«Парвоз Инвест» МЧЖ (АГТШК) транспорт воситалари учун сиқилган газни ишлаб чиқариб, реализация қилади.
2014 йил 1 январдан бошлаб Солиқ кодексининг 302-моддасига киритилган ўзгартишларга мувофиқ транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ бўйича солиқ солиш объекти ва солиқ солинадиган база таркибига ушбу ёқилғилардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланилган ҳажм ҳам киритилди.
Ёқилғилардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланилганда транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқнинг ҳисобланган суммаси солиқ тўловчининг харажатларига киритилади (Солиқ кодексининг 304-моддаси).
Ҳар бир АГТШК объектни ишга туширишдан олдин «ЎзЛИТИнефтгаз» ОАЖ томонидан АГТШКлардаги технологик йўқотишлар ва ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган газнинг меъёрини ҳисоблаш услубияти ишлаб чиқилади.
Технологик йўқотишлар бу ҳар кунлик ишлаб чиқариш жараёнида рўй берадиган ва технологик жараёнда бир марталик содир бўладиган йўқотишлардир.
Ўз эҳтиёжлари деганда жамият балансидаги транспорт воситаларини ёқилғи билан тўлдириш, шунингдек электр энергиясини иқтисод қилиш учун АГТШКнинг фаолиятида ишлатиладиган сотиб олинган компрессорларни ишлатиш учун сарфланадиган газ тушунилади. Бунда сарфлаш меъёрлари «ЎзЛИТИнефтгаз» институти томонидан ҳисобланиб, услубиятга киритилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, қуйидаги саволларга жавоб беришингизни сўраймиз.
1. Йўқотишлар ва ўз эҳтиёжларининг қайси турларидан биз транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқни ҳисоблаб чиқаришимиз лозим?
2. Йўқотишлар ва ўз эҳтиёжлари учун ишлатилган ёқилғи бухгалтерия ҳужжатларида қандай акс эттирилади?
Ш.Шоильясов, корхона раҳбари.
Тошкент вилояти.
– 1. Тўғри, Солиқ кодексининг 302-моддасига 25.12.2013 йилдаги ЎРҚ-359-сон Қонун билан киритилган ўзгартиришга биноан 2014 йилнинг 1 январидан бошлаб ўз эҳтиёжлари учун фойдаланилган бензин, дизель ёқилғиси ва газ ҳам солиқ солиш объекти хисобланиши белгилаб қўйилган.
Ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш деганда ўша шохобча фаолиятини амалга ошираётган корхонада мавжуд автотранспорт воситалари ва корхонанинг бошқа хўжалик фаолиятида сарфланадиган бензин, дизель ёқилғиси ва газ тушунилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, сиз ушбу солиқни фақат ўз эҳтиёжингиз учун ишлатилган бензин, дизель ёқилғиси ва газнинг натурадаги ҳажмидан келиб чиқиб тўлайсиз. Унутмангки, бунда сиз технологик йўқотишлардаги бензин, дизель ёқилғиси ва газ ҳажмида солиқ тўламайсиз.
Солиқ кодексининг 304-моддасига асосан бензин, дизель ёқилғиси ва газдан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланилганда мазкур солиқнинг ҳисобланган суммасини ўзингизнинг харажатларингизга киритасиз. Чунки бу ерда сиз Солиқ кодексининг 302-моддасида назарда тутилгани каби охирги истеъмолчига айланяпсиз.
2. 4-сон БҲМСнинг 7-параграфида товар-моддий захираларнинг чиқиб кетиши кўринишлари белгиланган бўлиб, унга кўра товар-моддий захиралар ташкилотнинг балансидан қуйидаги ҳолларда ҳисобдан чиқарилади:
а) сотиш;
б) бошқа ташкилотнинг устав капиталига таъсис улуши кўринишида бериш;
в) муассиснинг муассислар таркибидан чиқишида ёки тугатилаётган хўжалик юритувчи субъектнинг мол-мулкини унинг иштирокчилари ўртасида тақсимлаётганда илгари ташкилотнинг устав капиталига киритилган улушни муассисга қайтариш;
г) текинга бериш;
д) айирбошлаш;
е) сақлаш муддати тугагач яроқсизлиги сабабли, жисмонан ва маънан эскирганлиги натижасида тугатиш (йўқ қилиш);
ж) камомад, йўқотиш ёки шикастланиш (синиш, бўлиниш) аниқланиши;
з) товар қарзи кўринишида тақдим этиш ёки илгари олинган товар қарзини қайтариш;
и) бошқа операциялар ва ҳодисалар натижасида.
Йўқотишлар ва ўз эҳтиёжлари учун ишлатилган ёқилғи тегишли ҳисобдан чиқариш далолатномалари билан расмийлаштирилади ва 21-сон БҲМСга асосан бухгалтерия ёзувида қуйидагича акс эттирилади:
дебет 9430-«Бошқа операцион харажатлар» ҳисобварағи;
кредит 2810-«Тайёр маҳсулот» ҳисобварағи кредити;
Жавобни «Soliq Kalkulyatori» солиқ маслаҳати ташкилоти эксперти
Умидбек САФАРОВ тайёрлади.