«Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонунга кўра хусусий корхонанинг фойдаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин корхона мулкдорининг тасарруфига ўтади ва унга солиқ солинмайди. 2013 йилда хусусий корхона муассисига фойда ҳисоблаб ёзилди. Пул маблағларининг етишмаслиги боис унга илгари қурилиш учун харид қилинган материаллар берилди.
Мазкур операциядан қандай солиқ оқибатлари юзага келади? Биз ЯСТ тўлашимиз керакми?
– Хусусий корхона фойдаси унинг мулкдорига тўланаётганда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин (пул маблағлари билан эмас):
бир тарафдан, мулкдорга тегишли фойда тўланади;
бошқа тарафдан корхонада активлар (сизнинг ҳолатингизда – материаллар) чиқиб кетади.
Мулкдор ўзига тегишли бўлган фойдани олаётганда ана шу суммадан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод этилган («Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонуннинг1 24-моддаси; Солиқ кодекси (СК) 179-моддасининг 6-банди). Шу тариқа, ушбу имтиёз корхонанинг ўзига эмас, балки муассисга (мулкдорга) берилган.
Материалларнинг чиқиб кетиши, агар улар таннархидан юқори нархда берилса, бизнингча, корхона учун солиқ солинадиган операция ҳисобланади. СКнинг 355-моддаси ва СКнинг 132-моддаси 1-бандига кўра мол-мулкнинг чиқиб кетишидан фойда бошқа даромадлар таркибида ЯСТ ҳисоб-китоби чоғида солиқ солинадиган тушумга киритилади. Материалларнинг чиқиб кетишидан фойда 4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар»2 50-бандига мувофиқ белгиланади.
Агар материаллар ХК мулкдорига унга тегишли фойда ҳисобидан таннархи бўйича берилса, мулкдорда ҳам, корхонада ҳам солиқ оқибатлари юзага келмайди.
111.12.2003 йилдаги 558-II-сон.
2Молия вазирининг 15.06.2006 йилдаги 52-сон буйруғи билан тасдиқланган, АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
Жавобни «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.