Тадбиркорлик субъектлари – импортёрлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига бож тўловлари бўйича имтиёзлар қўлланган ҳолда олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш тартиби тўғрисида низомда (ВМнинг 22.05.2013 йилдаги 139-сон Қарори билан тасдиқланган) экспорт декларациясининг ўрнини босадиган ҳужжат тилга олинган. АҚШда экспорт декларациялари берилмайди. Шу муносабат билан экспортчи мамлакатининг савдо-саноат палатаси томонидан тасдиқланган инвойс унинг ўрнини босадиган ҳужжат деб ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслигини билмоқчи эдим.
Н.Сидиқов.
«Holmurod-ota» МЧЖ.
Ҳозирда ЕИ мамлакатларида барча экспорт декларациялари электрон шаклда расмийлаштирилмоқда. Экспортчимиз декларациянинг қоғозга чиқарилган версиясини божхонанинг ҳўл муҳри билан тасдиқлата олмаяпти, чунки улар ЕИда бекор қилинган. Товар қийматини бошқа қандай усул билан тасдиқлай оламиз?
Х.К., декларант.
– Ҳақиқатан ҳам, Тадбиркорлик субъектлари – импортёрлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига бож тўловлари бўйича имтиёзлар қўлланган ҳолда олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 22.05.2013 йилдаги 139-сон Қарорига илова, бундан кейин – Низом) 3-бандида назарда тутилишича, агар экспорт божхона юк декларациясида товарнинг қиймати кўрсатилмаган бўлса ёки экспорт/реэкспорт қилувчи мамлакатнинг қонун ҳужжатларида товарни олиб чиқишда божхона декларациясини расмийлаштириш назарда тутилмаган бўлса, у ҳолда экспорт божхона юк декларацияси ўрнига товарни олиб чиқишда экспорт/реэкспорт қилувчи мамлакатда расмийлаштирилган ҳамда экспортёр ва импортёрнинг номи, Ўзбекистон божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарнинг қиймати, вазни ва миқдори тўғрисидаги маълумотлардан иборат бўлган ўрнини босувчи бошқа ҳужжат тақдим этилиши мумкин.
Дунёнинг кўп мамлакатларида бугунги кунда товарларни декларациялашнинг электрон шакли қўлланади. Шу сабабли Низомнинг 6-бандида таъкидланишича, экспорт божхона юк декларацияси қоғозли манбада босилган ва экспорт/реэкспорт қилувчи мамлакатнинг божхона органи ёки импортёр томонидан тасдиқланган электрон божхона юк декларацияси тарзида тақдим этилиши мумкин. Объектив сабабларга кўра ЕИ божхона органларида ушбу таомилни амалга ошириш мумкин эмаслигини ҳисобга олиб, юқорида таъкидланганидек, экспорт мамлакатидан олиб чиқишда Низом 3-бандининг талабларига жавоб берадиган, электрон декларациянинг ўрнини босадиган ҳужжатни расмийлаштиришни тавсия қиламиз. Агар сиз айтган савдо-саноат палатасининг инвойси ушбу талабларга мувофиқ бўлса, у декларация ўрнини босувчи ҳужжат бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Таҳририятдан.
Божхона соҳасининг ўзига хослиги шундайки, бирорта, ҳатто энг кўп қўлланадиган қоидалар мажмуи ҳам реал ҳаётда юз берадиган вазиятларнинг ҳаммасини қамраб ололмайди. Газетхонларимизнинг хатларига, ТИФ иштирокчилари билан учрашувлар вақтида берилган саволларга қараганда, бугунги кунда божхона тўловларига доир имтиёзларни қўллаган ҳолда Ўзбекистонга олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш учун экспорт божхона юк декларациясини қўллаш амалиётида бир қатор муаммоли жиҳатлар мавжуд. Тегишинча, уларни ҳуқуқий жиҳатдан батафсилроқ тартибга солиш зарур, чунки айрим қоидаларнинг етарлича аниқ таърифланмаслиги божхона ҳуқуқий муносабатларининг тарафлари уларни турлича талқин этишига олиб келади, оқибатда божхона органлари ходимлари учун ҳам, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун ҳам қийинчилик туғдиради.