Президентнинг ПФ-4609-сон Фармонига 1-илованинг 26-бандида кичик тадбиркорлик субъектлари солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз ҳисобрақамларидан тўлаганларида банк хизматлари учун тўлов ундиришни бекор қилиш ҳисобига тижорат банклари билан муносабатларда молиявий харажатлар янада қисқартирилиши айтилган.
ЯИТ ва суғурта бадаллари тўланаётганда кичик корхоналардан банк хизматларини кўрсатганлик учун тўлов ундириладими?
Ф.Саидов,
МЧЖ бош бухгалтери.
– Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг (7.04.2014 йилдаги ПФ-4609-сон) 7-бандида кўрсатилишича: «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банклари кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига уларнинг ҳисобварақларидан солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашда банклар хизматлари учун тўловлар ундириш амалиётини бекор қилсинлар».
Марказий банк бошқарувининг АВ томонидан 30.04.2014 йилда 1948-8-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисида йўриқномага (МБ бошқарувининг АВ томонидан 27.04.2009 йилда 1948-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) юқоридаги Фармон талабларига мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди. Чунончи, унинг 7-банди қуйидаги хатбоши билан тўлдирилди: «Кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига уларнинг ҳисобварақларидан солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашда банклар хизматлари учун тўловлар ундирилмайди». Ушбу имтиёздан фойдаланиш учун кичик тадбиркорлик субъектлари хизмат кўрсатувчи банкка ХХТУТ бўйича код ва ходимлар сонини кўрсатган ҳолда корхона мақомини тасдиқлайдиган маълумотларни тақдим этишлари керак.
Ягона ижтимоий тўлов, фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг даромадларига киради (Бюджет кодексининг 53-моддаси). Қонун ҳужжатларида кичик тадбиркорлик субъектлари тўловларни Пенсия жамғармасига ўтказишларида банк хизматларини кўрсатиш учун тўловдан озод этилиши назарда тутилмаган.
Наталья ЗУЕВА,
экспертимиз.