Тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйиш, акциз маркасиз ёхуд бошқа давлатларнинг акциз ёрлиғига эга бўлган тамаки маҳсулотлари олиб кирилишининг олдини олиш божхона органлари зиммасига юкланган муҳим вазифалардан ҳисобланади.
«Тошкент-Аэро» ИБК ходимлари томонидан тамаки маҳсулотларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар давом эттирилмоқда. Натижада жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда 45 та божхона қоидабузарликлари фош қилиниб, қиймати 93 млн сўмдан ортиқ бўлган салкам 16 минг қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.
● Жумладан, «Тошкент-Истанбул» рейси бўйича сафарга отланган С.А.га тегишли юклар холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилганда, унда йўловчи божхона декларациясида қайд қилинмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг акциз маркалари билан маркаланган 500 қути «Kent» сигареталари яширилганлиги маълум бўлди.
● Фуқаро Ш.Б. ҳам Москвага қуруқ қўл билан кетгиси келмади: парвоз олдидан қўл юкларига жойланган кийимлар орасига 400 қути «Pall Mall» сигареталарини яширганча, божхона назорати ҳудудига кириб келди. Аммо унинг безовталаниши қинғир қилмишларини фош қилиб қўйди. Холислар иштирокидаги божхона кўригидан сўнг мазкур тамаки воситалари ўрнатилган тартибда қонунбузардан олиб қўйилди.
● «Шаржа-Тошкент» рейси бўйича парвозини якунлаган А.С. Тошкент халқаро аэропортидан ўзига тегишли юкларни кутмасдан жуфтакни ростлаб қолганлигининг сири эртасига фош бўлди. У тақдим қилган йўловчи божхона декларацияси маълумотларига асосан юклари божхона кўригидан ўтказилганда, улар орасида юртимизга ноқонуний равишда олиб кирилган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг акциз маркалари билан маркаланмаган қиймати 31 млн сўмдан ортиқ бўлган 2 310 қути «Parliament» сигареталари яширилганлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан акциз солиғи солинмай олиб кириладиган товарларнинг миқдорий чекланган нормаларига (АВ томонидан 13.03.1998 йилда 412-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ, жисмоний шахсларга 10 қутигача тамаки маҳсулотларини эркин олиб киришга рухсат этилади. Тамаки маҳсулотларини Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишда эса жисмоний шахслар бу ҳақдаги маълумотларни йўловчи божхона декларациясининг тегишли бандида қайд этишлари лозим.
Шунингдек, республикамизда тамаки маҳсулотларига акциз маркаларини қўллаш шу турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, импорт қилиш, сақлаш, ташиш ва сотиш устидан давлат назоратини ўрнатиш, шунингдек, акциз солиғини тўлиқ йиғиб олиш, мазкур товарларнинг яширин тарзда ишлаб чиқарилишининг ёхуд республикамиз ҳудудига олиб келинишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда 1996 йилнинг 1 октябридан бошлаб Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган ва унинг ҳудудига олиб келинаётган тамаки маҳсулотларини белгиланган намунадаги акциз маркалари билан мажбурий маркалаш тартиби жорий этилган. Мазкур тартибларга риоя қилмасдан тамаки маҳсулотларини юртимизга олиб кириш, акциз маркаларини ёпиштирмаган ҳолда ташиш (халқаро транзитдан ташқари), сақлаш ва сотиш тақиқланади.
Ҳусен ТАНГРИЕВ,
«Тошкент-Аэро» ИБК
Ахборот хизмати
катта инспектори.