Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда республикамиз ҳудудига контрафакт маҳсулотларнинг ноқонуний равишда олиб кирилиши, ички ҳудудларда ташилиши, сақланиши, сотилиши ҳамда ишлаб чиқарилишининг олдини олиш, яширин цехлар фаолиятини фош этишга қаратилган бир қатор тадбирларни ўтказиб келмоқда. Хусусан, 2015 йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 14 қонунбузарлик ҳолатида салкам 117 млн сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил тариқасида олиб қўйилган.
Ҳамкорликдаги тадбирлар давомида Хўжайли туманилик Р.Р. хонимнинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, бу ерда кейинчалик юртимиздан олиб чиқиш учун кўзланган 210 кг рангли металл чиқиндилари ноқонуний равишда сақланаётганлиги аниқланди. Айни шу ҳудудда истиқомат қилувчи А.С.нинг хонадонида ҳам тегишли ҳужжатларсиз 1 150 кг рангли металл чиқиндилари борлиги аниқланди.
Нукус шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида сохта тадбиркорлар Д.Б., А.Ф. ва Б.М.ларнинг қинғир қилмишларига чек қўйилди: қўлбола усулда спиртли ичимликлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган яширин «цех» фаолиятини йўлга қўйган бу шоввозлардан 36 шиша контрафакт ароқ, 448 дона қопқоқ, ароқ тайёрлаш учун мўлжалланган спирт, бўш шишалар ва бошқа буюмлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Тадбир давомида яна бир ароқфуруш О.Ж.дан қўлбола тарзда тайёрланиб, сотувга чиқарилган 192 шиша қўлбола ароқлар мусодара қилинди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом этмоқда.