Корхонамизда бир нечта лавозим қисқартирилди. Кейинроқ раҳбарият ишдан бўшатилган ходимлар бажарган ишлар корхонага керак деган хулосага келди. Шу сабабли иш берувчи ташкилот штатига ушбу лавозимларни киритиш ва ходимларни қайтадан ишга олишни хоҳлаяпти.
Қисқартириш амалга оширилгандан кейин қанча вақтдан кейин иш берувчи ушбу лавозимларни штат жадвалига яна киритиши мумкин?
Б.Валиев.
Тошкент шаҳри.
– Иш берувчи корхона фаолиятининг хусусиятлари ва эҳтиёжларини ҳисобга олиб, ходимлар таркиби ва сонини мустақил равишда белгилашга ҳамда зарурат туғилганда исталган вақтда штат жадвалига штат ёки ходимлар сонини қисқартириш ва уларни кўпайтиришга (корхонанинг мулк шаклига боғлиқ ҳолда) олиб келадиган ўзгартиришлар киритишга ҳақлидир.
Меҳнат қонунчилиги иш берувчи яна штат жадвалига илгари қисқартирилган бирликни (лавозимни) киритиши мумкин бўлган муддатни белгиламайди. Бироқ ушбу ҳолатдан, масалан, иш берувчи ўзига маъқул бўлмаган ходимларни ишдан бўшатиш учун фойдаланишига йўл қўйиб бўлмайди.
Шу тариқа, агар бирор-бир сабабга кўра иш берувчи штатни қисқартириш тўғрисида қарор қабул қилса, бироқ кейинчалик ушбу лавозимларга эҳтиёж юзага келса, у штат жадвалига илгари чиқариб юборилган бирликни киритиши ва ходимларни қайтадан ишга олиши мумкин. Ушбу ҳаракатлар, агар уларни ишдан озод қилиш (штатни қисқартириш) меҳнат қонунчилиги меъёрларига аниқ мувофиқликда юз берган бўлса, ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилишнинг тўғрилигига ҳеч қандай таъсир қилмайди.
«Кадрлар бўлими» рукнини эксперт-юристимиз Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ олиб боради.