Биз Россиядаги халқ ҳунармандчилиги марказлари билан шартномалар асосида керамика буюмларини экспорт қилмоқчимиз. Уларни божхона орқали олиб чиқишни расмийлаштиришни нимадан бошлаш керак? Бунинг учун қандай ҳужжатлар керак бўлади?
«Ҳунарманд» бирлашмаси аъзолари.
– Хўжалик фаолияти субъектлари ҳар қандай товарни исталган ҳажмларда экспорт қилиш ҳуқуқига эгалар, бундан олиб чиқилиши тақиқланган айрим товар турлари мустасно. Экспорт қилиниши тақиқланган предметлар ва маҳсулотлар рўйхати Президентнинг «Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига (10.10.1997 йилдаги ПФ-1871-сон) 4-илова билан тасдиқланган.
Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тартиби тўғрисида низомга1 5в-иловада кейинги 50 йил давомида яратилган, олиб чиқиш ҳуқуқини берувчи сертификат талаб этилмайдиган халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий безак санъати буюмлари кўрсатилган. Уларга, хусусан, бўйи 20 см гача бўлган керамика буюмлари ва тандирлар киради.
Божхона кодексининг 19-моддаси товарлар божхона ҳудудидан ташқарига уларни ушбу ҳудудга қайтариб олиб кириш мажбуриятисиз олиб чиқиладиган режим сифатида белгиланадиган экспортнинг божхона расмийлаштирувини фаолият ҳудудида товарларни жўнатувчи ёки унинг таркибий бўлинмаси жойлашган божхона органи амалга оширади.
Божхона ҳудудидан товарлар олиб чиқишда божхона назорати божхона декларацияси қабул қилиб олинган пайтдан эътиборан бошланади. Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага2 (бундан кейин – Йўриқнома) мувофиқ экспортчи юридик шахс Экспорт-импорт юкларини расмийлаштираётганда божхона органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатида3 назарда тутилган ҳужжатларни тақдим этади. Жисмоний шахслар томонидан экспорт қилинадиган товарларнинг божхона расмийлаштирувида божхона юк декларациясидан ташқари қуйидаги ҳужжатлар керак бўлади:
транспортга оид ва товарга илова қилинувчи ҳужжатлар (бундан товарларни қўл юкида ва кузатиб бориладиган багажда ташиш ҳоллари мустасно);
зарур ҳолларда – келиб чиқиш, мувофиқлик, фитосанитария ва (ёки) ветеринария сертификатлари;
зарур ҳолларда – ваколатли органларнинг рухсатномалари (сизнинг ҳолатингизда у талаб қилинмайди).
Ушбу ҳужжатларни божхона органига электрон шаклда, уларни «Товарларни электрон декларациялаш» автоматлаштирилган ахборот тизимига ваколатли органлар ва божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис томонидан киритиш йўли билан, электрон рақамли имзо билан тасдиқлаган ҳолда тақдим этиш мумкин.
Чегарадаги ўтказиш пунктида божхона органи ходими БЮД ва товарга илова қилинувчи ҳужжатларни текширади. Бундан ташқари, у юкларни кўздан кечириши мумкин. Агар божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳоллари аниқланмаса, товарга илова қилинувчи ҳужжатлар ва БЮДга товарлар билан Ўзбекистон чегарасидан ўтиш тўғрисида штамп қўйилади. Товарлар экспортининг божхона расмийлаштируви айни шу билан якунланади.
Маълумот учун! Ўзбекистон ташқарисига контрактларни тақдим этмасдан олди-сотди ёки айирбошлаш объектлари ҳисобланмайдиган товарларнинг сарфланадиган намуналари; сарфланадиган товарлар; реклама материаллари ва эсдалик буюмлари; вакиллик мақсадлари учун мўлжалланган товарлар ўтказилади. Улар товарларни олиб ўтувчи шахсларнинг ёзма аризасига асосан, улар олиб ўтиладиган фаолият ҳудудидаги ДБҚ минтақавий бошқармаси бошлиғининг қарорига биноан чиқарилади.
1ВМнинг 23.03.1999 йилдаги 131-сон Қарорига 1-илова.
2ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 3.11.1999 йилда 834-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
3ТИАВ, МВ ва ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 8.04.1998 йилда 428-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.