Norma.uz

Ёш келса – ишга марҳамат!

– Вояга етмаган шахсларни ишга қабул қилаётганда иш берувчи меҳнат қонунчилигида ижтимоий ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва кафолатлар тарзида уларнинг алоҳида меҳнат мақоми белгиланганлигини эътиборга олиши керак, бу билан у нохуш ҳолларга йўл қўймасликнинг олдини олган бўлади.
Умумий қоидага кўра меҳнат шартномасини ўсмир билан у 16 ёшга тўлганда тузиш мумкин. Бироқ қонунчиликда:
ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун – улар 15 ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахс­лардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга ҳам йўл қўйилади (Меҳнат кодексининг 77-моддаси, бундан кейин – МК).
Вояга етмаган шахсларнинг асосий ҳуқуқлари МК XIV бобининг (239-249-моддалар) «Ёшлар учун қўшимча кафолатлар» деб номланган 2-параграфида мустаҳкамланган.
18 ёшга тўлмаган барча шахс­лар дастлабки тиббий кўрикдан ўтгандан кейингина ишга қабул қилинадилар ва кейинчалик улар вояга етгунларига қадар ҳар йили мажбурий тарзда тиббий кўрикдан ўтказиб турилиши керак.
Вояга етмаган шахслар меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатларда катта ёшдаги ходимлар билан тенг ҳуқуқда бўладилар, меҳнатни муҳофаза қилиш, иш вақти, таътиллар ва бошқа меҳнат шартлари соҳасида улар учун меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда белгиланган қўшимча имтиёзлардан фойдаланадилар.
Чунончи, мазкур шахслар меҳнатидан шу тоифа ходимларининг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган меҳнат шароити ноқулай ишларда, ер ости ишларида ва бошқа ишларда фойдаланиш тақиқланади.
Уларнинг белгилаб қўйилган нормадан ортиқ оғир юк кўтаришлари ва ташишларига йўл қўйилмайди.
Шунингдек, вояга етмаган шахсларни тунги, ишдан ташқари вақтдаги ва дам олиш кунларидаги ишларга жалб этиш мумкин эмас.
18 ёшга тўлмаган ходимлар учун меҳнат қонунчилигида кўп сонли имтиёзлар назарда тутилган, яъни ҳақ тўланадиган узайтирилган таътил, қисқартирилган иш вақти ва бошқалар.
Хусусан, уларга ёши ва соғлиғи ҳолатини ҳисобга олиб, 30 календарь кунга йиллик узайтирилган таътил берилади. Ундан ёзда ёки улар учун қулай бўлган йилнинг исталган вақтида фойдаланиш мумкин (МКнинг 135, 144-моддалари).
Иш вақтининг муддати 16 дан 18 ёшгача бўлган ходимларга ҳафтасига 36 соатдан, 15 дан 16 ёшгача бўлган шахслар учун эса ҳафтасига 24 соатдан ошмаслиги керак. Бунда кундалик иш вақтининг қисқартирилган муддати чоғида вояга етмаган шахслар меҳнатига ҳар кунги тўлиқ иш муддати чоғида тегишли тоифадаги ходимлар учун белгиланган миқдорда ҳақ тўланади.
18 ёшга тўлмаган шахслар билан меҳнат муносабатлари катта ёшдаги ходимлар билан бўлганидек асосларга кўра бекор қилинади. Бироқ бунда ўзига хос хусусиятлар ҳам бор.
МКнинг 246-моддасига мувофиқ бундай ходимларни иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатишга, меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий тартибига риоя қилишдан ташқари, туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказининг розилиги билан йўл қўйилади.
Ота-оналар ва васийлар (ҳомийлар), шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш устидан назорат қилувчи органлар ҳамда вояга етмаганлар ишлари билан шуғулланувчи комиссиялар, агар 18 ёшга тўлмаган шахслар бажараётган ишни давом эттириш улар соғлиғига зиён қиладиган ёки уларга бошқача тарзда зарар етказадиган бўлса, бундай шахслар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишни талаб этишга ҳақлидирлар.
Ва, охиргиси, агар сизда ўғлингизни ишга жойлаштиришда қийинчиликлар юз бераётган бўлса, туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига мурожаат қилишни тавсия этамиз. Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида низомга1 мувофиқ ўғлингиз ана шундай тоифага мансуб деб топилиши мумкин, зеро у таътил муассасасини битирган ва ишга киришни хоҳлаётган ёшлар сирасига киради.
Иш берувчи туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш маркази ва бошқа органлар томонидан белгиланган иш жойларининг энг кам сони ҳисобига иш жойларига ишга жойлаштириш тартибида юбориладиган 18 ёшга тўлмаган шахсларни ишга қабул қилишга мажбур.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органининг ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш қидиришда қийналаётган шахслар учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш бўйича қарорини бажармаган ташкилотга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жарима солинади. Белгиланган иш жойларининг энг кам миқдори ҳисобига ишга қабул қилишдан бўйин товлашга нисбатан судга шикоят қилиниши мумкин.

1ВМнинг 20.08.2008 йилдаги 186-сон қарори билан тасдиқланган.

«Кадрлар бўлими» рукнини эксперт-юристимиз Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ олиб боради.

Прочитано: 2703 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика