Адлия вазирлиги 23.04.2014 йилда Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг «Ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари жорий этилишини ҳисобга олган ҳолда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарорини1 рўйхатдан ўтказди.
Қарор билан киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни 2200-сон Низомни амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш зарурати тақозо этди. Чунончи, Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги Қарори (25.12.2013 йилдаги ПҚ-2099-сон) билан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг энг кам ставкаси жорий йилнинг 1 январидан бошлаб 2013 йилда белгиланган 8% ўрнига 7,5%га пасайтирилди. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига фуқаролар мажбурий суғурта бадалларининг ставкаси эса 2013 йилда амал қилган 6% ўрнига 6,5% миқдорида тасдиқланди.
Шу муносабат билан бюджет билан Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ўртасида қўшимча ҳисобланган тўловлар суммасини тақсимлаш меъёрларига ўзгартиришлар киритилди.
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 28.12.2012 йилдаги «Иқтисодиётнинг айрим тармоқлари хўжалик юритувчи субъектлари учун ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги 76-Б-сон буйруғига2 (28.01.2013 йилда 2173-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ белгиланган чакана савдо ва умумий овқатланиш ташкилотларида асосий ходимлар сонининг энг кам меъёрлари ҳамда чакана савдо ва умумий овқатланиш ташкилотларида ишнинг ўртача разрядлари ўзгартирилди.
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг юқорида айтилган буйруғини, шунингдек энг кам иш ҳақининг белгиланган миқдорига киритилган ўзгартиришларни ҳисобга олган ҳолда Ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари жорий этилишини ҳисобга олган ҳолда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомда (23.04.2014 йилда 2200-4-сон билан рўйхатдан ўтказилган) келтирилган тўловларни қўшимча ҳисоблаш ва қўшимча ҳисобланган тўловлар суммасини белгилаш учун база ҳисоб-китобининг шартли мисолларига тегишли ўзгартиришлар киритилди.
12200-4-сон, «СБХ»нинг 6.05.2014 йилдаги 18 (1030)-сонида чоп этилган.
2АВ томонидан 28.01.2013 йилда 2173-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган, «Норма маслаҳатчи»нинг 5.02.2013 йилдаги 5 (394)-сонида чоп этилган.
Лазиз МУРОДХЎЖАЕВ,
Молия вазирлиги Солиқ ва божхона тарифи сиёсати бошқармасининг етакчи мутахассиси.