МЧЖ майка ва футболкаларга муҳр ва суратлар тушириш билан шуғулланади.
У ягона солиқ тўловининг қандай ставкасини қўллаши керак? ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқаришда база учун нима қабул қилиниши керак?
Н.Иноятова,
бухгалтер.
– Агар сизнинг МЧЖ тўқимачилик буюмлари (майкалар, футболкалар) ишлаб чиқариш билан шуғулланса ва уларга суратлар туширса, у саноат корхоналари учун белгиланган ЯСТ ставкаси – 5%ни қўллаши мумкин. Агар ўз маҳсулотингизни ишлаб чиқаришдан ташқари, қайта ишлашга берилган хом ашёни қайта ишлаш хизматларини кўрсатсангиз (буюртмачига тегишли бўлган андазаларга суратлар туширсангиз) ёки фақат ушбу фаолиятни амалга оширсангиз, уларнинг ҳажмига нисбатан ЯСТнинг 6%лик ставкасини қўллашингиз лозим. Солиқ кодексининг 353-моддасига мувофиқ бир неча фаолият турлари билан шуғулланадиган корхона алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиши ҳамда тегишли ставкалар бўйича ЯСТ тўлаши керак (Президентнинг 4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон Қарорига 10-1-илова билан тасдиқланган).
Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (МВ, ИВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) 1-бандига кўра 2011 йилнинг 1 июлидан бошлаб ЯСТ тўловчилари ЯСТни Солиқ кодексида белгиланган тартибда, тасдиқланган ставкалар бўйича, лекин энг кам миқдордан кам бўлмаган миқдорда тўлайдилар. Сизнинг ҳолатингизда уни ҳисоб-китоб қилиш учун эгаллаб турган ер майдонидан келиб чиқиб, Низомнинг 1-иловасида кўрсатилган пасайтирувчи коэффициентларни ҳисобга олган ҳолда ҳисоблаб чиқарилган ер солиғининг 3 баравари олинади.
Анжелика НАМ, «Norma Profi» эксперти.