Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида бўлиб ўтган давра суҳбатида мамлакатимизда муқобил энергия манбаларидан фойдаланишнинг бугунги аҳволи ва уларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Тадбир Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш фонди, «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жам-ғармаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, Ўзбекистон Экологик ҳаракати томонидан ташкил этилди.
Энергетика хавфсизлигини таъминлаш ҳар қандай давлатнинг муҳим устувор вазифаcи ҳисобланади. Жаҳонда углеводород хом ашёси захиралари камайиши кузатилаётган ҳозирги шароитда қайта тикланадиган энергия манбалари тобора катта аҳамият касб этиб бормоқда. Бу электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришнинг янги технологик базасини шакллантириш, янги иш ўринлари яратиш имконини бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Б.Алихонов, Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш фонди бошқаруви раиси М.Ширинова, Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов ва бошқалар мамлакатимиз муқобил энергетика соҳасида улкан салоҳиятга эга эканини таъкидладилар. Хусусан, қуёш энергиясидан технологик имкониятлар бўйича фойдаланишнинг ўзи 179 миллион тонна нефтга тенг энергияни олиш имконини беради. Шу мақсадда ноанъанавий энергетика ресурслари, жумладан, қуёш энергиясидан кенг фойдаланишга йўналтирилган зарур меъёрий-ҳуқуқий база шакллантирилмоқда.
Тадбирда Президентимизнинг 2013 йил 1 мартда қабул қилинган «Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4512-сон Фармони ва Халқаро қуёш энергияси институтини ташкил этиш тўғрисидаги қарорида белгиланган вазифаларни ҳал этиш йўллари муҳокама қилинди. Мазкур ҳужжатлар муқобил энергия манбалари соҳасида тадқиқотлар ва тажриба-саноат ишланмаларини янада юқори техник ва илмий даражада давом эттириш, жаҳон тажрибасидан амалда фойдаланиш, мамлакатимизда мазкур соҳа учун замонавий ускуна ва технологияларни ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган.
Давра суҳбати иштирокчилари Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш фонди ва «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган «Ижтимоий сектор вакилларини қўллаб-қувватлаш учун муқобил энергия манбалари» лойиҳаси билан танишди. Лойиҳа чекка ва бориш қийин бўлган туманларда ижтимоий соҳа объектларини энергия билан таъминлашни яхшилашга йўналтирилган. Ҳозирга қадар мамлакатимизнинг саккиз ҳудудидаги кўплаб объектлар махсус ускуналар билан беғараз асосда жиҳозланди.
Тадбирда меъёрий-ҳуқуқий базани янада ривожлантириш, муқобил энергия манбаларини жорий қилиш ва улардан фойдаланиш кўникмаларини ўргатиш билан боғлиқ тажриба лойиҳаларини амалга ошириш масалалари юзасидан таклифлар билдирилди.
ЎзА материаллари асосида тайёрланди.