Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 13 / Божхона

Божхона расмийлаштируви янгиликлари

Кейинги вақтда божхона расмийлаштируви таомилига бир талай ўзгартиришлар киритилди. Улар билан таништирсангиз. Импорт ва экспорт чоғида ҳужжатларни тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш тартиби қандай меъёрий ҳужжатларда келтирилган? Гап шундаки, ҳамма режимлар бўйича аниқ қоидалар мавжуд, ушбу икки муҳим режим эса фақат Божхона кодекси моддаларида келтирилган. Импорт ва экспортни расмийлаштиришда қандай ўзгаришлар юз берди?

Г.Чилебиева.

– Ҳақиқатан ҳам, кейинги йилда божхона расмийлаштируви таомилига жиддий ўзгартиришлар киритилди. Божхона кодексининг (БК) 76-моддасига киритилган янгиликларга кўра 2013 йил 4 январдан бошлаб товарлар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштирувини божхона органи БЮД қабул қилинган ҳамда барча зарур ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим этилган пайтдан бошлаб уч иш куни ичида амалга ошириши керак (илгари ушбу таомилга 10 кунгача муддат ажратилган эди). Мазкур муддат бошқа давлат органларининг товарлар ва транспорт воситаларини назорат қилиши учун зарур бўлган вақтни ўз ичига олмайди.

Вазирлар Маҳкамасининг 29.12.2012 йилдаги 370-сон қарорига кўра тадбиркорлик субъектлари ўз танловларига кўра товарларнинг божхона расмийлаштируви таомилини электрон шаклда амалга оширишга ҳақлилар.

Президентнинг 18.07.2012 йилдаги ПФ-4455-сон Фармонига мувофиқ йил бошидан божхона органларига импорт контрактларини, шунингдек дон ва уни қайта ишлаш маҳсулотларига сифат сертификатини тақдим этиш талаби бекор қилинди.

1 январдан бекор қилинган талаблардан яна бири – божхона қиймати бўйича эълон қилинган маълумотларни тасдиқлаш учун божхона органларига ўров варақларини тақдим этиш. Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарларнинг божхона қийматини эълон қилиш ва назорат қилиш қоидаларига1 ўзгартириш АВ томонидан 16.01.2013 йилда 899-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган ДБҚ қарори билан киритилган (2013 йил 21 январдан кучга кирди).

Янгиланган таомилларни батафсилроқ кўриб чиқамиз.

 

Импорт тўўрисида

Эркин муомалага чиқариш (импорт) шундай режимки, бунда божхона ҳудудига олиб кирилган товарлар уларни ушбу ҳудуддан олиб чиқиб кетиш мажбуриятисиз бу ерда доимий қолади (БКнинг 17-моддаси). Режим импорт божларини, қўшилган қиймат солиғини, акцизларни ва бошқа божхона тўловларини тўлашни, шунингдек иқтисодий сиёсат чораларига (квоталаш, лицензиялаш ва ҳоказо) риоя этишни назарда тутади.

Импорт энг кўп қўлланиладиган режимлардан бири бўлиб, уни қўллашда бирор-бир хусусиятлар ва мураккабликлар мавжуд эмас. У ташқи савдо контрактлари, яъни кейин республика ички бозорида сотиш мақсадида хориждан товарларни етказиб бериш учун хосдир.

Товарларни эркин муомалага чиқариш божхона режимига тааллуқли қоидалар билан сиз Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг2 (бундан ке-

йин – 834-сон Йўриқнома) 4-бўлимида таниша оласиз. Унга кўра мазкур режимга республика божхона ҳудудидан вақтинча олиб чиқиш ва божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимларига мувофиқ олиб чиқилган товарлар жойлаштирилиши мумкин. Шунингдек унга вақтинча олиб кириш, вақтинча сақлаш, божхона ҳудудида қайта ишлаш, божхона назорати остида қайта ишлаш, бож тўламай савдо қилиш дўкони, эркин божхона зонаси ва эркин омбор, божхона омбори ва транзит божхона режимларига мувофиқ олиб кирилган товарлар ҳам жойлаштирилади.

834-сон Йўриқноманинг 5-бандида эркин муомалага чиқариш режимида жойлаштириладиган товарларнинг божхона расмийлаштируви тартиби белгиланган. У фаолияти доирасида уларни олувчи ёки унинг таркибий бўлинмаси жойлашган божхона органида амалга оширилади. Товарлар мамлакатнинг бошқа минтақасига келиб тушганда манфаатдор шахснинг ёзма илтимосига кўра уларни товарлар фаолият доирасига келиб тушган божхона органи амалга ошириши мумкин.

ТИАИСВ, МВ ва ДБҚнинг АВ томонидан 6.02.2013 йилда 428-6-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан (бундан кейин – 428-6-сон қарор) Божхона органларига экспорт-импорт юкларини расмийлаштириш пайтида тақдим этиладиган ҳужжатларнинг рўйхатига3 (бундан кейин – 428-сон Рўйхат) ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, импортни расмийлаштириш пайтида энди божхона органига контрактни тақдим этиш керак эмас. Ҳозирги вақтда товарларни «Эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида расмийлаштириш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

1) мувофиқлик сертификати (ЎзР Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган айрим турдаги товарлар учун);

Маълумот учун! Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ва унинг ҳудудига олиб кириладиган мажбурий сертификатланадиган маҳсулот турларининг рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг «Сертификатлаштириш тартиботларини ва сифат менежменти тизимларини жорий этишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарорига (28.04.2011 йилдаги 122-сон) 1-иловада белгиланган.

2) товарларнинг келиб чиқиши сертификати (унинг зарурлиги контрактда, олиб кириш мамлакатининг миллий қоидаларида қайд этилган ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларида назарда тутилган бўлса);

3) контракт (шартнома, битим) ТИАИСВда рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида сертификат (қонун ҳужжатлари билан назарда тутилган ҳолларда);

4) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар, бутловчи буюм ва эҳтиёт қисмлар рўйхатига4 киритилган товарлар олиб кирилганда экспорт мамлакатининг божхона декларацияси.

Шуни ҳисобга олиш лозимки, 1 апрелдан бошлаб экспорт мамлакатининг божхона декларациясини имтиёзларни қўллаган ҳолда олиб кириладиган барча товарларга тақдим этиш керак бўлади5;

Маълумот учун! Экспорт мамлакатининг божхона декларацияси тақдим этилганида божхона расмийлаштирувини божхона органлари 1 иш куни давомида амалга оширадилар. Декларация тақдим этилмаган тақдирда у умумбелгиланган тартибда амалга оширилади.

5) божхона тўловлари тўланганлигини тасдиқлайдиган тўлов ҳужжатлари (тўлов топшириқномаси, квитанция, солиштирма далолатнома ва ҳоказо).

Божхона тўловлари тўланишини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳолларида тўлов ҳужжати ўрнига ДБҚ ҳудудий бошқармасининг божхона тўловлари тўланиши товар ва транспорт воситалар гарови, банк кафолати ёки божхона органининг депозит ҳисобварағига тегишли суммалар киритилиши билан таъминланганлигини тасдиқлайдиган хулоса хати тақдим этилади;

6) божхона юк декларацияси;

7) транспорт ва товарга илова қилинувчи ҳужжатлар (инвойс);

8) фитосанитария ва (ёки) карантин (ветеринария) сертификати (зарур ҳолларда);

9) лицензия (лицензияланадиган товарлар учун);

10)       зарур ҳолларда – ваколатли органларнинг рухсатномалари.

 

Экспорт тўғрисида

Экспорт шундай режимки, бунда товарлар божхона ҳудудидан ташқарига уларни ушбу ҳудудга қайтариб олиб кириш мажбуриятисиз олиб чиқилади. Экспорт режимига жойлаштирилган товарлар Ўзбекистонда Божхона кодексида назарда тутилган ҳолларда бу ҳудуддан ташқарига амалда олиб чиқиб кетилмаган ҳолда туриши мумкин (БКнинг 19-моддаси). Экспорт режимида олиб чиқилаётганда товарлар солиқлардан озод этилади ёхуд тўланган солиқлар суммаси қонун ҳужжатларига мувофиқ қайтарилиши лозим. Товарлар экспорт режимида чиқарилаётганда божхона ҳудудидан ташқарига, улар ҳолатининг табиий эскириш ёки нормал ташиш ва сақлаш шароитларида камайиш оқибатидаги ўзгаришларни истисно этганда, БЮД қабул қилинган кунда қандай бўлса, шундай ҳолатда олиб чиқилиши лозим.

Экспортнинг божхона расмийлаштируви тартиби 834-сон Йўриқноманинг 2-бўлимида акс эттирилган. Унинг 3-бўлимида эса товарлар ушбу режимда жойлаштирилганда БЮДни тўлдириш қоидалари қайд этилган.

428-сон Рўйхатга биноан товарлар экспорт режимида расмийлаштирилаётганда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

1) тегишли ваколатли органларда рўйхатдан ўтказилган контракт (шартнома, битим), биржа контрактлари бундан мустасно;

Маълумот учун! Ўзбекистондан ташқарига олди-сотди ёки айирбошлаш объектлари ҳисобланмаган қуйидаги товарлар контрактларни тақдим этмасдан ўтказилади: сарфланадиган товарлар ва уларнинг намуналари; реклама материаллари ва сувенирлар; вакиллик мақсадлари учун мўлжалланган товарлар.

2) божхона юк декларацияси;

3) лицензия (лицензияланадиган товарлар учун);

4) транспорт ва товарга илова қилинадиган ҳужжатлар;

5) зарур ҳолларда – ваколатли органларнинг рухсатномалари;

6) божхона тўловларининг тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатлари (тўлов топшириқномаси, квитанция, солиштирма далолатнома ва ҳоказо).

Божхона тўловларининг тўланиши муддатини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган ҳолларда тўлов ҳужжати ўрнига Давлат божхона қўмитаси ҳудудий бошқармасининг божхона тўловлари тўланиши товар ва транспорт воситалари гарови, банк кафолати ёки божхона органининг депозит ҳисобварағига тегишли суммаларни киритиш билан таъминланганлигини тасдиқлайдиган хулоса хати тақдим этилади.

428-6-сон қарор билан ваколатли банк берадиган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотнома ва мувофиқлик сертификатини (мажбурий сертификатланадиган товарлар учун) божхона органларига тақдим этиш бекор қилинди.

 

1ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 22.02.2000 йилда 899-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

2ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 3.11.1999 йилда 834-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

3ТИАИСВ, МВ ва ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 8.04.1998 йилда 428-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

4ИВ, МВ, ТИАИСВ ва ДБҚнинг АВ томонидан 3.05.2008 йилда 1802-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

5Президентнинг «Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатбардошлилигини янада ошириш ва товарларни республикага ноқонуний олиб киришга қарши курашни кучайтириш тўғрисида» қарори (29.01.2013 йилдаги ПҚ-1913-сон).

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 5498 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика