Ҳурматли “Солиқ ва божхона хабарлари” газетасининг таҳририяти! Биз бир неча йилдан буён сизнинг обуначингизмиз. Барча зарур ахборотни доимо топиш мумкин бўлган газетани чиқараётганингиз учун сизларга раҳмат!
Бизнинг ташкилотимиз улгуржи савдо билан шуғулланади (ХХТУТ бўйича коди - 71150). 2012 йил якунлари бўйича биз муассисларимизга дивидендлар ҳисоблаб ёздик. Барча зарур ҳужжатларни (2012 йил учун баланс, 2-сон шакл, буйруқ, баённома, дивидендлар ҳисоб-китоби, ДСИ маълумотномасини) хизмат кўрсатувчи банкка тақдим этдик. Банкимиз ҳар доим ҳам дивидендларни нақд пул билан тўлай олмаслиги сабабли бизга нақд пул олиш учун суммаларни шаҳардаги бошқа банкларга ўтказишга тўғри келади.
Тошкентдаги бошқа банклар нақд пул олиш учун ташкилотимиздан қуйидаги ҳужжатларни сўрашлари тўғрими – баланс, 2-сон шакл, буйруқ, баённома, дивидендлар ҳисоб-китоби, устав, таъсис шартномаси, гувоҳнома, пул маблағлари ўтказилганлиги тўғрисида тўлов топшириқномаси, асосийси – бюджет олдидаги қарзимиз йўқлиги тўғрисида ДСИ маълумотномасини?
Ҳозир ҳамма ерда компьютерлар ўрнатилган ва Интернет бор. ДСИ маълумотномаси фақат 10 кун учун ҳақиқий ва уларни Тошкентдаги барча банклар учун олишнинг иложи йўқ. Наҳотки электрон алоқа воситасида бюджет олдидаги қарз ва бошқа зарур ахборотни кўриш мумкин эмас?
Т.Носиров,
МЧЖ бош бухгалтери.
– Ўзбекистоннинг амалдаги қонун ҳужжатларига кўра банк ва унинг мижозлари ўртасидаги муносабатлар улар ўртасида тузилган банкдаги ҳисобварақ тўғрисидаги шартномага асосан тартибга солинади. Банклар операциялар ўтказилишига қадар уларнинг қонунийлиги устидан назоратни амалга оширишлари шарт. Агар банк мижознинг топшириғига кўра ёки унинг розилиги билан қонунга хилоф операцияни аввал-бошдан унинг қонунга хилофлигини билган ҳолда бажарса, банк мижоз билан баравар жавобгар бўлади.
Банк бўлинма ва хизматлари амалга оширилаётган операцияларнинг қонунийлиги ва уларнинг тўғри расмийлаштирилганлиги учун тўлиқ жавобгар бўлади. Шу муносабат билан банклар нақд пул маблағларини тўлаш учун зарур бўлган барча ҳужжатларни текширишлари шарт.
Интернет орқали ахборот олишга келсак, эслатиб ўтаманки, Солиқ кодексининг (СК) 76-моддасига мувофиқ, солиқ органларига келиб тушган, солиқ сирини ташкил этувчи маълумотлар сақлаш ва фойдаланишнинг махсус режимига эга бўлади. Солиқ органи томонидан солиқ тўловчи тўғрисида олинган ҳар қандай маълумот солиқ сирини ташкил этади. Солиқ сири ошкор этилмайди, қонунда назарда тутилган айрим ҳоллар бундан мустасно. Яъни солиқ органлари қуйидаги маълумотларни маълум қилишлари мумкин:
1) солиқ тўловчининг ўзи ошкор этган ёки унинг ёзма розилиги билан ошкор этилган маълумотлар;
2) солиқ тўловчининг номи ва идентификация рақами тўғрисидаги маълумотлар;
3) юридик шахснинг устав фонди тўғрисидаги маълумотлар;
4) солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги ва бу қонунбузарлик учун қўлланилган жавобгарлик чоралари тўғрисидаги маълумотлар;
5) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ бошқа давлатларнинг солиқ ёки тегишли бошқа органларига тақдим этиладиган маълумотлар.
Солиқ сирини ташкил этувчи маълумотлари бўлган ҳужжатларнинг йўқотилганлиги ёки бундай маълумотларнинг ошкор этилганлиги қонунда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади. Фикримча, ўзингиз ҳам сиз солиқ органларига топширадиган барча маълумотлардан ҳамма фойдалана олишига рози бўлмасангиз керак.
Юқорида баён этилганларга асосан банклар мижознинг қарзи тўғрисида маълумотни Интернет орқали олишлари мумкин эмас, чунки солиқ тўловчиларгина ўз солиқ мажбуриятларини бажариш юзасидан солиқ органларидаги мавжуд маълумотларни олиш ҳуқуқига эгалар (СКнинг 31-моддаси).
Мария КОСЕНКО,
экспертимиз.