2014 йил якунлари бўйича электрон шаклда ҳисоботни эътирозларсиз топширган ва 2015 йил январида амалга оширилган даромад солиғи ва фуқароларнинг суғурта бадалларининг бўнак тўловлари тўғрисида ДСИнинг электрон солиштирма далолатномасига эга бўлган корхона февралда хизмат кўрсатувчи банкка ходимларга иш ҳақи тўлашга маблағлар олиш илтимоси билан мурожаат қилди. Банк реестрда кўрсатилган суммани пластик карталарга ўтказди, бироқ нақд сўм олиш илтимосини рад этиб, буни тақдим этилган солиштирма далолатнома нусхаси электрон шаклда олинганлиги сабабли ДСИнинг думалоқ муҳри билан тасдиқланмаганлиги билан изоҳлади.
Ҳатто ўз туманининг банкида юридик кучга эга бўлмаса, солиқ ҳужжатларини электрон шаклда олишдан қандай маъно бор? Ёки унинг ҳаракатлари ноқонунийми, чунки у фақат нақд пул бериш учун ДСИ билан муҳрсиз солиштирма далолатноманинг электрон нусхасини қабул қилмаган?
МЧЖ бош бухгалтери.
– Яқин вақтгача тижорат банклари хўжалик юритувчи субъектларга нақд пул беришда Ўзбекистон Республикаси банкларида бухгалтерия ҳисобини юритиш ва бухгалтерия ишларини ташкил қилиш тартиби тўғрисида йўриқнома1 (бундан кейин – 1834-сон Йўриқнома) 57-банди иккинчи хатбошисининг ўша вақтда амал қилган таҳририга амал қилганлар. Унга кўра нақд пул чекларини қабул қилишда масъул ижрочи бухгалтер нақд пул чеки билан иш ҳақидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий бадалларни, касаба уюшмаларига ихтиёрий бадалларни, жисмоний шахсларнинг даромад солиғи ҳамда жамғариб бориладиган шахсий пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадалларини ўтказиш бўйича хўжалик юритувчи субъект раҳбари ҳамда бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи шахс томонидан имзоланган ва думалоқ муҳр билан тасдиқланган реестр илова қилинган тўлов топшириқномалари тақдим этилмаган ҳолларда нақд пул чеклари банклар томонидан ижрога қабул қилинмайди.
Ушбу хатбоши 1834-сон Йўриқномадан МБ бошқарувининг АВ томонидан 9.02.2015 йилда 1834-4-сон билан рўйхатдан ўтказилган ва у расмий тарзда чоп этилган кун – 16.02.2015 йилдан кучга кирган қарори билан чиқариб ташланган. Бинобарин, 2015 йил 16 февралгача хизмат кўрсатувчи банк сизга ходимлар иш ҳақига нақд пул бериш учун туман ДСИ билан солиқ мажбурияти ижросининг солиштирма далолатномаси нусхасини эмас, балки фақат юқорида тилга олинган реестр илова қилинган тўлов топшириқномаларини талаб қилишга ҳақли эди. Кўрсатилган санадан кейин у буни ҳам талаб қилиши мумкин эмас.
1834-сон Йўриқномада назарда тутилганидек, пул-ҳисоб-китоб ҳужжатлари (пул чеки ҳам ушбу тушунчага киради), шунингдек ҳисобварақ шартномасида назарда тутилган бошқа ҳужжатлар банк томонидан фақат мижознинг банкка тақдим қилган муҳр ва имзо қўйилган варақчада кўрсатилган шахслар ёки мижознинг вакил қилинган шахсидан ишончнома асосида қабул қилинади (27-модда). Дарвоқе, мижоз вакилида нақд пул олишга ишончноманинг бўлиши зарурлиги 1834-сон Йўриқнома 34-бандининг учинчи хатбошиси ва 57-1-бандининг биринчи хатбошиси маъносидан ҳам кўринади.
Шунингдек Ўзбекистон Республикасида банклар томонидан пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тўғрисидаги йўриқноманинг2 айрим қоидаларига амал қилиш лозим. Чунончи, унинг 35-бандига кўра, юридик шахслар банкка жамоа шартномасида ёки бошқа локал меъёрий ҳужжатларда назарда тутилган, меҳнатга ҳақ тўлашнинг муддатлари тўғрисида маълумотларни тақдим этадилар. Кўрсатилган маълумотлар юридик шахсларга тақдим этиладиган касса буюртманомаларида хабар қилинади. Ушбу Йўриқноманинг 8-банди биринчи хатбошисига кўра, юридик шахсларнинг асосий талаб қилиб олгунча депозит ҳисобварағига хизмат кўрсатаётган банклар хомчўт қилинаётган чоракнинг бошланишидан 30 кун олдин улардан белгиланган шакл бўйича касса буюртманомаларини оладилар.
Ушбу масалани яна бир меъёрий ҳужжат – Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, инкассация ва қимматликларни ташишга доир йўриқнома3 ҳам тартибга солади. Ушбу Йўриқноманинг 89-банди «а» кичик бандига мувофиқ банк кассасидан нақд пул бериш хўжалик юритувчи субъектларга – унинг 45-иловасида белгиланган шаклдаги пул чеклари бўйича амалга оширилади.
Шу тариқа, юридик шахс нақд пул олиш учун унинг талаб қилиб олингунча асосий ҳисобварағига хизмат қилувчи банкка қуйидагиларни тақдим этади:
ишончнома (одатда банклар мижозлардан бир молия йили муддатига ишончнома тақдим этишни талаб қиладилар, бироқ юридик шахснинг раҳбари, Фуқаролик кодекси 139-моддасининг биринчи қисмига амал қилиб, ўз вакилига бундай ҳужжатни узоқроқ муддатга ҳам, бироқ кўпи билан 3 йилга беришга ҳақли);
касса буюртманомаси (у, юқорида қайд этилганидек, хомчўт қилинаётган чорак бошланишига 30 кун қолганда тақдим этилади);
пул чеки – нақд пул олинганда.
Қонун ҳужжатларининг таҳлили хизмат кўрсатувчи банк иш ҳақига маблағ бераётганда ўз мижозидан нафақат у солиқ мажбуриятини ижро этаётганда лозим даражада тасдиқланган солиштирма далолатнома нусхасини, бироқ жорий йилнинг 16 февралидан бошлаб эса иш ҳақидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий бадаллар, касаба уюшмаларига ихтиёрий бадаллар, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ШЖБПҲга мажбурий бадалларни ўтказиш бўйича реестрни илова қилган ҳолда тўлов топшириқномаларини ҳам талаб қилишга ҳақли эмаслигини кўрсатмоқда.
Банк ушбу ҳужжатларни тақдим этишни ноқонуний талаб қилган тақдирда сиз унинг ҳаракатлари устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақлисиз. Чунончи, Жарима санкцияларини қўллаш тартиби тўғрисида низомнинг4 5-бандига кўра банк томонидан иш ҳақи ва қонунларда назарда тутилган бошқа эҳтиёжлар учун ўз вақтида нақд пул бермаганлик учун мижозларга, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларига улар ҳисобварақларида маблағ бўлганида банк ўз устав сармояси белгиланган энг кам миқдорининг 0,005%и миқдорида жарима тўлайди.
1МБ бошқарувининг АВ томонидан 11.07.2008 йилда 1834-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
2МБ бошқарувининг АВ томонидан 26.10.2005 йилда 1518-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
3МБ бошқарувининг АВ томонидан 27.06.2008 йилда 1831-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
4Мижозларга ҳисобварақлар очиш, уларнинг ҳисобварақларига пул маблағларини ҳисобга киритиш ва ҳисобдан чиқариш, иш ҳақи ва қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган бошқа эҳтиёжлар учун нақд пул маблағларини беришнинг ўрнатилган тартибларини бузганликлари учун тижорат банкларига жарима санкцияларини қўллаш тартиби тўғрисида низом (МБнинг АВ томонидан 30.06.2001 йилда 1044-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган).
Камол МУЗАФФАРОВ,
«Norma profi» эксперти.