Ходим сил касаллигига қарши кураш муассасасидан касаллик варақасини тақдим этди. Менга айтишларича, бундай муассасаларнинг барча касаллик варақаларига иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа ҳисобланар экан. Шу тўғрими? Бухгалтер.
– Сизни қизиқтираётган саволга жавобни Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомдан (меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг АВ томонидан 8.05.2002 йилда 1136-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган, бундан кейин – 1136-сон Низом) топасиз.
1136-сон Низомнинг 27-бандига кўра ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликлар (сил касаллиги, онкология касалликлари, янгидан пайдо бўладиган хатарли ўсимталар, жинсий йўл билан ўтадиган касалликлар, СПИД, мохов (лепра) касаллиги, руҳий касалликлар) бўйича ҳисобда турган ходимларга улар томонидан давлат ижтимоий суғурта бадали тўлаган даврининг (умумий иш стажининг) давомийлигига боғлиқ равишда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси қуйидаги миқдорларда тўланади:
умумий иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга – иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида;
умумий иш стажи 5 йилдан 8 йилгача бўлган ходимларга – иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида;
умумий иш стажи 5 йилгача бўлган ходимларга – иш ҳақининг 60 фоизи миқдорида.
Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси иш стажининг давомийлигидан қатъи назар, иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида қуйидагиларга тўланади:
ишлаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига;
байналмилал жангчиларга ва уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга;
қарамоғида 16 ёшга (ўқувчилар 18 ёшга) етмаган уч ва ундан ортиқ болалари бўлган ходимларга;
Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда қатнашган ходимларга;
Чернобиль АЭСдаги авария натижасида радиоактив ифлосланиш зонасидан эвакуация қилинган ва кўчирилган, қон ҳосил қилувчи органлар касалликлари (ўткир лейкоз), қалқонсимон без (аденома, рак) ва хавфли ўсмалар билан боғлиқ касалликларга чалинган ходимларга;
меҳнатда майибланиш ва касб касаллиги натижасида вақтинча меҳнатга қобилиятсиз бўлган ходимларга (1136-сон Низомнинг 26-банди).
Кўриб турганимиздек, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича тўланадиган нафақа миқдорини аниқлашда ходимнинг муайян шахслар тоифасига мансублиги, касаллик тури ва иш стажи ҳисобга олинади. Агар ходим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликларга киритилган сил касаллигига чалинган бўлса, унга умумий иш стажига қараб 1136-сон Низомнинг 27-бандида белгиланган миқдорда нафақа ҳисоблаб ёзиш лозим. Бунда 8 йилдан ошувчи умумий иш стажида иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида касаллик варақаси ҳақи тўланади.