Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 27 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

ФЕРМЕРЛАРГА ТОМЧИЛАТИБ СУҒОРИШНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ФОЙДАЛИ БЎЛАДИ


Президентнинг 19.04.2013 йилдаги ПҚ-1958-сон қарорини бажариш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 21.06.2013 йилдаги 176-сон қарори билан томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш ва молиялаштириш тартибига доир низомлар тасдиқланди.
Қарор билан томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш устувор тартибда амалга ошириладиган ер участкалари белгиланди. Улар орасида – ирригация эрозиясига учраган кучли нишабли ер участкалари, боғлар, узумзорлар учун ажратилган ер участкалари ва бошқалар бор.
Шуни эслатиб ўтамизки, Президентнинг юқорида тилга олинган ПҚ-1958-сон қарори билан 2013–2014 йиллар даврида томчилатиб суғориш тизимларини жорий этувчи қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини рағбатлантириш механизмини синов тариқасида қўллаш режалаштирилган эди.
Ушбу чоралар ВМнинг ҳозирги 176-сон қарори билан мустаҳкамланган. Хусусан, фермерларга тежалган сув ресурсларидан бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларда қишлоқ хўжалиги экинлари ўстириш учун фойдаланиш ҳуқуқи берилади. Шунингдек ҳужжат билан томчилатиб суғориш тизими ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологиялари учун бутловчи буюмлар ишлаб чиқарувчи ихтисослаштирилган ташкилотларга декларация қилинган нархлар бўйича полиэтилен гранула харид қилиш учун ҳар йиллик квоталар ажратилиши назарда тутилди.
Томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш тасдиқланган Давлат дастури асосида амалга оширилади.
2013–2014 йиллар даврида Ўзбекистон Рес­публикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасининг кредит линияси ҳисобига тажриба тариқасида томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш учун тижорат банклари томонидан қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига кредитлар бериш тартиби тўғрисида низомда фермер хўжаликларининг имтиёзли кредитларни олиш имконияти назарда тутилган. Кредитни қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари фақатгина Давлат дастурига киритилган лойиҳани молиялаштириш учун олишлари мумкин.
Одатда кредит ЭКИҲнинг 1 000 бараваридан ошмайдиган миқдорда, камида 3 йил муддатга берилади. Қарз олувчида бир ёки бир нечта таъминот турлари мавжудлиги уни олишнинг мажбурий шарти ҳисобланади. Бу гаровга қўйиладиган мол-мулк ёки қимматли қоғозлар; банкнинг ёки суғурта ташкилотининг кафолати; кафиллик бўлиши мумкин. Шунингдек кредит маблағлари ҳисобига сотиб олинган асбоб-ускуна унинг қийматининг 80 фоизига тенг миқдорда гаров предмети бўлиши мумкин. Низомга мувофиқ банк 10 иш куни мобайнида кредит бериш ёки кредит беришни асосли рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиши керак.

ЗАМОНАВИЙ МАДАНИЯТ ВА ДАМ ОЛИШ МАРКАЗЛАРИ АҲОЛИ ХИЗМАТИДА

«Обод турмуш йили» Давлат дастурини бажариш доирасида Вазирлар Маҳкамасининг 25.06.2013 йилдаги 178-сон қарори билан 2013–2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш ва уларнинг моддий-техника базасини ривожлантириш бўйича тадбирлар комплекси, шунингдек ушбу марказлар тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Хусусан, 1 777 та маданият уйлари ва клуб муассасалари негизида 894 та маданият ва аҳоли дам олиш марказларини (улардан 38 таси – имкониятлари чекланган шахслар учун) барпо этиш режалаштирилмоқда.
Янгидан ташкил этиладиган марказларнинг моддий-техника базасига алоҳида эътибор берилади. Марказларни жойлаштириш учун мос келадиган биноларда кўп функцияли заллар мавжуд бўлиши шарт. Маданият ва аҳолининг дам олиш марказлари учун бинолар қишлоқ кинотеатрлари ҳамда идоралар, ташкилотлар ва корхоналарнинг, собиқ колхозлар ва совхозларнинг фойдаланилмаётган бинолари ажратилади. Улардаги мавжуд, фойдаланишга яроқли мусиқа асбоблари ва анжомлар янгидан ташкил этиладиган маданият ва аҳолининг дам олиш марказлари балансига белгиланган тартибда берилади. Ҳужжат билан марказларни замонавий ахборот ресурслари ҳамда даврий матбуот нашрлари билан таъминлаш ҳам назарда тутилган.
Бўлғуси ходимларнинг 2 ой муддатда аттестациядан ўтказилишини таъминлаган ҳолда марказлар штатини бутлашга алоҳида масъулият билан ёндашиш тавсия этилган.
Ҳужжат билан марказларда тўгарак машғулотларини ўтказишга мусиқа ва санъат мактаблари, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқитувчиларини кўпи билан 0,5 ставка ҳисобидан, контракт асосида жалб этишга рухсат берилди.
Марказларнинг энг муҳим вазифалари орасида Интернет-студиялар, электрон ресурслар воситасида ахборот-коммуникация технологиялари ва хорижий тилларни ўрганиш курслари ташкил этиш, қизиқарли ва мароқли томошалар, тўйлар ва бошқа тантанали тадбирлар ўтказилишини ташкил этиш, фото ва амалий санъатнинг доимий ва вақтинчалик кўргазмаларини ўтказиш, қизиқишлар бўйича студиялар ва тўгараклар ташкил этиш ва бошқаларни тилга олиш мумкин.


МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ ДАСТУРИГА ЯНГИ ЛОЙИҲАЛАР КИРИТИЛДИ
Вазирлар Маҳкамасининг 26.06.2013 йилдаги 183-сон қарори билан 2011–2013 йилларда саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига тузатиш киритилди.
Ҳужжатга мувофиқ Дастурга саккизта корхонанинг 13 та янги лойиҳаси киритилди.
Белгиланишича, мазкур Қарорга мувофиқ Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган ташкилотларга Президентнинг 27.01.2009 йилдаги
ПҚ-1048-сон қарорининг 3-бандида назарда тутилган имтиёзлар:
божхона тўловлари бўйича – мазкур Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб;
солиқлар бўйича – 2013 йил 1 июлдан бошлаб қўлланади.
Шуни эслатиб ўтамизки, ПҚ-1048-сон қарорнинг 3-банди билан қуйидаги корхоналар:
четдан олиб келинадиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, шунингдек маҳаллийлаштириладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологик жараёнида фойдаланиладиган компонентлар учун божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари);
маҳаллийлаштириш лойиҳалари бўйича ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бўйича фойда солиғи, ягона солиқ тўлови (солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини қўллайдиган субъектлар учун);
маҳаллийлаштириладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган асосий ишлаб чиқариш фондлари бўйича мулк солиғи тўлашдан озод қилинган.
Қарор билан Маҳаллийлаштириш дастуридан иккита корхона чиқариб ташланди.

ҲАЙДОВЧИЛАРНИ МАЖБУРИЙ ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ЎРНАТИЛДИ
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлигининг қарори (АВ томонидан 27.06.2013 йилда 2472-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ҳайдовчи ва ҳайдовчиликка номзодларни транспорт воситаларини бошқаришга яроқлилигини текшириш учун тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжат билан белгиланишича, «А», «В», «С», «D» ва «Е» тоифаларидаги автомототранспорт воситалари ҳамда трамвай ва троллейбус ҳайдовчилари ва ҳайдовчиликка номзодлар мажбурий равишда тиббий кўрикдан ўтадилар. Ҳайдовчилар ҳар 2 йилда бир маротаба, тижорат асосида йўловчиларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи ҳайдовчилар ҳар йили тиббий кўрикдан ўтишлари шарт.
Транспорт воситаларининг бирон бир тоифасини бошқариш ҳуқуқига ҳамда ушбу тоифа бўйича тиббий кўрикдан ўтиш муддати тугамаган тиббий хулосага эга ва қуйи тоифадаги (мисол учун «А» тоифа «В» тоифага нисбатан қуйи ҳисобланади) транспорт воситаларини бошқаришга номзодлар қўшимча кўрикдан ўтишлари шарт эмас.
Тиббий кўрикдан ўтказиш Соғлиқни сақлаш вазирлигининг давлат даволаш-профилактика муассасалари томонидан пуллик асосда амалга оширилади.
Ҳайдовчиликка номзодлар ва ҳайдовчилар транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи таълим муассасаларига ўқишга киришидан бир ой олдин тиббий кўрикдан ўтишлари лозим.
Тиббий кўрикдан ўтказиш муддати 3 календарь кунидан ошмаслиги керак. Мураккаб, қўшимча тиббий текширув талаб этиладиган ҳолатларда ушбу муддат 10 календарь кунигача узайтирилиши мумкин.
Низомда ҳайдовчилар ва ҳайдовчиликка номзодларни тиббий кўрикдан ўтказишда транспорт воситасини бошқаришга умумий тиббий ва қўшимча тиббий монеликлар рўйхатлари келтирилган.

Тақдим этилган ҳужжатларга қисқача шарҳларни эксперт-юристларимиз
Елена ЕРМОХИНА ва Сардор ЖУМАШОВ
тайёрладилар.

Прочитано: 2427 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика