Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 41 / Устуворликлар

Қимматликларга айланган «ноллар»

Давлат тасарруфидан чиқариш жараёни республиканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатди. Ўтган асрнинг 90-йилларида савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг оммавий хусусийлаштирилиши мамлакатимизда ишлаб чиқариш воситалари хусусий мулкдорларининг биринчи «қатлами» шаклланиши ҳамда эркин нарх белгиланиши ва ташқи савдо монополиядан чиқарилиши билан биргаликда истеъмол бозори тезкорлик билан тўлдирилиши имконини берди.

 

Албатта, вақт ўтиши билан устуворликлар ҳам ўзгарди. Миллий маҳсулот ишлаб чиқаришда нодавлат секторнинг салмоғини ошириш бўйича ўз вақтида қўйилган стратегик вазифа муваффақият билан ҳал этилди деб айтиш мумкин. Мамлакат ЯИМда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улуши кўпайишининг динамикаси ушбу жараённи энг мақбул даражада акс эттиради. Умумий жамғармада нодавлат товар ишлаб чиқарувчиларнинг ҳиссаси ўсишда давом этиши учун барча шарт-шароитлар мавжуд.

Бундай шарт-шароитда хусусий ишлаб чиқарувчининг салмоғи нафақат унинг ўз қўйилмалари ҳисобига, балки хўжалик фаолиятида давлат иштирокининг қисқариши ҳисобига ҳам ошиб боради. Давлат нималардан воз кечади? Бу борада мамлакат Президенти Ислом Каримов ҳукумат мажлисида ғоятда аниқ йўл-йўриқ берди: «Биринчи навбатда, аввало, зарар кўриб ишлаётган, паст рентабелли ва иқтисодий ночор, маҳсулотларига талаб йўқлиги сабабли тўла қувват билан фаолият кўрсатмаётган давлат корхоналарини профессионал хорижий инвесторларга уларни қайта тиклаш ва ушбу корхоналар негизида янги, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш мажбурияти билан «ноль» қийматида сотиш зарур».

 

Иқтисодиётимизда давлатнинг иштироки қай даражада эканини танқидий баҳолаш, уни стратегик ҳамда иқтисодий асосланган даражага қадар қисқартириш зарурлигини алоҳида таъкидлашни ўринли деб биламан.

Иқтисодиёт тармоқларида давлат улушининг мавжудлиги ва самарадорлигини, бошқача айтганда, «иқтисодиётда давлат иштироки»ни ҳар томонлама танқидий таҳлил қилиш ва шу асосда иқтисодиёт тармоқларида хусусий сектор иштирокини сезиларли даражада ошириш бўйича вазифаларимизни белгилаб олиш вақти келди.

Президент Ислом Каримовнинг
Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 16 январдаги
мажлисида қилган маърузасидан.

 

Давлат мулкидан воз кечиш деганда фақат битта таомил – хусусийлаштириш назарда тутилади. Тўғри, давлат тасарруфидан чиқариш жараёни осон кечмайди. Бунда мулкдор алмашиши жараёнининг бюрократлаштирилгани тўғрисида сўз бормаяпти. Бу жиҳатдан бизда хусусийлаштиришга оид талаблар меъёрдан ошмайди. Бунда асосийси – активни ўзгартиришга инвестициялар киритишга ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришдан тортиб уни сотишга қадар рентабелли ишлаб чиқариш жараёнини йўлга қўйишга тайёр бўлган актив эгасини топиш.

 

Мамлакатимиз тажрибаси хусусийлаштиришнинг 4 вариантига эга.

Мамлакат иқтисодиётида давлат ­стратегик жиҳатдан манфаатдор бўлган йирик халқ хўжалиги объектлари бор. Бироқ, ҳар қандай ишлаб чиқариш «субстанцияси» сингари, улар модернизациялаш, янги технологиялар ва замонавий ускуналарга доимо муҳтож бўлади. Рақобат муҳитида омон қолиш қоидаси ана шундай. Биринчи ечим – давлат ўз мулкидаги стратегик активни сақлаб қолади ва унинг рақобат муҳитидаги фаолиятини қўллаб туриш учун барча харажатларни кўтаради. Бунга Навоий кон-металлургия комбинати мисол бўла олади.

Иккинчи ечим янада мослашувчанроқ стратегияни тақозо этади. Актив акциядорлик мулкига айлантирилади. Акцияларнинг назорат пакети давлатда сақланади. Бироқ блок-пакетни хусусий инвестор (инвесторлар гуруҳи) сотиб олади. Мулкнинг шерик эгасига айланиб, инвестор ишлаб чиқариш активининг барқарор фаолият юритиши ва уни ривожлантиришни таъминлаш бўйича муайян мажбуриятларни ўз зиммасига олади. Бундай инвесторни топиш осон эмас. 100% акциялари ҳозирга қадар давлат мулкида сақланаётган «Навоийазот» АЖ тажрибаси ана шундан далолат беради.

 

Дунёда «3-сон чизма» энг кўп танилган ва тарқалган. Давлат активлари кимошди савдосига қўйилади. Бунда жуда муҳим бир жиҳатни ёдда тутиш лозим. Ҳатто ушбу ҳолда ҳам давлат тасарруфидан чиқариш чоғида хусусийлаштириш, давлат бюджети даромадларининг қўшимча манбаини топиш мақсади кўзланмайди. Бунда ҳам омилкор мулкдорни топиш устувор туради. Шу сабабли ўзининг мол-мулкини сотиш чоғида давлат бўлғуси янги мулкдорлар олдига харидор бажариши керак бўлган муайян мажбуриятлар қўяди. Акс ҳолда битим бекор қилинади ёки ҳақиқий эмас деб топилади.

Бироқ ўтган йиллар тажрибаси бундай вазиятда ҳам қўйилган мақсадга эришишга муваффақ бўла олмаслик мумкинлигини кўрсатади. «34-Автотранспорт корхонаси» АЖ ўз вақтида минтақадаги энг яхши корхона деб ҳисобланар эди. Уни акциялаштириш тажрибаси мулк шаклини ўзгартиришни режалаштирган бошқа давлат корхоналарига тавсия қилинган. Бироқ 2000-йилларда у банкрот бўлди, ҳозир эса у ҳақида хотирлайдиганлар оз бўлса керак. Бир вақтлар машҳур бўлган, ўзининг активлари ва қурилиш-монтаж ишлари ҳажмлари бўйича қурилиш индустриясининг ўша вақтдаги бошқа гиганти – Главташкентстройдан қолишмайдиган Навоий қурилиш бошқармаси ҳақида ҳам худди шу гапни айтиш мумкин. Энди эса унинг қуруқ номигина қолган.

 

Икки Германиянинг бирлашуви вақтида 90-йиллар охирида оммавий тус олган давлат тасарруфидан чиқаришнинг немис варианти омадсиз хусусийлаштиришдан ўзига хос малҳам бўлган. Ғарбий Германия инвесторлари мамлакат шарқидаги завод ва фабрикаларни рамзий ҳақ – ўша пайтдаги 1–5 дойч марка эвазига сотиб олишган. «Бизга фақат қуруқ деворли бино керак, дастгоҳлар, ускуналар, мебелларнинг ҳаммаси – темир-терсак ёки утилга кетади», – мулкни арзимаган нархда харид қилаётган инвесторлар ўз позицияларини ана шундай баён этганлар.

Немис тажрибаси Ўзбекистонда кенг тарқалди, унга фақат битта тузатиш киритилди: давлатимиз мулкни нолинчи қиймати бўйича инвестиция мажбуриятларига айирбошлаган ҳолда берди. Давлат активларини арзимаган нархда сотишга новаторларча ёндашувнинг моҳияти айни шунда. Зеро ушбу мулкни сотиб олувчи амалда эскирган ва бозор шароитида фаолият юритишга ноқобил хўжалик негизида янги замонавий ишлаб чиқариш қувватларини барпо этишга рози бўлади. Бундай давлат мулкини давлатимиз раҳбари аниқ таърифлаб берган: булар иқтисодиётнинг реал тармоқларидаги техник ва технологик янгилаш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турларини кенгайтириш ва уларнинг рақобатдошлигини ошириш талаб этиладиган корхоналардаги давлат активларидир.

НКМК моддий-техника таъминоти марказининг тўртинчи участкаси айни шундай тарзда хусусийлаштирилган. Харидор – «Навбаҳортекстиль» хусусий компанияси унга 10,2 млрд сўмни инвестициялаган. Натижада 230 янги иш ўрни очилди, жорий йилнинг биринчи ярмида хорижий харидорларга $6,2 млн суммасидаги маҳсулот реализация қилинди.

Давлат мулкини нолинчи қиймати бўйича инвестиция мажбуриятларига айирбошлаб сотиш тизими доимо такомиллаштирилмоқда ва айни шу асосий мақсадни – омилкор мулкдор ва хўжалик соҳибини топишни кўзлайди. Буни давлат раҳбарининг иккита қарори номларидаги жиҳатларда ҳам кўриш мумкин – «Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» (3.07.2014 йилдаги ПҚ-2200-сон) ҳамда «Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» (28.04.2015 йилдаги ПҚ-2340-сон).

Давлат раҳбарининг сўнгги қарорига мувофиқ жорий йилда турли бизнес тузилмалари минтақада 18 та давлат мулки объектини нолинчи қиймати бўйича харид қилиб, уларга қарийб 22 млрд сўм, $720 мингдан кўп инвестиция қўйиш ва 700 та янги иш ўрнини очиш мажбуриятини олдилар. 2015 йилнинг йирик ва аҳамиятли лойиҳалари орасида «Туркистон» тижорат-ишлаб чиқариш фирмаси харид қилган вилоят марказидаги «Навоий» меҳмонхонаси бор. 3 йил мобайнида корхона унга 5 млрд сўмни инвестициялаб, уни замонавий меҳмонхона комплексига айлантириши ва 26 та иш ўрни очиши керак. «Седат Трико Тошкент» МЧЖ 3 йил мобайнида «Қизилқум Мануфактура» ҚКга 4,5 млрд сўм инвестициялаши ва унинг базасида Зарафшонда акрил ип ишлаб чиқариш корхонасини очиши ва 150 та янги иш ўрнини ташкил этиши керак. Россиялик тадбиркор Максим Братухин Кармана туманидаги қоракўл маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхонасига 2 йил ичида $720 мингдан кўп маблағ қўйиш мажбуриятини олди.

 

Биздаги нолинчи қиймат нима учун қимматли активларга айланаётганлигини яна бир муҳим жиҳат акс эттираяпти. Хусусийлаштириш модели ўз ролини ўйнаяпти. Биринчидан, нолинчи қийматда реализация қилинаётган объектлар фақат танлов савдоларида сотиляпти. Иккинчидан, «инглизча» аукцион тизими қўлланмоқда. Яъни харидорлар объектни харид қилишга буюртманомаларини ёпиқ конвертларда топширишмоқда. Уларда режалаштирилаётган капитал қўйилмалар суммаси кўрсатилган ва инвестиция дастури қайд этилган. Шу тариқа, танлов массаси ва рақобат муҳити яратилмоқда, харидорлар ўртасида ўз инвестиция мажбуриятларини камайтириш ёки кимошди савдоларини барбод қилиш мақсадида эҳтимолий тил бириктиришнинг олди олинмоқда, сотувчи энг жозибали таклифни танлаш ҳуқуқини қўлга киритмоқда. Учинчидан, ҳар чоракда инвестиция мажбуриятлари бажарилиши мониторинг қилиняпти.

Давлат рақобат қўмитаси Навоий бўлинмасининг хусусийлаштириш, инвестиция мажбуриятлари бажарилишини мониторинг қилиш бўлими бошлиғи Акбар Асроровнинг айтишича, бундай ёндашув ўзини оқлайди, ҳозиргача нолинчи ставкада янги мулкдорга ўтган давлат мулки активнинг биринчи соҳибига қайтган бирорта ҳол юз бермаган.

 

Амир МАҲМУДОВ,
махсус мухбиримиз.

Навоий шаҳри.

Прочитано: 2066 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика