Умумбелгиланган солиқларни тўловчи ҳисобланган, асосий фаолияти ишлаб чиқариш бўлган корхонамиз Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида рўйхатдан ўтказилган.
Ишлаб чиқариш цехларимиз Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида ва Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган. Офисимиз биноси ва йиғув цехи эса Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида жойлашган.
Ушбу ҳолатда айрим тушунмовчиликлар юзага келмоқда. Мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича солиқ солиш объектларини ҳисобга қўйиш ва ҳисоб-китобларни тақдим этиш, солиқни тўлаш масалалари қай йўсинда ҳал қилинади? Шу хусусда тўлиқ маълумот берсангиз.
Фаррух Бердиев, МЧЖ директори.
Сирдарё вилояти.
– Солиқ кодексининг 80-моддасига асосан бир вақтнинг ўзида давлат солиқ хизмати органларида ва давлат статистикаси органларида ҳисобга қўйилган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказиладиган юридик ва жисмоний шахслар давлат рўйхатидан ўтказилган жойда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисобга қўйилиши керак.
Солиқ кодексининг 81-моддасига мувофиқ, солиқ тўловчини объектлар бўйича ҳисобга қўйиш солиқ солиш объекти жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади.
Солиқ тўловчини объектлар бўйича ҳисобга қўйиш у белгиланган тартибда ҳисобга қўйилганидан кейин, агар солиқ тўловчида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйилмаган жойдаги ер солиғи ёки сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш мажбурияти юзага келган бўлса, амалга оширилади.
Ҳисобга қўйилмаган жойдаги ер солиғини ёки сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаш мажбурияти юзага келган солиқ тўловчи тегишли ер участкасига (ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқ билан бирга тегишли кўчмас мулк объектига) бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан ёхуд сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ солиш объекти вужудга келган кундан эътиборан 10 кун ичида солиқ солиш объектларини улар жойлашган ерда ҳисобга қўйиш учун давлат солиқ хизмати органларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мурожаат этиши керак. Давлат солиқ хизмати органи солиқ тўловчининг илгари берилган идентификация рақамига мувофиқ солиқ тўловчи мурожаат этган кундан 3 кундан кечиктирмай уни объектлар бўйича ҳисобга қўяди.
Демак, солиқ тўловчини объектлар бўйича ҳисобга қўйиш солиқ солиш объекти жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади. Солиқ тўловчида ер солиғини тўлаш бўйича мажбурият юзага келганида у солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйиш жойида тўланмайди.
Солиқ кодексининг 285-моддасига кўра, ер солиғи ҳар бир солиқ даврининг 1 январига бўлган ҳолатга кўра ҳисоблаб чиқарилади ва ер солиғининг ҳисоб-китоби ер участкаси жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органига ҳисобот йилининг 15 февралига қадар тақдим этилади.
Ер солиғини ҳисоблаб чиқариш ҳисоблаб чиқарилган солиқ солинадиган базадан ва белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. Солиқ солинадиган базада (ҳисобланган солиқ суммасида) солиқ даври мобайнида ўзгариш бўлганда юридик шахслар 1 ойлик муддат ичида давлат солиқ хизмати органига ер солиғининг аниқлаштирилган ҳисоб-китобини тақдим этиши шарт.
Шу тариқа, ер солиғининг ҳисоб-китоби ер участкаси жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органига ҳисобот йилининг 15 февралига қадар тақдим этилади.
Ҳисобга қўйилмаган жойда ер солиғи ёки сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш мажбурияти юзага келган солиқ тўловчи тегишли ер участкасига (ёки у билан бирга ер участкасига ҳуқуқ юзага келган кўчмас мулк объектига) ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун мобайнида солиқ органига улар жойлашган ердаги солиқ солиш объектларини ҳисобга қўйиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши шарт, унда ҳисобга қўйиш объектига эгалик қилиш ҳуқуқи бўлган солиқ тўловчи – юридик шахснинг идентификация рақами кўрсатилади.
Шу сабабли сиз ер участкаларини Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани ва Тошкент вилоятининг Қибрай тумани ДСИларида объектлар бўйича ҳисобга қўйишингиз лозим бўлади.
Юридик шахсларнинг мол-мулк солиғига келсак, Солиқ кодексининг 271-моддасига кўра юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш солиқ солинадиган базадан ва белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда солиқ тўловчи – Ўзбекистон Республикасининг резиденти томонидан амалга оширилади.
Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига йилда бир марта, йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади.
Шуни билингки, солиқ даври мобайнида солиқ тўловчилар юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича жорий тўловлар тўлайдилар. Жорий тўловлар миқдорини ҳисоблаб чиқариш учун солиқ тўловчилар жорий солиқ даврининг 10 январигача, янги ташкил қилинганлари эса – давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан 30 кундан кечиктирмай, солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига мўлжалланаётган солиқ солинадиган базадан (тегишли йил учун мол-мулкнинг ўртача йиллик қолдиқ қийматидан ёки ўртача йиллик қийматидан) ва белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган жорий солиқ даври учун юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммаси тўғрисидаги маълумотномани тақдим этадилар.
Жумладан, ҳисоблаб чиқарилган жорий тўловлар микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган солиқ тўловчилар томонидан – юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ йиллик суммасининг ўн иккидан бир қисми миқдорида ҳар ойнинг 10-кунидан кечиктирмай тўланади.
Солиқ даври мобайнида мўлжалланаётган солиқ солинадиган база ўзгарган тақдирда, солиқ тўловчи юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммаси тўғрисида аниқлаштирилган маълумотнома тақдим этишга ҳақли. Бунда солиқ даврининг қолган қисми учун жорий тўловларга юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг ўзгариш суммасига тенг улушларда тузатиш киритилади.
Солиқ даврида тўланиши лозим бўлган юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммаси жорий тўловлар ҳисобга олинган ҳолда, ҳисоб-китобни тақдим этиш муддатидан кечиктирмай бюджетга ўтказилади.
Солиқ даврида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича жорий тўловлар суммаси ҳисоб-китобга кўра бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммасига нисбатан 10 фоиздан ортиқ камайтирилган тақдирда, давлат солиқ хизмати органи жорий тўловларни юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг ҳақиқий суммасидан келиб чиқиб, пеня ҳисоблаган ҳолда қайтадан ҳисоблаб чиқади.
Бинобарин, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича ҳисоб-китобларни юқорида қайд этилган тартибда Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги ДСИга тақдим этишингиз керак.
Шуни ҳам эътиборга олиш керакки, Солиқ кодекси 269-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандига кўра, янги барпо этилган корхоналар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб 2 йил мобайнида юридик шахсларнинг мол-мулк солиғини тўлашдан озод қилинадилар.