Сирдарё туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида мазкур туманда истиқомат қилувчи Х.Р.нинг хонадони амалдаги тартибларга мувофиқ холислар иштирокида кўздан кечирилганда, божхоначилар ҳовлидаги «Ласетти» автомашинасидан сиғими 60 литрлик 5 дона елим идишларда жами 300 литр спирт маҳсулотларини тушираётганлиги гувоҳига айланишди. Суриштирувлар чоғида автомашина фуқаро Ж.С.га, ундаги спирт эса А.Ғ.га тегишли эканлиги маълум бўлди.
Мазкур божхона қоидабузарлигини илдизи билан бартараф этиш мақсадида тузилган тезкор гуруҳ «калаванинг учи»ни қидириш жараёнида Тошкент вилояти Чиноз туманида истиқомат қилувчи М.М.нинг хонадонигача етиб борди. Хонадон холислар иштирокида кўздан кечирилиши натижасида, бу ерда ҳам сиғими 60 литрлик 18 дона елим идишларда жами 1 080 литр спирт маҳсулотлари ноқонуний сақланаётганлиги фош бўлди.
Айни пайтда ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида 1 380 литр спирт маҳсулотлари ва «Ласетти» автомашинаси вақтинчалик сақловга олинди. Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.