса;

г) божхонада расмийлаштириш учун тақдим этилган ҳужжатларда товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги маълумотлар бўлмаган ёки божхона органида товарларнинг келиб чиқиши тўғрисида нотўғри маълумотлар декларацияланмоқда деб ҳисоблашга асос бўлган ҳолларда.

Польша Энг яхши қулайлик режими тақдим этиладиган савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланган мамлакатлар рўйхатига2 киритилган. Бундай режимни давлатлар бир-бирларига савдо, божхона божлари соҳасида халқаро шартнома тартибида тақдим этадилар. Ўзининг шартларига кўра у аҳдлашувчи тарафларнинг ҳар бири исталган учинчи мамлакатга тақдим этадиган режимлардан фойдалироқдир. Шу сабабли ушбу мамлакатларда ишлаб чиқариладиган ва улардан олиб келинадиган товарлардан «А» шаклидаги келиб чиқиш сертификати тақдим этилганда 100 фоиз божхона божи ундирилади. Унинг ставкалари Президентнинг «Ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» (5.08.2009 йилдаги ПҚ-1169-сон) ва «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (13.08.2015 йилдаги ПҚ-2388-сон) қарорлари билан тасдиқланган.

Энг яхши қулайлик режими тўғрисидаги битимлар имзоланмаган мамлакатлардан келиб чиқадиган товарларга нисбатан импорт божхона божларининг икки баравар ставкалари қўлланади. Эркин савдо режимини назарда тутадиган битимлар имзоланган, эркин савдо зонасини барпо этиш битими иштирокчиси бўлган давлатлар рўйхатига3 киритилган давлатлардан келиб чиққан, амалда бож тўланмай олиб кириладиган товарлар бундан мустасно, алоҳида йиғимларни олиш бунга кирмайди.

Маълумот учун! «Бож тарифи тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.1997 йилдаги 470-I-сон) 29-моддасига мувофиқ товарнинг келиб чиқишига доир сертификат мазкур товарнинг муайян мамлакатда ишлаб чиқарилганлигидан аниқ далолат бериши керак. Унда жўнатилаётган товарнинг тегишли келиб чиқиш мезонларига мослиги ҳақида товар жўнатувчи томонидан берилган ариза; сертификатда келтирилган маълумотларнинг ҳақиқийлиги тўғрисида товар олиб чиқиб кетилаётган мамлакатнинг сертификат берган ваколатли органининг ёзма гувоҳномаси бўлиши лозим.

2131-сон Низомнинг 23-бандига кўра Ўзбекистон Республикаси тариф преференциялари берган мамлакатлардан келиб чиққан товарларга нисбатан, божхонада расмийлаштириш амалга оширилган санадан узоғи билан бир йил ичида уларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги тегишли гувоҳнома олинса, энг яхши қулайлик режими қўлланилиши (қайта тикланиши) мумкин.

 

ТЎЛАНГАН МАБЛАҒНИ ҚАЙТАРИШ

Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловлари мавжуд бўлса, божхона органлари уларни қайтаришлари мумкин. Сизнинг ҳолатингизда бу лозим даражада расмийлаштирилган товарнинг келиб чиқиш сертификати тақдим этилиши далили бўйича юз беради.

Божхона кодексининг 113-моддасига кўра ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммалари бундай тўловлар тўланган ёки ундирилган пайтдан эътиборан 1 йил ичида тўловчининг талабномаси бўйича қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда қайтарилиши ёхуд бўлғуси тўловлар ҳисобига ўтказилиши лозим. Ушбу таомилни Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларини қайтариш тўғрисидаги йўриқнома4 тартибга солади. Бунинг учун улар тўланган ёки ундирилган пайтдан бошлаб 1 йил мобайнида фаолият зонасида божхона расмийлаштируви амалга оширилган ДБҚ ҳудудий бошқармасига мурожаат қилиш керак.

Божхона органига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилганидан кейин тўловларни қайтариш ёки ҳисобга қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилинади:

 ортиқча тўлаш ёки ундириш сабаблари кўрсатилган, шунингдек ортиқча тўлов қайтарилиши керак бўлган банк реквизитлари қайд этилган тўловчининг ёзма аризаси;

 тўловлар ҳисоблаб ёзилиши ва ундирилишига асос бўлган божхона юк декларацияси;

 ижро тўғрисида ваколатли банк белгиси қўйилган, тўловларнинг тегишли суммалари тўланганлиги (ҳисобдан чиқарилганлиги)ни тасдиқлайдиган тўлов ҳужжати;

 товарлар (ишлар, хизматлар) чегарани ҳақиқатда кесиб ўтганлигини тасдиқловчи чегара божхонасининг белгиси қўйилган товарга илова қилинувчи ҳужжатлар (зарур ҳолларда).

Сиз товар келиб чиқишининг тўғри расмийлаштирилган сертификатини ҳам тақдим этишингиз лозим, албатта.

Шуни ҳисобга олиш керакки, божхона органига ҳужжатларнинг тўлиқ пакети тақдим этилиши масала ҳал қилинишининг кафолати ҳисобланмайди. Зеро тўловларни қайтариш фақат тўловчида божхона тўловлари бўйича қарз, жарималар, пеня, уларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилганлиги учун фоизлар бўлмагандагина амалга оширилади.

Маълумот учун! Қайтариш божхона органининг депозит ҳисобварағидан божхона тўловлари турлари бўйича бошқа тўловчиларнинг давлат бюджети ёки ДБҚнинг махсус жамғармасига ўтказилиши керак бўлган маблағларидан амалга оширилади.

 

1ТИАИСВ, МВ ва ДБҚнинг АВ томонидан 13.08.2010 йилда 2131-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

2ТИАВ, МВ ва ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 8.04.1998 йилда ­426-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

3ТИАВ, МВ ва ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 8.04.1998 йилда ­429-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

4ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 14.07.2000 йилда 947-сон билан рўйхатдан ўтказилган. 

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз
Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 2409 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика