Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 44 / Бизнинг маслаҳатлар

Пеня даромадга қўшиладими?

Бизнинг умумбелгиланган солиқларни тўловчи ташкилотимиз (ХХТУТ бўйича коди – 90213) тегишли хўжалик шартномаларига асосан бюджет ташкилотларига, шунингдек аҳолига ичимлик суви етказиб беради. Масалан, болалар боғчаси билан тузилган шартномага асосан:

январь ойида 275 метр куб ичимлик суви ишлатиб, 90 750 сўм;

февраль ойида 340 метр куб ичимлик суви ишлатиб, 112 200 сўм;

март ойида 345 метр куб ичимлик суви ишлатиб, 113 850 сўм, жами 960 метр куб ичимлик суви ишлатиб, 316 800 сўм ташкилотимизнинг ҳисобрақамига пул маблағлари тўлаб берилиши лозим эди. 31 март куни тақдим этган 316 800 сўмлик ҳисобварақ-фактурамизга асосан боғча бизга 275 000 сўмни тўлаб бериб, бунинг натижасида 41 800 сўм дебиторлик қарзи юзага келди. Саволларимиз қуйидагича:

1. 41 800 сўм дебиторлик қарзининг муддати ўтган ҳисобланадими?

2. Биз ушбу ҳолат бўйича боғчага пеня (жарима) ҳисоблашимиз мумкинми, уни ҳисоблаш қоидалари қандай?

3. Ҳисобланган пеня (жарима) суд орқали ундириладими?

4. Ҳисобланган пеня (жарима) бизнинг ташкилот даромадига олиниб, бухгалтерия ва ҳисоботда кўрсатилиб, ундан солиқ тўланадими?

Ташкилотнинг мижозлар билан ишлаш бўлими бухгалтери.

 

 

 

        – 1. Президентнинг 12.05.1995 йилдаги ПФ-1154-сон Фармони 2-бандига мувофиқ, товарлар амалда жўнатилган (ишлар бажарилган, хизматлар кўрсатилган) кундан бошлаб 90 кун ўтгандан кейин, етказиб берилган товарлар (кўрсатилган хизматлар ва бажарилган ишлар) учун маблағлар келиб тушмаганлиги муддати ўтиб кетган дебиторлик қарзи деб ҳисобланади. Демак, сизнинг ҳолатингизда 41 800 сўм дебиторлик қарзи 90 кун ўтгандан кейин ҳам келиб тушмаган бўлса, ушбу сумма муддати ўтиб кетган дебиторлик қарзи деб ҳисобланади.

Солиқ хизмати идоралари муддати ўтиб кетган дебиторлик қарзи мавжуд бўлган тақдирда, барча мулкчилик шаклидаги корхона-ташкилотларнинг раҳбар ва бош бухгалтерларига энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 7 бараваригача миқдорда маъмурий жарима соладилар, бу борада ҳатто жиноий жавобгарликка тортиш чораси қўлланилади.

2. Хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилишда юзага келадиган муносабатлар Фуқаролик кодекси, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонуни (29.08.1998 йилдаги 670-I-сон, кейинги ўринларда – Қонун) ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Тарафлардан бири шартлашилган муддатда тадбиркорлик фаолияти соҳасида товарларни бериш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш мажбуриятини оладиган, иккинчи тараф эса товарларни, ишларни, хизматларни қабул қилиб олиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини оладиган келишув хўжалик шартномаси дейилади. Қонуннинг 10-моддасига асосан, хўжалик шартномаси шартнома предметини етказиб бериладиган товарнинг (ишнинг, хизматнинг) миқдори, сифати, ассортименти ва баҳосини, шартноманинг бажарилиш муддатларини, ҳисоб-китоб қилиш тартибини, тарафларнинг мажбуриятларини, шартнома мажбуриятлари бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда тарафларнинг жавобгарлигини, низоларни ҳал этиш тартибини ҳамда тарафларнинг реквизитларини, шартнома тузилган сана ва жойни, шунингдек бундай турдаги шартномалар учун қонун ҳужжатларида белгиланган ёки тарафлардан бирининг аризасига кўра ўзаро келишувга эришиш лозим бўлган бошқа муҳим шартларни назарда тутиши керак.

Етказиб берилган товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини ўз вақтида тўламаганлик учун сотиб олувчи (буюрт­мачи) етказиб берувчига ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун кечиктирилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи миқдорида, аммо кечиктирилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорида пеня тўлайди (Қонуннинг 32-моддаси).

Пеня (жарима) ҳисоблаш қоидалари сиз болалар боғчаси билан тузган етказиб бериш шартномаси шартларида  белгиланган бўлиши керак. Шундан келиб чиқиб сиз боғчага пеня (жарима) ҳисоблашингиз мумкин бўлади.

Қонунда юридик шахсларнинг шартномавий мажбурият­лар бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун жавобгарлиги назарда тутилган, шунингдек, мансабдор шахсларнинг шартномавий мажбуриятларни бажармаганлиги учун фуқаролик-ҳуқуқий, маъмурий ва жиноий жавобгарлиги ҳолатлари белгиланган.

3. Қонуннинг 17-моддасига асосан ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилган хўжалик юритувчи субъект уларни бузган хўжалик юритувчи субъектга нисбатан талабнома билдиришга ҳақлидир. Ўзига талабнома билдирилган хўжалик юритувчи субъект талабномани олган кундан бошлаб бир ой муддат ичида унга жавоб қайтариши шарт. Талабнома тўлиқ ёки қисман тан олинган тақдирда хўжалик юритувчи субъект арз қилувчига ўзи тан олган суммани ихтиёрий равишда ўтказади.

Агар талабномани тан олиш тўғрисидаги жавобда тан олинган сумма ўтказилиши ҳақида маълумот бўлмаса, талабнома билдирган тараф жавоб олингандан сўнг 20 кун муддат ўтгач, банк муассасасига қарздор тан олган суммани сўзсиз тартибда ўтказиш тўғрисидаги фармо­йишни тақдим этишга ҳақли. Фармойишга қарздорнинг жавоби илова қилинади.

Тараф рад (қисман рад) жавобини олган ёки талабномага белгиланган муддатда жавоб олмаган тақдирда, шунингдек хўжалик шартномалари юзасидан талабнома билдирмай ҳам хўжалик судига даъво аризаси бериши ҳамда суд буйруғини олиш учун ариза тақдим этиши мумкин. Мазкур аризаларни тақдим этиш тартиби Хўжалик процессуал кодексининг 102–121-моддалари қоидаларига кўра белгиланади (Қонуннинг 19-моддаси).

Хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш вақтида тарафлар ўртасида келиб чиқадиган низолар, шунингдек етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хўжалик суди томонидан, шарт­номада назарда тутилган ҳолларда ёки тарафларнинг келишувига биноан – ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилади (Қонуннинг 36-моддаси).

Сиз боғча билан тузган етказиб бериш шартномасининг шартларида истеъмолчи билан сизнинг ўртангизда юзага келадиган низоларни суд тартибида ҳал қилиш қоидасини белгилаб қўйишингиз ва шунга мувофиқ ҳаракатларни амалга оширишингиз керак бўлади.

4. Солиқ кодексининг 129-моддасига асосан жами даромадга қуйидагилар киради:

– товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинадиган даромадлар;

– бошқа даромадлар.

СКнинг 132-моддасида бошқа даромадлар рўйхати келтирилган. Унга кўра товарларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ бўлмаган операциялардан олинадиган даромадлар, жумладан, уларга ундириб олинган ёки қарздор томонидан тан олинган жарималар ва пеня, шунингдек қонуний кучга кирган суд ҳужжати асосида қарздор томонидан тўланиши лозим бўлган жарималар ва пеня ҳам бошқа даромадларга киради.

Бинобарин, жарима, пеня ва устамалар кўринишидаги, шунингдек бошқа жарималар ҳисобидан шаклланадиган даромадлар, улар қарздор томонидан тан олиниши (тасдиқланиши) шарти билан даромадлар сифатида тан олиниши керак.

Қайд этилган операция 21-сон БҲМСга кўра бухгалтерия ҳисобида қуйидагича ифодаланади:

 

Жарима, пеня ва устамалар, шунингдек бошқа хил

жарималар бўйича даромадларни акс эттириш

 

дебет

 

кредит

 

Жарима, пеня ва бошқа шу каби даромадларни акс эттириш

 

4010 “Харидор ва буюртмачилардан олинадиган ҳисобварақлар”

 

9330 “Ундирилган жарима, пеня ва устамалар”

 

 

 

Бундан ташқари, Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган) «в» бўлими 2.1-бандига мувофиқ ундирилган ёки қарздор томонидан эътироф этилган жарималар асосий ишлаб чиқариш фаолиятидан олинадиган бошқа даромадлар (операцион даромадлар) сифатида корхонанинг даромадлари таркибига киритилади.

Жарима суммасини ҳисобда даромад сифатида акс эттириш учун қарздорнинг даъвони тан олганлиги ҳақидаги ёзма жавоби асос бўлиб хизмат қилади.

Солиқ солиш масаласига келсак, қарздор томонидан тан олинган жарималар суммаси бошқа даромадлар сифатида солиқ солинадиган базага киритилади.

Шу тариқа, сизнинг ҳолатингизда ҳисобланган пеня (жарима) ташкилотингиз даромадига олиниб, бухгалтерия ва ҳисоботда кўрсатилади ва ундан солиқ тўланади.

Жавобни экспертимиз

Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.

Прочитано: 2505 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика