Иккинчи йилдирки иш берувчи иш кўплигини важ қилиб, менга таътил бермаяпти. Мен дам олишни хоҳлаяпман.
Иш берувчи мен билан тўғри муносабатда бўляптими?
Менежер. Тошкент шаҳри.
– Сиз билан нотўғри иш тутмоқдалар.
Амалдаги Меҳнат кодекси иш берувчиларга бирор-бир асосга кўра ходимга меҳнат таътили бермаслик ҳуқуқини бермайди. Таътил ҳар йили, шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар берилиши лозим (Меҳнат кодекси (МК) 143-моддасининг бешинчи қисми). Бунда йиллик асосий таътилдан фойдаланиш ҳуқуқи биринчи иш йили учун ходимда мазкур иш берувчида узлуксиз 6 ой ишлаганидан кейин юзага келади (МК 143-моддасининг биринчи қисми).
Ҳатто ишлаб чиқариш тусидаги сабабларга кўра жорий йилда таътилни тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда, ходимнинг розилиги билан таътилнинг 12 иш кунидан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин, шу йили ундан албатта фойдаланилмоғи лозим (МК 143-моддасининг олтинчи қисми). Мазкур меъёр қатъий бўлиб, кенгайтириб талқин этилмаслиги керак.
Текшириш боришида ушбу ҳолатлар аниқланганда иш берувчи меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси).