Корхона шарбатлар ва мевадан ичимликлар тайёрлайди (ХХТУТ бўйича коди – 18142) ва ягона солиқ тўлови тўловчиси ҳисобланади. Биз сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлашимиз керакми?
ХК директори.
– 2015 йил 1 январдан бошлаб алкоголсиз ичимликларни ишлаб чиқарувчи барча корхоналар солиқ солиш тизимидан (солиқ солишнинг умумбелгиланган ёки соддалаштирилган тартиби) қатъи назар сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлайдилар (Солиқ кодексининг 349-моддаси; Президентнинг 4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон Қарорига 14-илова).
МВ ва ДСҚнинг 17.02.2015 йилдаги ММ/04-03-32-04/166/159 ва 13/1-3023-сон қўшма хатига биноан алкоголсиз ичимликларни ишлаб чиқарувчиларни аниқлаш учун Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий фаолият турлари умумдавлат таснифлагичига (2-таҳр.)* амал қилиш лозим, унга мувофиқ «Спиртсиз ичимликлар ишлаб чиқариш; бутилкада минерал сувлар ва бошқа сувлар ишлаб чиқариш» (11.07-тоифа) фаолият турига қуйидагилар киради:
шиша идишларда табиий минерал (маъданли) сувлар ва бошқа сувларни ишлаб чиқариш;
алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқариш.
Умумдавлат таснифлагичига кўра алкоголсиз ичимликларга мева асосидаги ичимликлар киради, мева ва сабзавот шарбатлари эса кирмайди.
Бинобарин, корхонангиз алкоголсиз ичимликлар – мева асосидаги ичимликлар ишлаб чиқарувчиси сифатида, реализациянинг умумий ҳажмида улар реализациясидан олинган тушум устун туриши-турмаслигидан қатъи назар, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчиси ҳисобланади. Бунда, мева асосидаги ичимликлар ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган сувга (истеъмол идишида тайёр маҳсулотга тўғри келадиган ҳажмда) 1 куб метр учун 10 000 сўм ставкасида солиқ солинади. Шарбатлар ишлаб чиқариш ва бошқа эҳтиёжлар учун фойдаланиладиган сувга эса – Президентнинг ПҚ-2270-сон Қарорига 14-илова билан белгиланган бошқа мақсадлар учун фойдаланиладиган сувга белгиланган ставкаларда солиқ солинади.
*«Ўзстандарт» агентлиги томонидан 28.01.2011 йилда 05-268-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
Комила КАРИМОВА,
экспертимиз.