Маълумки, тарихи кишилик жамиятининг шаклланиши ва қарор топишига бориб тақаладиган солиқлар ҳар бир давлатнинг давлат сифатидаги барқарор асосий иқтисодий пойдевори бўлиб хизмат қилиб келади.
Барча мамлакатларда бўлгани каби бизнинг юртимизда ҳам солиқлар давлатимизнинг мудофаа қудратини, ички ва ташқи хавфсизлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тизимларини талаб даражасида тутиб туришнинг, фуқароларимиз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим, соғлиқни сақлаш, кекса ёшдагиларни, аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож бошқа қатламларини қўллаб-қувватлаш каби кўплаб ижтимоий масалаларни ҳал этишнинг асосий манбаи, хусусий сектор амалга оширишга қодир бўлмаган, мамлакат иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётининг келажагини белгилайдиган йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг асосий омилидир. Бинобарин, солиқларнинг жамият ҳаётидаги ўрни улкан ва беқиёс.
Газетхонимизда иқтисод илмини эндигина ўргана бошлаганларга айтиладиган бундай таърифлар ва сифатлашларни такрорлашга ҳожат бормикин деган савол туғилган бўлса ҳам ажабмас...
Аммо гап шундаки, баъзи амалиётчи ва назариётчи иқтисодчиларимиз солиқлар турларига доир атамаларни қўллашда тилимизда асосан салбий маънони билдирадиган «эгри» сўзини ишлатиб келишмоқда.
Бу жуда таажжубланарли ҳол... Чунки, халқимиз бировнинг молига кўз олайтириб, уни пинҳона ўзлаштирган кимсаларни, яъни ўғриларни «қўли эгри» дейди. Кимдир қонунларни бузиб ҳаёт кечирса, ўзининг ножўя амаллари билан бошқаларга жабр етказса, «эгри йўлдан борди» дейдилар.
ЭГРИЛИГИ НИМАДА, АХИР?!
Маълумки, иқтисодий назария ва амалиётда солиқлар икки турга бўлинади: (1) тўғри (бевосита) солиқлар ва (2) билвосита солиқлар.
Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи каби солиқлар тўғри (бевосита) солиқлар бўлиб, улар солиқ тўловчининг олган даромадлари миқдорига боғлиқ ҳолда ундирилади.
Тўғри солиқлардан фарқли равишда, қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи, божхона божи каби билвосита солиқлар тўғридан-тўғри солиқ тўловчининг олган даромадларига боғлиқ бўлмаган ҳолда – билвосита ундирилади.
Билвосита солиқлар моҳияти акциз солиғи мисолида айниқса яққол кўринади. Бу солиқ алкоголли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари ва бошқа айрим истеъмол товарларига уларнинг нархига устама сифатида белгиланиб, у ушбу солиқ солинадиган товарларнинг пировард истеъмолчилари томонидан тўланади. Масалан, тамаки маҳсулотларига солинадиган акциз солиғи ушбу маҳсулот ишлаб чиқарувчиси ёки сотувчисининг фаолияти, даромадлари билан бевосита боғлиқ эмас. Уларнинг ишлаб чиқарувчиси акциз солиғини бюджетга ўтказиб берувчи бўлишига қарамай, ушбу солиқ юки ишлаб чиқарувчининг эмас, балки тамаки маҳсулотларининг харидори – истеъмолчиси гарданига (маҳсулот нархининг устамаси сифатида) тушади. Бу ҳол ҳам акциз солиғи солинадиган товар, яъни тамаки маҳсулоти, аҳолининг биринчи даражали эҳтиёжи эмас, балки жамиятимиз айрим аъзоларининг ижтимоий зарарли одатларини қаноатлантирувчи маҳсулот эканлигини англатади ва билвосита солиқларнинг ижобий маънодаги «юклама» вазифасини орттиради.
Умуман олганда, жамият ҳаётида ва давлатчиликда ўта муҳим ижобий омил ҳисобланган билвосита солиқлар тушунчасининг «эгри солиқлар» деб номланишини оддий ҳаётий мантиқ ва тил маданияти мезонларига мувофиқ эмас деб ҳисоблаймиз.
Айни пайтда, афсуски, «эгри солиқлар» атамаси айрим меъёрий ҳужжатларда, олий ўқув юртларининг солиқ фанига оид қўлланмалари ва дарсликларида, давлат идоралари таркибий бўлинмалари номларида қўлланиб келмоқда.
НОМ БОШҚА, ТАЪРИФ БОШҚА
Солиқ соҳасида атамаларни қўллашдаги муаммолардан яна бири – бу кўп сўзли, таъбир жоиз бўлса, шишинган номларни қўллаш тамойилидир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг (кейинги ўринларда – Кодекс) XVI1 бўлими «Бюджетдан ташқари умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар» деб номлаган. Бу – солиқ турларидан бирининг номи. Кодексда «Транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ» деб номланган ХIV бўлим ҳам бор.
Бундай кўп сўзли номларни амалиётда қўллаш табиийки, ноқулай ва уларни қисқартириб қўллаш эҳтиёжи юзага келади. Номларнинг катталиги ва расмий қисқартирилган варианти мавжуд эмаслиги боис уларни ҳар ким ўз билганича қисқартириб қўллайди, бу эса тушунмовчиликлар туғдириши мумкин. Агар солиқнинг номи ҳар гал тўлиқ келтириладиган бўлса, тегишли ҳужжатлар ортиқча ҳажмдор, оғзаки сўзлашув ва таълим муассасаларидаги ўқув жараёнида эса тушунчанинг мазмун-моҳиятини англаш мураккаб бўлиб қолади.
Мисол ўринда таъкидлаш керакки, Кодекснинг 3254-моддасида солиқ номи «Бюджетдан ташқари умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар» тўрт маротаба такрорланиб, модда матнининг 51 фоизини ташкил қилади. Солиқ номи – «Транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ» деган атама Кодекснинг 304-моддасида 5 маротаба такрорланиб, модда матнининг 26 фоизини эгаллаган.
Мантиқан қараганда, биринчи келтирилган солиқ номидаги «умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар» сўзларини битта «таълим» сўзи билан алмаштирса бўлади. Бу солиқнинг номини янада ихчамлаштириш ҳақида ўйлаб кўриш, назаримизда, фойдадан холи бўлмаса керак.
Транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқни эса «Автоёқилғи солиғи» деб номлаш ҳақидаги таклифимиз борасида мутахассислар ўз фикр-мулоҳазаларини айтадилар, деб умид қиламиз.
Муайян тушунчанинг номланиши ҳамиша ҳам унинг тўлиқ мазмунини очиб бериши шарт эмас. Ном – бу тушунчани бошқа тушунчалардан фарқлаш ва тушунчаларни зарурий тарзда тизимлаштириш дастагидир. Тушунчанинг мазмун-моҳияти эса унинг матндаги кўп сўзли таърифида, изоҳларда ва қолаверса, мисолларда, талқин-солиштиришларда очиб берилади.
Шу ўринда «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Қонуннинг (12.10.2011 йилдаги ЎРҚ-303-сон) географик объектларнинг номларига доир талабларни белгиловчи 4-моддаси мазмунидан келиб чиқадиган принципларга асосланиб, иқтисодий атамаларни, хусусан, солиқ соҳасидаги атамаларни қўллашда қўйиладиган талабларни ҳам қонун ҳужжати билан белгилаш мақсадга мувофиқ кўринади.
Шуниси ҳам борки, жонли тилда қўллаш мушкуллик туғдирадиган номлар бошқа соҳаларда ҳам оз эмас. Масалан, умумий ўрта таълим соҳасини бошқарувчи марказий давлат органи оддий ва қулай тарзда «Халқ таълими вазирлиги» деб номланган бўлса ҳам, ушбу вазирликнинг туман бўлинмалари «Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман бўлими» деб юритилади.
Ички ишлар вазирлигининг йўл ҳаракати хавфсизлигини назорат қилувчи бўлинмаси эса «Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати» – ДЙҲХХ деб ном олган.
Бу ҳолатлар амалиётда ҳали-хануз кўпчилик фуқароларимиз томонидан собиқ Иттифоқ тизимидан қолган «салқит» номлардан – «Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман бўлими» ҳақида сўз борса, «РайОНО», «Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати» ҳақида сўз борганда эса «ГАИ» деган тилимизга ёт ва тил маданиятимизга зид атамалардан фойдаланишга олиб келяпти.
Ҳолбуки, Халқ таълими вазирлигининг туман бўлинмаларини ҳам, бизнингча, оддийгина «Туман таълим бўлими», Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматини эса, айтайлик, Давлат автоназорати (қисқартирилган вариантда «ДАН») деб расмий номлаш тилимиз софлигини сақлашга хизмат қилган бўлар эди.
Таҳририятимиз ўқувчиларнинг мақолада кўтарилган мавзу доирасидаги фикр-мулоҳазаларини кутиб қолади.
Фарҳод ҚУРБОНБОЕВ.
«Лизинг объектларини сотиб олиш бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттирилади:
а) лизинг объектлари уни сотиб олиш билан боғлиқ эгри солиқлар ва йиғимларни қўшган ҳолда (агар улар қопланмаса) кирим қилинганда...»
(АВ томонидан 22.06.2004 йилда 1373-сон билан рўйхатдан ўтказилган Бухгалтерия ҳисобида лизинг операцияларини акс эттириш тартиби тўғрисидаги низом 2-параграфининг 2-банди).
«Географик объектга берилаётган ном: географик объектга энг хос бўлган белгиларни акс эттириши;...қоида тариқасида, кўпи билан учта сўздан иборат бўлиши.... керак.»
«Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддаси.
«Бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар солиқ солинадиган базадан ва тасдиқланган ставкадан келиб чиққан ҳолда ҳар ойда ҳисоблаб чиқарилади.
Бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмаларнинг ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига ортиб борувчи якун билан йилнинг ҳар чорагида, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса, йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади.
Бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмаларни тўлаш:
бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўловчи бўлган микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан – ҳисоб-китобни тақдим этиш муддатидан кечиктирмай;
микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган солиқ тўловчилар томонидан – ҳар ойда, кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса, йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиладиган муддатдан кечиктирмай амалга оширилади.»
Солиқ кодексининг 3254-моддаси.