Norma.uz

E-KOMMUNAL.UZ – ягона коммунал портал

Кўп ўзбекистонликлар Интернетнинг бошқа ахборот манбаларидан афзаллигини муносиб равишда баҳолашга улгурдилар. Яқин орада Узнет уй-жой-коммунал масалалар бўйича ҳам асосий хабарчига айланадиган кўринади. Узнетнинг ҳамма фойдаланадиган майдончасига айланган, уй-жой-коммунал соҳасига тааллуқли кўплаб ахборотлар йиғилган коммунал хўжалиги ва уй-жой фонди портали E-kommunal.uz шундай тахмин қилишга асос бўлади.

 

Ихтисослашган портал маълумот беришдан бошлаб фойдаланувчилар билан мулоқот қилишга асосланган мураккаб интерфаол хизматларга қадар бир талай сервисларни тақдим этади. Мухбиримиз уларнинг қанчалик қулай ва фойдали эканлигини ўз тажрибасидан келиб чиқиб ўрганди. Ишонамизки, у сизга ҳам фойдали бўлади.

Ҳозирги вақтда портал фақат рус тилида ишлаяпти, лекин унинг ўзбекча ва инглизча версиялари режалаштирилган. Юқори ўнг бурчакдаги ўтишга ҳаволалар ана шундан гувоҳлик беради. Ҳозирда ҳаволалар бўйича ўтиш чоғида фойдаланувчилар ушбу версиялар ишлаб чиқилаётганлиги тўғрисида хабардор қилинадилар. Фикримизча, бу сайт нисбатан яқинда ишлай бошлаганлиги билан боғлиқдир.

 

АХБОРОТ ЖУДА КЎП...

Аввало порталда тақдим этилган маълумот берувчи ахборотнинг ҳажми ва ундан фойдаланишнинг қулайлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Зарур маълумотларнинг кўпчилиги бош саҳифада жойлаштирилган. Масалан, сиз дарҳол коммунал хизматларга асосий тарифларнинг информерига эътибор қаратасиз. Унга кириб, бугунги кунда жисмоний ҳамда юридик шахслар учун амал қилаётган барча тарифлар кўрсатилган саҳифага ўтиш мумкин.

Информер остида шошилинч ва маълумот берувчи хизматларнинг телефон рақамлари жойлаштирилган. 01, 02 сингари икки белгили рақамдан фойдаланишда давом этаётганлар учун ҳозир янги уч белгили рақамлар: 101, 102 ва ҳ.к. амал қилаётганлиги алоҳида ажратиб кўрсатилган.

«Бош саҳифа»га фуқароларнинг мурожаатлари статистикаси киритилган. У қанча мурожаат келиб тушганлиги ва уларнинг мақомини кўрсатади.

Саҳифанинг чап томонида «Сайт менюси» жойлашган. У билан танишиб чиқамиз.

l Янгиликлар.

Портал уй-жой-коммунал мавзусини батафсил ёритиб бераётганлиги қувонарлидир. Одатда эълон қилинаётган янгиликлар ҳар бир фуқарога тааллуқли бўлади: «Газчиларга қарзни асоссиз равишда ҳисоблаб ёзаётганликлари ноқонунийлиги кўрсатилди», «Тошкентдаги гаражлар нима бўлади?» ва ҳоказо.

l Меъёрий ҳужжатлар.

Бу ерда маълумотлар базаси бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар изланади. Ячейкаларга ҳужжатнинг бизга маълум реквизитларини киритиб, «Топиш» тугмасини босамиз.

l Уй-жой-коммунал хўжалиги.

Ушбу бўлимда профессионал бошқарувчи компаниялар, ХУМШ, КТТАХ, коммунал хизматлар билан таъминловчилар, иссиқлик централлари тўғрисидаги маълумотлар (манзиллари, телефонлари, банк реквизитлари) тақдим этилган. Бу ердан ҳам «Тарифлар»га кириш мумкин. Яна икки кичик бўлим эса 055 Марказий шаҳар диспетчерлик хизмати ва УКХ соҳасидаги ташкилотларга (яъни Тошкент шаҳар Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмаси ва Профессионал бошқарувчи компаниялар уюшмасига) бағишланган.

Табиийки, мен ўзимнинг ХУМШни излашга киришдим, бунинг учун унинг номини излаш сатрига ёзиш керак. Тошкентдаги ХУМШларнинг ҳаммаси базада мавжуд деб аниқ айтолмайман, бироқ ўз ширкатимни топдим. Ўзимнинг ХУМШ рақамига қизиқиб телефон қилиб кўрдим ва телефон рақамлари тўғри берилганлигига ишонч ҳосил қилдим.

l Ҳудудий бўлиниш.

Агар Ўзбекистоннинг у ёки бу тумани тўғрисида ахборот керак бўлса, дадиллик билан тугмани босаверинг. Сиз туман ҳокимининг исми, ҳокимлик телефони, қабул қилиш соатлари ва кунлари, манзили, туман майдони ва аҳолиси сонини билиб оласиз. Шунингдек Тошкент туманларининг харитаси берилган (тегишли функциялари амал қилувчи Google map). Ўз маҳаллангиз, кўчангиз тўғрисидаги ахборотни ҳам ўқишингиз мумкин.

l Маълумотнома.

Ушбу бўлимда кабелли телевидение студиялари, милиция

таянч пунктлари, стандартлаштириш ва метрология бошқармалари, тиббиёт муассасалари, почта бўлимлари, жамоат транспорти (йўналиш ва нозимхоналар), банклар, новвойхоналар, бозорлар тўғрисидаги ахборот йиғилган. Шунингдек штрихли кодлар, ўлчов тизимлари, автомобиль рақамлари тўғрисидаги маълумотлар берилган. Бу ердан бошқа фойдали ҳаволалар орқали ҳам УКХ мавзуси бўйича форумга ўтиш мумкин.

Порталдан фойдаланиш тажрибасини ҳосил қила бориб, «Милиция таянч пунктлари»га, кейин «Тошкент», сўнгра «Юнусобод тумани»га кирдим, бироқ рақамини билмаганим боис туманимиздаги милиция пунктини биринчи киришда топа олмадим. Уни топиш учун тақдим этилган барча ҳаволаларни очишга, йўл-йўлакай манзилни солиштиришга мажбур бўлдим. Милиция пунктлари шаҳар туманлари бўйича бўлингани ишимни осонлаштирди. Албатта, оддий фойдаланувчи бундай тарзда ахтариб ўтирмайди. Кейинчалик кўча ёки маҳалла номи бўйича излаш устида иш олиб борилаётганлигидан хабар топдим.

Асосан порталда Тошкент бўйича маълумот берувчи ахборот тақдим этилган, бироқ ишлаб чиқувчиларнинг маълум қилишларича, республиканинг бошқа минтақаларини улаш ишлари ҳам бошлаб юборилган.

l Истеъмолчига ёрдам.

Тез-тез бериладиган саволларни шу ердан топасиз. Ушбу бўлимга мурожаат қилинг, эҳтимол, саволингиз аллақачон бир неча маротаба берилган бўлиши мумкин, шунда жавобни кутишингизга тўғри келмайди. Фойдаланувчиларга қулай бўлиши учун бу ерда фақат саволлар кўрсатилган, уларнинг ҳар бирига кирилганда жавоби чиқади. Жавобларда асосан муайян таомилларнинг мақсади ва ҳужжатлар очиб берилади.

Бундан ташқари, ушбу бўлимда ўзининг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишни хоҳловчилар учун фойдали ахборот берилган.

l Медиатека.

Эсингизда бўлса, ўтган йил охири – жорий йил бошида «Очиқ мулоқот» телекўрсатувлар туркуми ўтказилиб, уларда туманларнинг ҳокимлари фуқароларнинг саволларига жавоб беришган эди. Уларнинг видеотасмаларини бу ерда кўриш мумкин.

l Интерфаол хизматлар.

Менимча, бу бўлим сайтдаги энг қизиқарли бўлим, чунки маълумот берувчи ахборотларни ҳамма ерда топиш мумкин, амалда ишлайдиган интерфаол хизматлар эса – жуда оз.

 

E-KOMMUNALГА МУРОЖААТЛАР БАЖАРИЛСИН!

Интерфаол хизматлар E-kommunal порталига жалб этувчи хизматдир. Маълумот берувчи ахборот, албатта, керак, бироқ шундай бўлса-да, порталнинг қиммати – аҳолининг ҳокимият органлари ва коммуналчилар билан мулоқотидадир, бу «Савол беринг» ва «Мурожаатлар» бўлимлари орқали, «Коммунал хизматлар калькулятори», «Рўйхатдан ўтказиладиган почта жўнатмаларини излаш», «Бланкалар» сингари махсус ишлаб чиқилган сервислар билан таъминланади.

Порталнинг мақоми Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 9.04.2013 йилдаги «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқарувчи органлари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан мустаҳкамланган, унда пойтахт ҳокимининг биринчи ўринбосари ва туман ҳокимликларига муаммоли масалаларни ва шаҳар ҳокимлигида барпо этилган

e-kommunal.uz интернет-порталига келиб тушган аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш чораларини кўришни жадаллаштириш топширилган. Келиб тушадиган саволлар, улар ижросининг назорати таҳлил этилиши, қилинган иш тўғрисидаги ахборот Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашига тақдим қилиниши керак.

Портал орқали савол бериш ёки муаммо билан мурожаат қилиш учун рўйхатдан ўтиш лозим. Рўйхатдан ўтиш ID.UZ сервиси билан боғланган.

ID.UZ – ягона идентификация тизими бўлиб, унга Uzinfocom маркази томонидан ишлаб чиқилган барча сервислар уланган. Рўйхатдан ўтган тизим фойдаланувчиси ўз мақомига боғлиқ ҳолда турли хизматлар ва сервисларга кира олади. Улар иккита:

аноним фойдаланувчи – ушбу мақом рўйхатдан ўтказилгандан кейин дарҳол тақдим этилади;

PassportID-фойдаланувчи – паспорт маълумотлари Uzinfocom маркази офисига тақдим этилганидан кейин паспортнинг амал қилиш муддатига берилади. Ушбу мақомни Интернет тармоғида идентификацияловчи ҳужжат сифатида баҳолаш мумкин.

Рўйхатдан ўтказилгандан кейин фойдаланувчи хизматлар етказиб берувчиларининг реквизитларини билиб олиши, портал маъмуриятига савол билан мурожаат қилиши мумкин. Шуни таъкидлаш жоизки, фақат ўз профилида маълумотларни, мисол учун, ўз манзилини кўрсатгандагина бошқарувчи компанияларнинг реквизитларини билиб олиш учун «Хизматлар етказиб берувчиларим» хизматидан фойдаланиш имконияти берилади. Профилдаги барча маълумотлар таҳрир қилинади, шу сабабли янги яшаш жойига кўчиб ўтганда сиз ахборотни янгилай оласиз.

Рўйхатдан ўтказилгандан кейин юқори ўнг бурчакда исм ва фамилиянгиз билан бир қаторда тишли ғилдирак рамзи пайдо бўлади. Унга курсор қаратилганда «Мурожаатларим», «Хизматлар етказувчиларим», «Профилим» ва «Вижетларим» сервисларига тез кириш менюси пайдо бўлади. «Вижетларим»да ресурсдан фойдаланувчи он-лайн режимида шахсий ҳисобрақамига электр энергияси бўйича жорий ҳисобланмани кўриши мумкин. Хизмат 10 июнда «Ўзбекэнерго» ДАК билан ҳамкорликда ишга туширилган. Бошқа коммунал хизматларнинг ҳам вижетлари ишлаб чиқиш жараёнида.

Шуни таъкидлаш жоизки, порталда ҳақиқатан ҳам саволларга жавоблар берилади. Дарҳол эмас, чунки ишлов бериш ва жавобни излашга вақт талаб қилинади, бироқ жавоб берилади. Эслатиб ўтаман, савол беришдан олдин «Истеъмолчига ёрдам» бўлимининг «Кўп бериладиган саволлар» кичик бўлимига кўз ташлаш жоиз. Эҳтимол, кимдир сизни қизиқтираётган нарса тўғрисида сўраб бўлгандир. Шунингдек қилинган мурожаатларга жавобларни кўздан кечириш ортиқчалик қилмайди. Шунда сиз вақтни тежашга ва унга портал маъмурлари ишлов беришга улгуришларидан аввал жавобни тезроқ билишга муваффақ бўласиз.

Мурожаатлар учун махсус шакл назарда тутилган. Унинг ёрдамида мурожаатлар мавзулар бўйича сараланади: УКХ; ободонлаштириш; таълим; транспорт; жамоат жойлари; ушбу портал муаммолари; ижтимоий хизматлар; коммунал хизматлар. Нима учун коммунал хизматлар тўғрисидаги сайтнинг «Таълим» бўлимида мурожаат қилиш мумкинлиги сабабини айтиш мушкул, бироқ у назарда тутилган. Ўз навбатида, ҳар бир мавзу тоифаларга бўлинган, мисол учун, УКХ мавзусида ертўла, том, йўлак, лифт, чордоқ ва бошқа кичик мавзулар мавжуд.

Мурожаатда фойдаланувчига ўз маҳалласи, кўчаси, уйи ва мўлжални кўрсатиш таклиф қилинади. Шунингдек, мисол учун, олиб чиқиб кетилмаётган ахлат уюми ёки анчадан буён таъмирланмаган том, сув тиззагача чиқадиган ертўла кабиларнинг фотосуратини илова қилиш имконияти мавжуд. Сўнгра фойдаланувчи ўз мурожаати матнини тузиб, муаммони батафсил баён этади.

Мурожаатни кўриб чиқишга жўнатиш учун фойдаланувчи битими шартлари билан танишиш ва тегишли дарчага белги қўйган ҳолда уларни қабул қилиш лозим. Битимда қандай шартларга риоя этилганда мурожаатлар қабул қилиниши, қай бирига риоя этилмаганда порталга қабул қилинмаслиги кўрсатилган.

Мурожаат рад этилмаслиги учун унда жўнатувчининг фамилияси, исми-шарифи, яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши керак. Хабар матнининг ўзида аризанинг моҳияти, таклифлар ёки шикоятлар баён этилиши керак.

Агар мурожаатда:

жўнатувчининг фамилияси, исми, отасининг исми ва электрон почта манзили кўрсатилмаган;

ҳақиқий бўлмаган маълумотлар кўрсатилган, шу жумладан фуқаро ўзи тўғрисида нотўғри маълумотлар ва (ёки) жавоб учун нотўғри манзилни кўрсатган;

мурожаатда беадаб ёки ҳақоратли иборалар мавжуд бўлган;

мурожаатда тушунарсиз қисқартиришлар ёки реклама материаллари мавжуд бўлган;

ушбу мурожаат такроран келиб тушган бўлса;

мурожаатни зарур қўшимча ҳужжатларсиз кўриб чиқиш мумкин бўлмаса, маъмурият мурожаатни кўриб чиқишни рад этиш ҳуқуқини ўз зиммасида қолдиради.

Шунингдек фуқаро туҳмат ва ҳақоратлар учун қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлиши таъкидлаб ўтилган (6.05.1994 йилдаги «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида» 1064-XII-сон Қонуннинг 26-моддасига қаранг, 13.12.2002 йилдаги 446-II-сон Қонун таҳририда).

Агар мурожаат барча талабларга мувофиқ бўлса, уни портал қабул қилади ва унга идентификация рақами (ID) берилади. Ке-йинчалик «Мурожаатни излаш» функциясидан фойдаланиб, ID бўйича уни топиш мумкин. Шунингдек «Мурожаатларим» кичик бўлимида мурожаат мақомини қуйидагича кузатиш мумкин: «Ижрода», «Рад этилган», «Бажарилган», «Режалаштирилган», «Муддати узайтирилган», «Қониқтирилмаган», «Ёпилган», «Автоматик ёпилган».

«Барча мурожаатлар» бўлимида берилган барча мурожаатлар ва шикоятлар кўрсатилган. Агар фильтрдан фойдаланилса (саҳифанинг юқорисида), мурожаатларнинг қанчаси бажарилганлиги, қанчаси бажариш жараёнида турганлигини кўриш мумкин. 19 июндаги ҳолатга кўра «Бажарилган» мақомида 121 мурожаат, «Ижрода» мақомида 60 мурожаат қайд этилган эди.

Яқинда портал ишлаб чиқувчилари янги функционал: мурожаатлар статистикасини ва шикоят ёки мурожаат қилганларнинг фикрларини жорий этдилар. Агар коммуналчилардан расмият учун жавоб олинган ёки иш сифатсиз бажарилган бўлса, ижродан норозилигингизни кўрсатишингиз ва сабабини баён этишингиз мумкин. Шунингдек мурожаатни кўриш муддати ўтган, уни юборган шахс эса буни унутган ҳоллар учун рўйхатдан ўтказиш чоғида кўрсатилган почтага мурожаатнинг муддати ўтганлиги тўғрисида хабарнома жўнатиш назарда тутилган. Уни олган фуқаро барча ишлар қилинганлиги ёки, аксинча, бажарилмаганлиги ёки тўлиқ бажарилмаганлигини кўрсатиши керак. Агар мурожаат қилувчи эслатма ҳам муносабат билдирмаса, хабар автоматик равишда ёпилади ва бажарилган деб белгиланади.

 

КВИТАНЦИЯЛАР ТУГАДИМИ? – МАСАЛАНИНГ

ЕЧИМИ БОР

E-kommunal порталида назарда тутилган яна бир интерфаол хизмат – «Коммунал хизматлар калькулятори». Бунда фойдаланувчи, ҳатто рўйхатдан ўтмасдан туриб, электр энергияси, табиий газ, иссиқ ва совуқ сув, иситиш, ахлат учун қанча тўлаши кераклигини ҳисоблаши мумкин. Дастурда ҳисоблагичнинг мавжудлигини ҳисобга олиб ёки усиз, квартирада яшовчи кишиларнинг сонидан келиб чиқиб турли тарифлар қўйилган. Бироқ у фақат жисмоний шахслар учун мўлжалланган. Юридик шахслар учун калькулятор энди ишлаб чи-қиляпти.

Шунингдек бу ерда калькулятордан, ҳисоблагич кўрсаткичларининг тўғри ўқилиши акс эттирилган суратлардан фойдаланиш йўллари қадамма-қадам ёритилган йўриқнома берилади. Сиз фақат тарифни, ойлар сонини танлашингиз ва кўрсаткичлар билан ячейкани тўлдиришингиз керак, холос. Агар сиз коммунал хизмат тўловларини одатдаги усул билан кассага тўласангиз, олинган натижаларни қоғозга чиқаришингиз ва маълумотларни квитанцияга ёзишингиз мумкин.

Бироқ Интернетдан фаол фойдаланувчиларга «Бланкалар» хизмати маъқул келиши шубҳасиз. Ундан фойдаланамиз. «Бланкалар» сатрига босгандан кейин рўйхат очилади, унда электр энергияси, газ, ахлат, иситиш ва иссиқ сув учун тўлаш бланкалари тақдим этилган. Биринчисига босамиз. Квитанция шакли очилади. Юқоридаги ўнг бурчакка тарифни белгилаш лозим: «Оддий уйлар» ёки «Электр печли уйлар». Ҳаммасини оддий квитанциядагидек тўлдирамиз: шахсий маълумотлар (агар сиз ID.UZ тизими орқали авторлаштирилган бўлсангиз, маълумотлар автоматик равишда пайдо бўлади), тўлдириш куни ва кўрсаткичларнинг ўзи – фақат битта фарқ билан, дастур якуний суммаси ўзи автоматик равишда ҳисоблайди. Сўнгра бланкани квитанция остида ўнгда жойлашган «Қоғозга чиқарилсин» тугмасини босиб, принтерга жўнатиш мумкин. Хизматлар етказиб берувчиларига қўнғироқларим натижаларига кўра шундай хулоса чиқаришим мумкин: баъзи туманларда порталдан квитанцияларни ҳали олишмаган, баъзиларида кишилар хизматларга ҳақ тўлаб, улардан фаол тарзда фойдаланмоқдалар.

Хулосада шуни айтишни хоҳлардимки, Портал нисбатан яқинда ишлай бошлаганлигини ҳисобга олганда, уни барпо этувчилар томонидан жуда катта иш қилинган, функционал мунтазам равишда такомиллаштирилмоқда, у жуда қулай, ҳар қандай, унчалик билими кучли бўлмаган фойдаланувчига йўналтирилган. Албатта, ҳозир ҳам такомиллаштириладиган жиҳатлари мавжуд, бироқ, фикримча, мазкур босқичнинг ўзидаёқ E-kommunal портали ёрдам олиш мақсадида мурожаат қилувчилар учун қимматга эга.

Сиз учун портал шарҳини мухбиримиз

Ольга КИРЬЯКОВА

тайёрлади.

 

Прочитано: 4785 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика