Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 3 / ДБҚда тадбир

Ҳарбий ва жанговар тайёргарлик йўлида

Давлат божхона қўмитаси томонидан Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Олий ҳарбий божхона институтида «Олий ҳарбий божхона институтида бўлажак божхоначиларнинг ҳарбий ва жанговар тайёргарлиги юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Олий ҳарбий божхона институти бошлиғи С.Абдухалилов иштирок этиб, йиғилганларга мавзу юзасидан батафсил ахборотлар берди.

 

Таъкидланганидек, божхона тизими фаолиятининг самарадорлиги, унинг мунтазам такомиллашиб бориши ҳар жиҳатдан кадрлар салоҳиятига бевосита боғлиқ. Божхона ишини жаҳон андозалари даражасида ташкил этишнинг муҳим шартларидан яна бири юқори малакали профессионал божхона ходимларини тай­ёрлаш ва уларнинг касб малакасини ошириш тизимини тубдан яхшилашдан иборатдир.

Маълумки, божхона органлари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида 2003 йил 22 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан Олий ҳарбий божхона институти ташкил этилди.

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси органлари учун кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Қарорига (22.05.2003 йилдаги 229-сон) мувофиқ, институт зиммасига республиканинг иқтисодий хавфсизлигини виждонан ҳимоя қилишга қодир бўлган ижтимоий фаол, ҳалол ходимларни тарбиялаш билан бир қаторда тингловчиларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, уларнинг жанговар ва жисмоний тайёргарлиги бўйича самарали ишларни ташкил этиш каби масъулиятли вазифалар юклатилди.

Мазкур олий ўқув юртининг барпо этилиши мамлакатнинг юқори малакали олий маълумотли божхона кадрларини мақсадли базавий тайёрлаш тизимида муҳим бўғин бўлди. Бугунги кунда институтда 2 та факультет ва уларнинг таркибида 11 та кафедра ҳамда мустақил бўлим ва бўлинмалар фаолият кўрсатиб келмоқда.

«Божхона иши» факультетида таълим кундузги ўқув шаклида 4 йил давом этади. Ўқишни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга олий маълумот ҳақидаги диплом билан бирга «божхона хизмати лейтенанти» махсус унвони берилади ва божхона органларининг кадрларга бўлган эҳтиёжлари эътиборга олинган ҳолда хизматга тақсимланади.

Давлат божхона тизимида ҳарбий соҳадаги билимларни эгаллаган, жанговар вазифаларни юқори савияда бажара оладиган, ҳар қандай шароитда тўғри қарор қабул қиладиган етарли даражадаги билим ва кўникмаларга эга бўлган офицерларни тайёрлашга муҳим аҳамият берилади. Шу сабабли институтда тингловчиларга божхона иши ва божхона ҳуқуқига оид чуқур билимлар бериш билан бир қаторда, уларнинг юқори маданиятли, жисмонан бақувват бўлиб етишишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳарбий ва жанговар тайёргарлик машғулотларида тингловчилар назарий ва амалий билимларни эгаллаш билан бирга, замонавий қурол-аслаҳалардан фойдаланиб, умумҳарбий жанг сир-асрорларини ўрганишмоқда, шу аснода уларда Ватанга муҳаббат ва ҳарбий қасамёдга содиқлик туйғулари шакллантирилмоқда. 

Замонавий спорт анжомлари билан жиҳозланган спорт майдончалари, тренажёр заллари доимий равишда тингловчилар ихтиёрида. Қўл жанги дарсларида тингловчиларга ўзини ҳимоялаш бўйича барча усуллар ўргатилса, сув ҳавзасида сузишда эса чидамлилик хусусиятларини оширишга муҳим аҳамият қаратилади.

Шуни таъкидлаш жоизки, малакали профессор-ўқитувчилар ва инструкторлар кўмагида тингловчилар автомобиль бошқариш сир-асрорларини пухта ўрганиб, «В» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўладилар.

Бугунги кунда институтда таҳсил олаётган тингловчилардан 20 нафарга яқини спортнинг самбо, таэквандо, карате, айкидо, кураш каби турлари бўйича спорт усталигига номзодлар ҳисобланадилар.

Матбуот анжумани доирасида тингловчилар иштирокида ҳарбий ва жанговар тайёргарлик бўйича кўргазмали чиқишлар қилинди. Шунингдек, бўлажак божхоначилар ўқ отиш бўйича ўз маҳоратларини намойиш қилишди.

Журналистлар анжуман давомида ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.

 

Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати.

Прочитано: 3398 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика