Саноатда қора ва рангли металлга эҳтиёж ҳамиша баланд бўлиб келган. Шу сабабли бу хом ашёнинг парчалари ва чиқиндиси ҳам ўз қийматини йўқотмайди. Божхона органлари ўз ваколати доирасида бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда, ишлаб чиқариш-техника буюмлари парчалари ва рангли металлар чиқиндиларининг республикамиз ҳудудидан ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олиш, мамлакатимиз иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек қимматли хом ашё ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида қатор чора-тадбирларни олиб бормоқда.
Лекин шунга қарамай, таркибида рангли металлар бўлган механизм ва агрегатларни талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик фактлари, рангли металл парчалари ва чиқиндиларини яширинча тайёрлаш, уларни мамлакат ташқарисига ноқонуний олиб чиқиб кетиш ҳоллари учраб турибди.
Жумладан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари республикамиздан олиб чиқиш учун «ғамлаб» қўйилган рангли металл парчалари «омбор»ларини фош қилишди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликдаги текширувлар чоғида пойтахтимизнинг Учтепа туманида истиқомат қилувчи фуқаролар Х.С. ҳамда С.С.га тегишли гаражлар белгиланган тартибда кўрикдан ўтказилганда, рангли металларни сақлашга ва қабул қилиб олиш учун белгиланган тартибда давлат корхоналари рўйхатидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган умумий оғирлиги салкам 4 тонна ҳар хил турдаги – мис, никель, қўрғошин ҳамда алюминий металлари ва уларнинг чиқиндилари борлиги аниқланди.
Мазкур ҳолатлар бўйича айбдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиши таъминланиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Шунингдек, ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Сергели туманида истиқомат қилувчи З.М. ҳамда яккасаройлик Н.С.нинг хонадонлари амалдаги тартибларга мувофиқ холислар иштирокида кўздан кечирилганда, бу ерда кейинчалик қайта сотиш мақсадида оғирлиги 10 тоннадан ортиқ қўрғошин парчалари ноқонуний равишда сақланаётганлиги фош қилинди.
Мазкур ҳолатлар бўйича айбдор шахсларга нисбатан тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари кўриб чиқиш учун тегишли суд идорасига юборилган.
Эслатма! Фуқаролар божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан 120-76-76 «ишонч телефони»га қўнғироқ қилишлари мумкин.