Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 25 / Почта қутиси

Мумкин, бироқ икки баравар ҳақ эвазига

Буюк Британия фирмаси билан тузилган шартномага кўра товарларни бизга Латвия транспорт компанияси етказиб берди. Унинг шартномада ва товарларнинг келиб чиқиш СТ-1 сертификатидаги манзили тўғрисидаги маълумотлар билан инвойс ва темир йўл юкхатларида қайд этилган маълумотлар ўртасидаги фарқ бор. Ҳозирда Латвия транспорт компанияси ўз манзили ўзгарганлиги тўғрисида хат юбориб, бизни хабардор қилди. Товарнинг келиб чиқиш СТ-1 сертификатини эътиборга олмасдан, божхона расмийлаштирувини амалга ошириш мумкинми?
М.Дўстбобоев.


– Лозим даражада расмийлаштирилган товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатни ёки маълумотларни тақдим этмаслик божхона расмийлаштирувини рад этиш учун асос бўлмайди. Бироқ ушбу ҳолда божхона божлари Ўзбекистон Республикаси бож тарифининг энг юқори ставкалари бўйича ундирилади.
Товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга1 (бундан кейин – 2131-сон Низом) мувофиқ товар импорт қилинганда сертификат қуйидаги ҳолларда божхона органларига тақдим этилади:
а) Ўзбекистон Республикаси томонидан тариф преференциялари берилган мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарларга;
б) мазкур мамлакатдан импорт қилиниши миқдорий чекловлар (квоталар) орқали ёки ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солишнинг бошқа усуллари орқали тартибга солинадиган товарларга;
в) башарти бу Ўзбекистон иштирокчиси бўлган халқаро битимлар, шунингдек республика қонунчилигида назарда тутилган бўлса;
г) божхонада расмийлаштириш учун тақдим этилган ҳужжатларда товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги маълумотлар бўлмаган ёки божхона органида товарларнинг келиб чиқиши тўғрисида нотўғри маълумотлар декларацияланмоқда деб ҳисоблашга асос бўлган ҳолларда.
Буюк Британия ва Латвия Энг яхши қулайлик режими тақдим этиладиган савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланган мамлакатлар рўйхатига2 киради. Мазкур ҳолда энг яхши қулайлик режими (ЭЯҚР) деганда давлатлар томонидан бир-бирларига халқаро шартнома тартибида савдо, божхона божлари бобида бериладиган режим тушунилади. У ўз шартларига кўра бошқа режимларга нисбатан ўзаро фойдалироқдир. Шу сабабли ушбу мамлакатларда ишлаб чиқариладиган ва бевосита улардан олиб келинадиган товарларга «А» шаклидаги келиб чиқиш сертификати берилганда Президентнинг «Ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарори (5.08.2009 йилдаги ПҚ-1169-сон)га 1-илова ва Президентнинг «Товарлар импортини божхона-тариф жиҳатдан бошқаришни такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарори (28.06.2011 йилдаги ПҚ-1560-сон) билан тасдиқланган ставкаларда божхона божи ундирилади.
ЭЯҚР тақдим этиш тўғрисида битимлар имзоланмаган мамлакатлардан келиб чиқадиган товарлар учун импорт божхона божлари икки баравар ставкаларда ундирилади. Бундан Эркин савдо режимини назарда тутадиган Эркин савдо зонасини барпо этиш тўғрисида битимларни имзолаган иштирокчи давлатлар рўйхатига3 киритилган мамлакатлардан келиб чиққан товарлар мустасно, улар, баъзи йиғимларни ҳисобга олмаганда, товарларни бож тўламасдан олиб киришади.
Эркин савдо зонасини барпо этиш тўғрисида битим4 иштирокчиси бўлган Ўзбекистон МДҲда ишлаб чиқарилган товарлар учун имтиёз ва преференцияларни қўллайди. Уларнинг келиб чиқишини тасдиқлаш учун божхона органига товар келиб чиққан мамлакат – Битим иштирокчисининг ваколатли органи берган СТ-1 сертификатини тақдим этиш лозим. Шу сабабли ушбу Битим иштирокчиси бўлмаган мамлакат – Латвия компанияси нима учун ана шундай сертификатни расмийлаштирганлиги таажжубга солади.
«Бож тарифи тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.1997 йилдаги 470-I-сон) 29-моддасига мувофиқ товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат кўрсатилган товар муайян мамлакатда ишлаб чиқарилганлигидан далолат бериши керак.
Сертификат божхонада расмийлаштириш учун зарур бўлган божхона декларацияси ва бошқа ҳужжатлар билан бирга тақдим этилади. Сертификат ёки ундаги маълумотларнинг, шу жумладан товар ишлаб чиқарилган мамлакат ҳақидаги маълумотнинг тўғрилигига шубҳа туғилса, божхона органи қўшимча ёки аниқлик киритадиган маълумотлар беришини сўраб ушбу сертификатни берган органга ёки сертификатда товар ишлаб чиқарилган мамлакат сифатида кўрсатилган мамлакатнинг ваколатли ташкилотларига мурожаат қилиши мумкин.

1ТИАИСВ, МВ ва ДБҚнинг АВ томонидан 13.08.2010 йилда 2131-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
2ТИАВ, МВ ва ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 8.04.1998 йилда 426-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
3ТИАВ, МВ ва ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 8.04.1998 йилда 429-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
4Москва, 15.04.1994 йил. Ўзбекистон Республикаси учун 1994 йил 30 декабрда кучга кирган.


«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 2018 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика