Акциядорлик жамиятимиз қурилиш-монтаж ташкилоти ҳисобланади ва юридик мақомга эга бўлган унитар корхоналар шаклидаги 5 таркибий бўлинмани ўз ичига олади. Буюртмачи, бош пудратчи билан ишларни бажаришга пудрат шартномаларини АЖ бошқаруви тузади. Уларни унитар корхоналар топшириқ шартномаси асосида бажарадилар. АЖ унитар корхоналар мол-мулкининг мулкдори ва ягона муассисидир. Топшириқ шартномаси бўйича уларни материаллар, асбоб-ускуналар билан таъминлаш унинг мажбуриятларига киради. Объектларда ишларни бажариш учун унитар корхоналар материалларни ўзларининг ёрдамчи пудрат ташкилотларига ҳисобварақ-фактура бўйича берадилар. Унда пудрат шартномаси ва объект номи кўрсатилади. Материаллар пудратчига, ёрдамчи пудратчига берилаётганда, объектларни қуриш қимматлашишига йўл қўймаслик мақсадида уларга устамалар белгиланмайди, чунки қурилиш асосан марказлаштирилган ва инвестиция фондларидан ҳукумат қарорларига биноан молиялаштирилади.
Қурилиш ишларини бажариш учун пудрат ташкилотларига қурилиш материалларининг ҳисобварақ-фактуралар бўйича берилиши улгуржи савдо деб ҳисобланадими? Бу ҳолда улгуржи савдога лицензияни расмийлаштириш зарурми?
Материалларнинг пудратчи томонидан ёрдамчи пудратчига берилиши бўйича оборотга 3,5% (мажбурий ажратмалар суммаси – 1,6, 1,4 ва 0,5%) ҳисобланадими?
Бош пудратчи хизматларига бюджетдан ташқари фондларга 3,5%лик мажбурий ажратмалар ҳисобланадими?
САВДО ЙЎҚ...
– Солиқ кодексининг 22-моддасида берилган таърифга кўра, қайта сотиш мақсадида олинган товарларни сотишга доир фаолият савдо фаолияти ҳисобланади.
Сиз, қурилиш (савдо эмас) соҳасида фаолиятни амалга ошира бориб, материалларни қайта сотиш учун эмас, балки аниқ объектларга лойиҳа-смета ҳужжатлари билан белгиланган миқдорларда сотиб оласиз. Уларни бўлинмаларга бажариладиган ишлар ҳажмидан келиб чиқиб ҳисобланган буюртманомаларга кўра харид қиймати бўйича (устамасиз) берасиз. Улар учун ҳисоб-китоблар нақд пулсиз ҳақ тўлаш (улгуржи савдода бўлганидек) йўли билан эмас, балки тузилган шартнома-топшириқлар шартларида ўзаро ҳисобга киритишлар йўли билан амалга оширилади. Хусусан, бош пудратчи (АЖ)нинг ўз бўлинмалари – унитар корхоналар (УК)ни материаллар ва асбоб-ускуналар билан таъминлаш мажбуриятини назарда тутадиган шартларда. Зеро УКлар уларга бириктирилган мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқига эга эмаслар – ушбу мол-мулк уларга хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқи асосида тегишлидир (Фуқаролик кодексининг 70-моддаси). Бинобарин, материалларни бундай мақсадли беришни савдо фаолиятига киритиш мумкин эмас ва, тегишинча, улгуржи савдога лицензияни расмийлаштириб бўлмайди.
Сизнинг объектларингиз марказлаштирилган манбалардан молиялаштирилаётганлиги, яъни ЎзР Ҳукумати тасдиқлайдиган манзилли рўйхатларга кириши боис сиз Марказлаштирилган манбалар ҳисобига қурилишни ташкил этиш, молиялаштириш ва кредитлаш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 12.09.2003 йилдаги 395-сон Қарорига 2-илова) амал қилишингиз мумкин. Унинг 9-бандида назарда тутилишича, моддий-техника ресурсларини ўзаро берган ҳолда ёки улар берилмаган ҳолда ёрдамчи пудрат ташкилотлари томонидан ишларнинг бажарилиши бир объект қурилиши доирасида воситачининг иши ҳамда моддий-техника ресурсларини ташқарига реализация қилиш деб ҳисобланмайди.
... МАЖБУРИЙ АЖРАТМАЛАР ҲАМ ЙЎҚ
Қурилиш, қурилиш-монтаж, таъмирлаш-қурилиш ташкилотлари учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига, Республика йўл жамғармасига ва бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар ҳисоб-китоби учун солиқ солинадиган база бўлиб ўз кучлари билан бажарилган, тегишинча қурилиш, қурилиш-монтаж, таъмирлаш-қурилиш ишларининг қўшилган қиймат солиғи чегириб ташланган ҳолдаги қиймати ҳисобланади (Солиқ кодексининг 313, 317, 3252-моддалари). Бош пудратчи томонидан ёрдамчи пудратчига берилган материаллар қиймати юқорида кўрсатилган ажратмалар ҳисоб-китоби учун солиқ солинадиган база ҳисобланмайди.
БЮДЖЕТДАН ТАШҚАРИ МАБЛАҒЛАРСИЗ
Қурилиш пудрати шартномасида бош пудратчи томонидан ёрдамчи пудратчига қурилишни амалга ошириш учун зарур бўлган хизматлар кўрсатилиши назарда тутилиши мумкин. Буларга техник ҳужжатлар билан таъминлаш, ёрдамчи пудратчи бажарадиган ишларни мувофиқлаштириш, моддий-техника таъминоти масалаларини ҳал этиш; техник назорат; қурилиш майдончасида бажарилган ишлар ва мол-мулкни ёнғиндан сақлаш ва қоровуллик хизмати; ёрдамчи пудратчини нотитул ва титул бинолар ҳамда иншоотлар билан таъминлаш; хавфсизлик техникаси ва меҳнат муҳофазаси бўйича тадбирларни амалга ошириш; қурилиш майдончасини ободонлаштириш ва сақлаш, супуриб-сидириш ва ахлатни олиб чиқиб кетиш ва бошқалар киради.
Ушбу хизматлар бўйича харажатларни бош пудратчи бутун қурилиш мобайнида маромсиз бажаради. Шу сабабли одатда бош пудратчи хизматларининг миқдори ёрдамчи пудратчи бажарган қурилиш-монтаж ишлари қийматига фоизларда белгиланади, ёрдамчи пудратчи уларни алоҳида ҳисобварақ-фактуралар бўйича қоплайди. Бош пудратчи кўрсатилган хизматлар қийматини ўзаро ҳисоб-китоб қилиш чоғида ёрдамчи пудратчи ҳисобот даврида бажарган ишлар қийматидан ушлайди.
Шу тариқа, бош пудрат хизматлари бош пудратчи қилган харажатларни қоплаш шаклига эга ва у томонидан солиқ солиш мақсадида бошқа даромад сифатида қаралади (Солиқ кодексининг 132-моддаси 9-банди). Бошқа даромадлар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига, Республика йўл жамғармасига ва бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар ҳисоб-китоби чоғида солиқ солиш объекти сифатида қаралмайди (Солиқ кодексининг 313, 317, 3252-моддалари).
Ирина АХМЕТОВА,
экспертимиз.