Бизнинг МЧЖ иштирокчиларидан бири жамиятимиз амалга оширадиган худди шундай фаолият билан шуғулланадиган юридик шахсни барпо этди. Уни ана шу асосда бизнинг МЧЖ иштирокчилари қаторидан чиқариш мумкинми?
Дмитрий.В.
– Иштирокчи худди шундай иқтисодий фаолият турларини амалга оширувчи юридик шахс барпо этганлигига асосланиб уни МЧЖдан чиқариш ноқонунийдир.
Амалдаги қонун ҳужжатларининг меъёрларидан келиб чиққанда, МЧЖ иштирокчиси томонидан жамиятнинг худди шундай иқтисодий фаолият турларини амалга оширувчи юридик шахсни ташкил этганлиги далили уни жамиятдан чиқариш учун асос бўла олмайди. “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонун (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон Қонун, бундан кейин – МЧЖ тўғрисидаги Қонун) ўз мажбуриятларини қўпол тарзда бузган ёхуд ўзининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётган ёки уни жиддий тарзда қийинлаштирадиган иштирокчини жамиятдан суд тартибида чиқариш мумкинлигини назарда тутади. МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 8-моддасига кўра жами улушлари жамият устав капиталининг камида 10 фоизини ташкил этадиган жамият иштирокчилари иштирокчининг жамиятдан чиқарилишини талаб қилишга ҳақлидирлар.
МЧЖ иштирокчиларининг мажбуриятлари МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 9-моддасида келтирилган. Унга кўра жамият иштирокчилари МЧЖ тўғрисидаги Қонунда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда, миқдорда ва муддатларда ҳисса қўшишлари керак. Улар жамият фаолияти тўғрисидаги сир тутилиши талаб қилинган ахборотни ошкор қилишлари тақиқланади. Таъсис ҳужжатларида жамият иштирокчиларининг бошқа, қўшимча мажбуриятлари ҳам назарда тутилиши мумкин. Шубҳасиз, жамият иштирокчиси томонидан сизнинг МЧЖга ўхшаш худди шундай иқтисодий фаолият турларини амалга оширувчи бошқа юридик шахсни барпо этиш жамият иштирокчисининг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқидир. Албатта, агар бундай тақиқ таъсис ҳужжатларида белгиланмаган бўлса, бу қоида амал қилади. Агар бундай ҳаракатлар жамият устави билан белгиланмаган бўлса, улар МЧЖ иштирокчисининг ўз мажбуриятларини қўпол тарзда бузиши деб қаралиши ва уни жамият иштирокчилари қаторидан чиқариш учун асос ҳисобланиши мумкин эмас.
Жамият иштирокчисининг жамият фаолият кўрсатишига имкон бермаётган ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)га кўпинча жамиятни унинг барча иштирокчилари якдиллигини талаб қиладиган масалалар бўйича қарор қабул қилишдан маҳрум қилиб, жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишида иштирок этишдан узрли сабабларсиз мунтазам тарзда бўйин товлаш киритилади. Бироқ жамият иштирокчиси томонидан худди шундай товарлар ишлаб чиқарувчи ёки хизматлар кўрсатувчи юридик шахснинг барпо этилиши ўзи иштирокчи бўлган жамият фаолиятини қийинлаштириши мумкин.
Бунинг устига, агар жамият иштирокчиси МЧЖнинг мижозлар базасидан фойдалана бошласа ёки мижозларни ўзига “оғдирса”, сир сақланадиган ахборотдан фойдаланиб, МЧЖ контрагентлари билан янада фойдали шартларда контрактлар тузса ва бошқа шу каби ҳаракатларни амалга оширса, бундай ҳолларда иштирокчининг ҳаракатларини МЧЖ фаолиятини қийинлаштирувчи ҳаракат деб қараш мумкин. Ана шунда мазкур иштирокчи МЧЖдан чиқарилиши керак.
Елена ЕРМОХИНА,
эксперт-юристимиз.