Мен ўз ишим билан бирга кадрлар бўлими ходимининг вазифаларини ҳам бажараман ва ушбу саволимга жавоб беришингизни сўрайман.
Ходималаримизнинг бири меҳнатга лаёқатсизлиги сабабли бир ой ишга чиқмай, касаллик варақаси тақдим этди. Ҳозир у ишга чиқди, энди меҳнат таътили олмоқчи. У касал бўлган даврни ҳисобга олганда бизда бор-йўғи 8 ойдан бери ишлайди. У таътил олишга ҳақлими? Агар ҳақли бўлса, таътил қанча муддат давом этиши керак?
Бахтиёр. Тошкент шаҳри.
– Йиллик асосий таътилдан фойдаланиш ҳуқуқи ходимда мазкур иш берувчида биринчи иш йили учун узлуксиз 6 ой ишлангандан кейин юзага келади (МКнинг 143-моддаси биринчи қисми). Ушбу муддатга тегишли тарзда расмийлаштирилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даврлари ҳам киради.
Шу тариқа, 6 ой ишлаб, ходим тўлиқ ҳажмда йиллик асосий ҳақ тўланадиган таътил олиш ҳуқуқига эга, бунда мазкур иш берувчида ишланган вақт миқдорига мутаносибликнинг аҳамияти йўқ.
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.