Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 37 / Қарор ва ижро

Йўналишсиз такси қандай ишлаяпти

Абдунаби ота вилоят марказига келгач машинадан тушди-ю, йўлнинг чеккасидан кетаётган ҳамтенги Абдувосиққа дуч келди. Иккала дўст бир-бирларини бағриларига босиб кўришдилар, замонага тинчлик, халқимизга фаровонлик тилаб, мамнунликларини баҳам кўрдилар.

— Кўп қаватли иморатлар, кафтдек текис йўллар, замонавий турар жойлар, бозорлару мажмуаларни қўйинг, – деди Абдунаби ота, – юк ва енгил автомашиналарни айтмайсизми, истаган томонингизга бир зумда етиб борасиз.

— Боз устига уларнинг кўпчилиги ўзимизнинг республикамизда ишлаб чиқарилган, – қўшимча қилди Абдувосиқ ота.

— Ҳай-ҳай, қандай ҳур замонларга етиб келдиг-а! Мустақиллик раҳнамоси Президентимизга минг раҳмат, инсон учун барча имкониятлар яратган давлатимизга асло кўз тегмасин!

 

Бу сўзлар қарияларимизгина эмас, бугунги кунда ҳамма-ҳамманинг қалбидан отилиб чиқадиган шукрона.

Ана шундай суҳбат сабаб йўналишсиз таксилар фаолияти, ҳали-ҳануз бу соҳада учраб турган баъзи камчиликлар, ноқулайликлар ҳақида сўз юритмоқни лозим топдик.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 9 мартдаги «Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш соҳасидаги тадбиркорлик фаолиятининг алоҳида турларини амалга оширишни тартибга солиш тўғрисида»ги ПҚ-303-сон ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги «Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 139-сон қарорлари алоҳида диққатга сазовор бўлмоқда.

Айни вақтда Қашқадарё вилоятида 134 та транспорт уюшмалари фаолият кўрсатяпти. Уларга 2938 та автотранспорт воситалари шартнома асосида аъзо бўлишган. Улар таркибида автобус, микроавтобуслар турли маркадаги автомобиллар ва юк автомашиналари мавжуд. Бу соҳа аҳолининг оғирини енгил қилибгина қолмай, балки давлатимиз бюджетига ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Аммо эришилаётган натижаларни бугунги имконият ва талаблар даражасида деб бўлмайди. Буни 2013 йил 1 августгача бўлган ҳолат равшан кўрсатиб турибди. Олинган ҳисоботларга назар ташласак, вилоят бўйича транспорт уюшмаларига аъзо қилинган 2938 та автотранспорт воситаларидан фақат 894 таси ёки 30 фоизи фаолият кўрсатаётганлигини кўрамиз.

Автомобиль транспортида йўловчиларни тижорат асосида ташиш Ғузор туманидаги «Ғузортрансэкспресс» МЧЖда ҳисоботдаги 22 та транспорт ўрнига 11 та, Муборак туманидаги «Карбало Дашти» хусусий корхонасида 34 та ўрнига 13 та, Нишон туманидаги «Нишон транс плюс» МЧЖда 49 та эмас, 25 та, Қамаши туманидаги «Қамаши йўловчи транс» МЧЖда 17 та ўрнига 3 та деб қайд этилганлигига дуч келамиз. Бундай ҳолатлар барча туманлардаги транспорт уюшмалари фаолиятида ҳам учрайди. Шундай экан, белгиланган режалар бажарилмаслиги ўз-ўзидан аён.

Вилоят бўйича бир автотранспорт воситаси учун кунлик нақд пул тушуми 36,1 минг сўмни ташкил этаётгани ҳолда, ушбу кўрсаткич Ғузор, Қамаши, Касби, Муборак, Нишон, Чироқчи ва Шаҳрисабз туманларида 26-27 минг сўмдан ошмаётир. Вилоят ДСБ, вилоят ИИБ ва «Ўзавтодарётранс» агентликлари томонидан юқорида тилга олинган қарорлар ижросини таъминлаш, йўловчи ташувчи транспорт воситалари фаолиятини самарали назорат қилиш ва тартибга солиш юзасидан ҳамкорликда йиллик чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Ушбу режага асосан олиб борилган қўшма рейд тадбирлари натижасида йилнинг 7 ойида ўтказилган 371 текширувда 400 та ҳолатда турли ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, уларга нисбатан 242,1 млн.сўм маъмурий жарима чоралари қўлланилди. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятдаги автоуюшмаларда ўтказилган қисқа муддатли текширувларда 166 млн сўм нақд пул банк муассасаларига топширилмаганлиги маълум бўлди.

Туман давлат солиқ инспекциялари томонидан нақд пул бўйича прогноз кўрсаткичларни бажармаган ҳамда имконият даражасидан кам режа белгиланган транспорт уюшмаларига нисбатан тегишли тартибда чоралар кўрилди. 11 та автоуюшма фаолияти бўйича ҳужжатли тафтиш ўтказилиб, уларга нисбатан 608,9 млн сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар қўшимча ҳисобланиб, 16,7 млн сўм молиявий жарималар ва мансабдор шахсларга нисбатан тегишли маъмурий жарималар қўлланилди. Қарши шаҳридаги «Шижоат юлдузи» МЧЖ фаолиятида солиқ қонунчилигига риоя этилиши юзасидан ўтказилган текширишда корхона томонидан ҳисоботда 63 та юк автомашиналари кўрсатилмаганлиги учун қўшимча равишда 198,9 млн. сўм қатъий солиқ ҳисобланди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК Департаменти вилоят бошқармасининг қарори асосида «Транс-инвест сервис» МЧЖнинг 2008-2012 йиллардаги молиявий хўжалик фаолияти ўрганилганда, солиқ ва мажбурий тўловлардан 94,4 млн сўм қўшимча ва тўлов кечиктирилгани учун 29,7 млн сўм устама жарима ҳисобланди. МЧЖ томонидан 94 та юк автомобиллари ижарага олиниб, уларнинг ҳайдовчилари буйруқ асосида ишга қабул қилингану, улар бўйича ҳар ойда энг кам иш ҳақининг бир баробаридан кам бўлмаган миқдорда ягона ижтимоий тўлов ҳисобланмаган. Бундай нуқсонлар Департамент томонидан ўтказилаётган текширувларда Ғузор туманидаги «Goldеn-guzar-avto» МЧЖ фаолиятида ҳам кузатилди.

Ўтказилган банк айланмалари таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, баъзи транспорт уюшмаларининг мансабдор шахслари солиқларни қасддан яширишга йўл қўймоқдалар. Жумладан, Қарши шаҳридаги «Sergoous-uz» МЧЖ Ўзбекистон–Литва қўшма корхонаси томонидан тақдим этилган ягона солиқ тўлови ҳисоботида ялпи тушум 373,4 млн сўмга камайтириб кўрсатилган. Натижада давлат бюджетига ягона солиқ тўлови 22,4 млн. сўмга кам ҳисобланган. Юқоридаги каби ҳолатлар «Азиза бону ҳамкор транс» МЧЖ, «Иқболой дамас транс» хусусий корхонаси, «Шижоат юлдузи» МЧЖда ҳам аниқланди. Кўпгина транспорт уюшмаларининг раҳбар ва бош бухгалтерлари солиқ қонунчилигини мукаммал билмасликлари, солиқ ва тўловлар бўйича ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармасликлари корхоналарнинг бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалардан қарздорликлари ўсиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Юқоридаги камчиликлар пировард натижада давлатимиз бюджетига маълум миқдорда зарар келтираётганлиги ўз-ўзидан равшан ва зудлик билан тегишли чора-тадбирлар кўришни тақозо этади.

Қурбон Эгамбердиев.

Қашқадарё вилояти.

 

Прочитано: 3794 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика