Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 27 / Олий Мажлис Қонунчилик палатасида

Депутатлар долзарб қонун лойиғаларини кўриб чиқдилар

Депутатлар биринчи ўқишда бир қатор лойиҳаларни кўриб чиқдилар. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 22 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаси, депутатларнинг фикрича, мамлакат аграр соҳасини жадал ривожлантиришга қаратилган ҳуқуқий нормаларни такомиллаштиришга, фермер хўжаликлари маблағларини устав фондига жалб этиш орқали уларнинг капиталлашув даражасини оширишга, фермер хўжаликларининг иқтисодий барқарорлигини таъминлашга, етиштирилаётган маҳсулот сифати ва хавфсизлигини таъминлашда фермерларнинг мажбуриятларини янада аниқроқ белгилашга хизмат қилади.
Мажлисда «Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Қонун лойиҳасида режали текширувлар ўтказиш, шу жумладан банк ва молия тузилмаларининг фаолиятини тафтиш қилиш кўпи билан беш йилда бир марта амалга оширилиши назарда тутилади.
«Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисидаги низомни (янги таҳрири) тасдиқлаш ҳақида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида у Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 30 ноябрдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилганлиги қайд этилди. Қонун лойиҳасида судьялик лавозимларига номзодларни танлаш, тайёрлаш тизимининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш бўйича чоралар кўриш, суд ҳокимиятининг том маънодаги мустақиллигини янада таъминлашнинг Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш кўзда тутилган.
«Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 26-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишда ушбу қонун лойиҳаси давлат бошқарувининг тегишли органлари томонидан суғурта қилдирувчиларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган суғурта қилиш мажбуриятларини бажариши устидан самарали назоратни таъминлаши қайд этилди. Депутатлар корпусининг фикрича, киритиладиган тузатишлар давлат назорати органлари томонидан суғурта қилдирувчилардан тегишли маълумотлар олиш имкониятини назарда тутади. Бу суғурта қилдирувчиларга суғурта қилдирувчилар, суғурталанган шахслар ва наф олувчилар, шунингдек, суғурталанган мол-мулк ва суғурта суммаси тўғрисидаги маълумотларни, яъни суғурта қилдирувчилар томонидан суғурта қилдириш мажбуриятлари бажарилиши ҳолатини аниқлаш учун зарур ахборотни давлат бошқарувининг тегишли органларига топшириш имконини беради.
Батафсил муҳокамадан кейин Олий Мажлис Қонунчилик палатаси юқорида таъкидланган қонун лойиҳаларининг асосий қоидаларини маъқуллади ва депутатларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олган ҳолда уларни биринчи ўқишда қабул қилди. Иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун ҳужжатларни тайёрлаш масъул Қўмита зиммасига топширилди.
«Экологик назорат тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси чоғида Депутатлар гуруҳи аъзолари ушбу қонунни қабул қилиш муҳимлигини қайд этган ҳолда, қонун лойиҳасида юридик ва жисмоний шахсларнинг табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатига риоя қилишини кузатиш, фуқароларни атроф-муҳит ва табиий ресурсларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш руҳида тарбиялашга доир ишларни амалга ошириш бўйича ваколатларга эга бўлган экологик назоратнинг жамоатчилик инспекторлари институтини жорий этиш таклиф этилаётганлигини, бу эса Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик вазиятни соғломлаштириш ишида жамоатчиликнинг фаол иштирок этишини ҳар тарафлама кучайтиришга доир дастурий вазифаларига мувофиқ келишини таъкидлади. Бундай жамоатчилик инспекторлари институти АҚШ, Буюк Британия, Германия, Корея Республикаси каби чет эл давлатларининг табиатни муҳофаза қилишга доир амалиётида кенг қўлланилмоқда.
Умуман олганда, депутутлар жамиятимизнинг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, шунингдек мамлакат тараққиётининг ҳозирги босқичида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қўйилган вазифаларни амалда рўёбга чиқаришнинг муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.
Ўзбекистон Республикаси


Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг
Ахборот хизмати материаллари асосида тайёрланди.

Прочитано: 2025 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика