Корхонамиз ЯСТ тўловчисидир. Йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) юз берганда ташкилотимиз автомобили шикастланади. Уни таъмирлашга айбдор тараф суднинг ҳал қилув қарорига кўра бизга 5 млн сўм тўлаши керак. 2 млн сўмни суғурта шартномаси бўйича суғурта компаниясидан, 3 млн сўмни эса ЙТҲ айбдоридан олдик.
Суғурта компанияси ва ЙТҲ айбдоридан олинган товон суммаларини ҳисоблаб ёзиш ва уларнинг келиб тушиши қандай проводкалар билан акс эттирилади?
Бухгалтер.
– Суғурта ташкилоти ва ЙТҲ айбдори билан ҳисоб-китобларда бухгалтерия проводкалари бир хил бўлади. Суғурта ташкилоти ва ЙТҲ айбдорининг қарзини акс эттириш учун 4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари» ҳисобварағидан фойдаланилади. Бухгалтерия проводкалари қуйидагича бўлади:
● суғурта ҳодисаси юз берганда товон суммаси бўйича суғурта компаниясининг қарзи ва ЙТҲ айбдорининг қарзи суднинг ҳал қилув қарорига асосан акс эттирилган:
Дебет 4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари»
Кредит 9390-«Бошқа операцион даромадлар»;
● суғурта компаниясидан суғурта товони суммалари ва ЙТҲ айбдоридан зарарни қоплаш суммаларининг келиб тушиши акс эттирилган:
Дебет 5110-«Ҳисоб-китоб счёти»; 5010-«Миллий валютадаги пул маблағлари» (агар айбдор жисмоний шахс нақд пул билан тўласа)
Кредит 4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари».
Шуни ҳисобга олиш лозимки, ЯСТ ҳисоб-китоби чоғида суғурта ташкилотидан суғурта товони тариқасида олинган маблағларга (2 млн сўм) солиқ солиш объекти сифатида қаралмайди (Солиқ кодексининг 355-моддаси тўртинчи қисмининг 10-банди). Айбдордан зарарнинг ўрнини қоплаш учун олинган сумма (3 млн сўм) эса корхонанинг бошқа даромадлари таркибида солиқ солинадиган базага киритилади (Солиқ кодексининг 132-моддаси 16-банди) ва унга асосий фаолият тури ставкасида ЯСТ солинади (Солиқ кодекси 355-моддаси иккинчи қисмининг 2-банди).