Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 25 / Ташқи иқтисодий фаолият

Бирлашган – ўзар

Тошкентдаги «Grand Mir Hotel» меҳмонхонасида ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи бизнес соҳаси вакилларининг биринчи амалий ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди. Вакиллар орасида Олмалиқ кон-металлургия комбинати, «GM Powertrain Uzbekistan» ЁАЖ, Ташқи ишлар вазирлигининг дипломатик сервис хизмати, «Al-Biznes-Servis», «Умумий хизмат», «Декларант Сервис», «Optima Development», «Таштерминал Сервис», «Трансаэросервис», «Контакт Билдинг», «Дилекс», «Барусто Сервис», «Вилон Сервис» компаниялари, «Тошкент халқаро аэропорти» ДУК ва бошқалар бор.
Тадбирда ДБҚ, ДСҚ, Божхона брокерлари уюшмаси ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам иштирок этдилар. Бу Импортчилар ва экспортчилар уюшмаси томонидан ўтказилган биринчи оммавий тадбир бўлиб қолди.
– Товарлар экспортини рағбатлантиришга ҳамда ташқи савдо фаолиятини либераллаштиришга қаратилган аниқ амалий тадбирлар тадбиркорларга бизнес борасидаги ғояларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар беради. Бугунги кунда ТИФ иштирокчилари давлат мададигагина эмас, балки ташқи иқтисодий фаолиятни самарали тарзда ривожлантиришга қаратилган жўшқин амалий ҳамкорлик ва ишбилармонлик ўзанидаги шерикликка эҳтиёж сезмоқда, – деди Импортчилар ва экспортчилар уюшмаси раиси Акром ОБИДОВ. – Асосий вазифаларидан бири ТИФ иштирокчиларининг тижорат борасидаги манфаатларини ҳимоя этиш бўлган нодавлат нотижорат ташкилотини барпо этиш ташаббуси билан чиққан «SBS-Infosoft», «Shark-Biznes-Servis» ҳамда «Splash Colors» МЧЖлар ҳам айни шу эҳтиёжга асосланиб иш тутдилар.
Уюшма фаолиятининг асосий йўналишлари сирасига экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш шароитларини мақбуллаштиришга, хусусан қонун ҳужжатларидаги коллизияларни бартараф этишга, ташқи савдо тартиб-таомилларини соддалаштиришга кўмаклашиш киради. Чунончи, Уюшманинг дастлабки ишларидан бири ДБҚ билан биргаликда «Электрон декларациялаш» тизимини ишлаб чиқиш бўлди. Бунда уни ривожлантириш орқали «Божхона расмийлаштирувининг ягона дарчаси» тизимига эришиш муддаоси ҳам инобатга олинди.
ТИФ иштирокчилари Уюшмага аъзо бўлиш орқали ташқи иқтисодий соҳа билан боғлиқ масалаларни атрофлича муҳокама этиш учун имкониятни кенгайтирдилар. ННТ мамлакатимиз ва чет эл бизнеси соҳаси вакиллари ўртасида ошкора мулоқот ташкилотчиси ва мувофиқлаштирувчиси бўлишга қодир.
Импортчилар ва экспортчилар уюшмасининг мақсад ва вазифалари, тузилиши ва регламенти ҳақида йиғилганларга Уюшма бошқаруви аъзоси Холида УСМОНОВА ахборот берди. Бу ташкилот ўз олдига фаолияти натижасида фойда олиш вазифасини қўйган эмас. Унинг асосий мақсади Уюшма аъзолари манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилишдан; уларнинг инвестиция, тижорат йўналишидаги, илмий-техник ва бошқа хил фаолиятини мувофиқлаштириб ва қўллаб-қувватлаб боришдан; чет эллик шериклар билан алоқаларни кенгайтиришга, ташқи бозорларга маҳсулот экспортини кўпайтиришга, кўргазмалар, ярмаркалар, тақдимотлар, бизнес-форумлар ташкил этишга, ТИФ ва божхона хизматлари инфратузилмасини ташкил этиш ва равнақ топтиришга кўмаклашишдан; кадр­ларга таълим бериш ва уларнинг малакасини оширишдан иборатдир.
Уюшма вакили учрашув иштирокчилари саволларига жавоб берар экан, Уюшмага кимлар аъзо бўлиши мумкинлигини тушунтириб ўтди. Энг аввало, фаолиятини ҳамкорлик ва шериклик асосида амалга ошираётган, Уюшманинг устави ва бошқа ички ҳужжатларини тан оладиган юридик шахслар Уюшмага аъзо бўла олади.

ЭЛЕКТРОН
ДЕКЛАРАЦИЯЛАШ ОРҚАЛИ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРНИ
СОДДАЛАШТИРИШ
«SBS-Infosoft» компанияси директори Сергей КИМ ўзининг «Электрон декларация­лаш: тараққиётнинг умумий принциплари ва истиқболлари» тақдимотини бошлар экан, Уюшманинг асосий фаолияти божхона билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш эканлигига алоҳида урғу берди. Мамлакатимиз Президентининг «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (18.07.2012 йилдаги ПФ-4455-сон) билан ДБҚга 2013 йилнинг 1 январидан эътиборан тадбиркорлик субъектларига юкларни божхонада расмийлаштиришда тадбиркорлик субъектлари томонидан товарларни декларация қилишни ўз хоҳишларига кўра электрон шаклда амалга ошириш имкониятини бериш вазифаси топширилди. Қўмита тегишли дастурий таъминотни ишлаб чиқиш юзасидан очиқ танлов ўтказди, унда Импортчилар ва экспортчилар уюшмаси ютиб чиқди.
Ўтган йилнинг августида ДБҚ билан Уюшма «Электрон декларациялаш» ААТни беғараз асосда ишлаб чиқиш юзасидан шартнома имзоладилар. Ишлаб чиқувчилар мазкур тизим божхона расмийлаштирувини соддалаштириши керак­лигига асосланиб, унда масофавий тайёргарлик кўриш, БЮД ва бошқа барча илова ҳужжатларини текшириб кўриш ва божхона органларига Интернет тармоғи орқали тақдим этиш имкониятини назарда тутдилар. Бу нарса ТИФ иштирокчиларининг божхона инспекторлари билан мулоқотларини имкон қадар камайтиради, ТИФ иштирокчилари учун бошқа қулай ва мақбул шароитлар яратади.
2012 йилнинг ноябрь ойи охирларида ДБҚ томонидан «Электрон декларациялаш» автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш тўғрисида» буйруқ чиқарилди.
Янги йил арафасида Вазирлар Маҳкамасининг Товарларнинг божхона расмийлаштирувини электрон шаклда амалга ошириш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қарори (29.12.2012 йилдаги 370-сон қарор, бундан буён матнда 370-сон қарор деб юритилади) қабул қилинди ва мазкур ҳужжат билан Товарларнинг божхона расмийлаштирувини электрон шаклда амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Тақдимотда божхона органларида БЮД электрон декларациялаш тизимини қўлламаган ва қўллаган ҳолда қай йўсинда ишловдан ўтказилаётганлиги умумийроқ тарзда намойиш қилиб кўрсатилди.
Электрон декларациялаш тизими қўлланмаган ҳолларда божхона расмийлаштируви мутахассислари ҳужжатларни тайёрлаб, уларни аввал дастлабки тарзда танишиш учун пост бошлиғига тақдим этишлари, бошлиқ эса ижрочини тайинлаши зарур. Шундан кейин қоғоз ва электрон шаклдаги ҳужжатлар расмийлаштирувчи инспектор қўлига бориб тушади. Ҳужжатлар рўйхатга олиниб, маълумотлар текшириб кўрилганидан кейин кўздан кечириш жойи ва вақтини кўздан кечириш гуруҳи билан келишиб олиш зарур бўлади. Ана шу юмушларнинг ҳаммаси маълумотлар электрон базаларида ва рўйхатга олиш журналларида қайд этиб борилади.
Электрон декларациялашда эса ҳужжатлар Интернет орқали пост бошлиғига келиб тушади. Шундан кейин декларант тизимдан ижрочи тайинланганлиги ҳақидаги; БЮДнинг шаклий назорати ҳақидаги; декларация ишловини автоматлаштирилган тизимга ўтказиш тўғрисидаги; БЮДни рўйхатга олиш ва мантиқий текшириб кўриш ҳақидаги; божхона кўздан кечируви санаси ҳамда жойи тайинланганлиги ҳақидаги хабарларни кутиш керак, холос. Кўздан кечириш ўтказилганидан кейин эса товарни чиқаришга рухсат этилганлиги ҳақида хабарнома олиш лозим.
Бошқача қилиб айтганда, БЮДдаги маълумотларни ишловдан ўтказиш борасидаги барча ички божхона тартиб-таомиллари декларантнинг ҳозир бўлишини талаб этмайди (божхона кўздан кечируви бундан мустасно, албатта). Операцияларни рўйхатга олиш виртуал тарзда, тизимнинг электрон китобларида қайд этиш орқали амалга оширилади. Бундан ташқари, мазкур тизимда электрон декларацияни тайёрлаш бўйича тўлақонли фаолият юритадиган бепул восита ишга солинган.
Айтиш жоизки, бу тақдимот кенг муҳокама этилганлиги билан ажралиб турди. Нотиққа тизим ишлаши билан боғлиқ кўплаб саволлар берилди, уни такомиллаштириш юзасидан таклиф ва истаклар билдирилди.
«Al-Biznes-Servis» МЧЖ вакили Владимир ТОПЧИЙ божхона расмийлаштируви мутахассисларини ташвишлантираётган масалани кўтарди. 370-сон қарор иловасида айтилишича, товарларнинг божхона расмийлаштирувини электрон шаклда амалга оширишда божхона расмийлаштируви мутахассислари тақдим этилган маълумотларнинг тўлиқлиги ва тўғрилиги учун «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги ва «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги қонунларнинг қоидаларига мувофиқ жавобгар бўладилар. Лекин ана шу мутахассислар ҳамиша ҳам юк тўғрисида тўғри ва ишончли ахборотга эга бўладилар деб бўлмайди. Айтайлик, агар инвойсда тўлиқ маълумотлар (брутто-нетто оғирлиги) кўрсатилмаган бўлса, у ҳолда тақдим этилган маълумотларнинг тўлиқлиги ва тўғрилиги учун жавобгарликни импортчи ўз зиммасига олиши лозим. В.Топчий ва унинг ҳамкасабалари Уюшма мазкур таърифга ўзгартиришлар киритиш ташаббуси билан давлат ҳокимияти органларига мурожаат этиши лозим деб ҳисобламоқдалар.
Тадбирда божхона органларига ДБҚнинг товарлар бўйича нарх маълумотлари базасига эмин-эркин кириш имкониятини бериш ҳақидаги таклифлар ҳам илгари сурилди. Бу импортчиларга божхона қийматини, айтайлик, олтинчи усул бўйича аниқлаш имконини беради.

ИМПОРТЧИГА
МАДАДКОР БЎЛИШ ЙЎЛИДА
«Uzconsultservice» МЧЖ қўшма корхонаси бош директори вазифасини вақтинча бажарувчи Валей АХМЕРОВ хизматлар шарҳи бўйича тақдимот билан сўзга чиқди. Бу корхона Уюшманинг ҳамкорларидан бири бўлиб, консалтинг хизматлари бозорида фаолият олиб бораётганига 16 йилдан ошди. Корхона Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи савдо операцияларини амалга оширишда хорижий валютадаги маблағлардан фойдаланиш устидан назоратни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (13.03.1996 йилдаги 95-сон) асосида, импортчиларга товарлар ва ускуналарни мақбул, жўяли баҳоларда ҳамда тегишли сифатда олишда, шунингдек уларни Ўзбекистон ҳудудига ташишда ёрдам кўрсатиш учун барпо этилган.
Ўтган йиллар мобайнида қиймати 7 млрд АҚШ долларидан ҳам зиёда шартномалар экспертиза қилинди. Шулардан юкни ортишдан олдинги текширув асосида қарийб 2 млрд сўмлик экспертиза амалга оширилди. Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг 43 млн АҚШ долларидан ҳам кўпроқ маблағи тежаб қолинди.
Валей Ахмеров компания томонидан кўрсатилаётган янги хизматларга ҳам тўхталиб ўтди. Кредит ҳамда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш паспорти олиш учун бизнес режалар ва техник-иқтисодий асослар ишлаб чиқиш; импорт қилинаётган товарларни тушириб олингандаги текширувни, экспорт қилинаётган товарларнинг юк ортишдан олдинги текширувини ўтказиш; бизнес жараёнларни мақбуллаштириш, корхона бошқарувини такомиллаштириш, бошқарувни автоматлаштириш масалалари ҳамда бизнесни ривожлантиришнинг бошқа масалалари бўйича консалтинг ўтказиш шулар жумласидандир.

ЯКУН ЎРНИДА
Бизнес соҳасининг мазкур учрашувда иштирок этган қатнашчилари ўзларида, айниқса чоғроқ компания­ларда кўпинча биргалашиб самарали ҳал этиш жоиз бўлган муаммолар келиб чиқаётганлиги хусусидаги фикрга қўшилдилар. Улар Уюшма ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан мунтазам равишда, тезкорлик билан хабардор этиб бориш имкониятларини қидириб топиши хусусида истак билдиришди.
Учрашув ташкилотчилари таъкидлаб ўтганидек, Уюшма қонун ҳужжатларини қўлланиш юзасидан малакали маслаҳатлар ўтказишни, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг таҳлилини ва ҳуқуқий экспертизасини ўтказишни, ташқи савдо механизмлари ва тартиб-таомилларини такомиллаштириш юзасидан давлат органларига так­лифлар киритиш ташаббускори бўлишни режалаштирмоқда. Буларнинг ҳаммаси аслида вақт ва молиявий имкониятларга боғлиқ масаладир.
Уюшма бошқаруви аъзолари ўз режаларини ўртоқлашиш асносида бир неча номинация бўйича, хусусан «Йилнинг энг яхши экспортчиси», «Ҳалол, виждонли импортчи», «ТИФнинг фаол дебютанти» ва шу сингари номинациялар бўйича ҳар йилги танлов таъсис этиш мўлжалланаётганидан хабардор қилдилар. Уни ўтказишга тегишли вазирликлар ва идоралар жалб этилади. Танловдан кўзланган мақсад экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи республика корхона ва муассасаларини рағбатлантиришдан, ташқи савдо фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашишдан ҳамда мамлакатимиз товар ишлаб чиқарувчиларининг ташқи бозордаги обрў-эътибори ва нуфузини оширишдан иборатдир.
Учрашув келгуси танловнинг ўзига хос тарздаги, ҳазилнамо репетицияси билан поёнига етди. Чунончи, «Ҳамиша олдинда боради» номинациясида тадбирга биринчи бўлиб етиб келган қатнашчига «Ҳар қандай истак рўёбга чиқиши учун» сертификати топширилди. Ҳақиқатпарвар И.Топчий «Солиқлардан озод қилинганлик учун» сертификати билан тақдирланди. Олмалиқ кон-металлургия комбинати муваффақиятли иш олиб бораётган экспортчи корхона деб топилди ва унинг вакилларини «Қўниш майдончаси ҳам бўлган вертолётга чиқиш учун» сертификати билан мукофотлашди. Учрашувнинг деярли ҳар бир иштирокчиси ҳазил йўсинидаги сертификат ёки диплом, ташриф қоғози, «Истак рўёбга чиқиши учун» талони олди.
Импортчи ва экспортчиларнинг анчагина мураккаб муаммолари муҳокама этилган жиддий тадбир шу йўсин ҳазил-мутойиба ва шўх-шодонлик билан якун топди.


Гулнора АБДУНАЗАРОВА,
махсус мухбиримиз.

Прочитано: 2315 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика