Юртимизда болалар ўйинчоқлари хавфсизлигини таъминлаш, ўсиб келаётган ёш авлодни миллий қадриятларимизга, одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилган ҳолда тарбиялаш йўлида кенг кўламли чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Парламент томонидан илгари сурилаётган «Болалар ўйинчоқларининг хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам фикримизга яққол далил бўла олади.
Республикамизда болалар ўйинчоқларига бир йиллик талаб ўрта ҳисобда 23,4 млн донани ташкил қилади. Мазкур эҳтиёжнинг бир қисми хориждан импорт қилинаётган болалар ўйинчоқлари ҳисобига қондирилмоқда.
Амалдаги қонунчиликка кўра, болалар ўйинчоқлари ва ўйинлар мажбурий равишда сертификатлаштириладиган маҳсулотлар рўйхатига киритилган. Демак, давлат чегарасидан ўтказилаётган ҳар қандай ўйинчоқ белгиланган талабларга жавоб беришини тасдиқловчи ҳужжат — мувофиқлик сертификатига эга бўлиши шарт.
Афсуски, болалар ўйинчоқлари борасида олиб борилаётган ислоҳотларни тўғри англамай, уларни амалдаги тартибларга зид равишда юртимизга олиб киришга уринаётган «тадбиркор»лар ҳам учраб турибди.
Фарғона туманининг бошқа давлат билан чегарадош ҳудудида ҳаракатланаётган «Тико» автомобили ҳайдовчиси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари томонидан кузатувга олинганини сезган заҳоти автомашинани ташлаб, қўшни давлат ҳудуди томон жуфтакни ростлаб қолади. Қаровсиз қолдирилган автомашина эса холислар иштирокида ўрнатилган тартибда кўздан кечирилганда, қонунбузар қиймати 1,7 млн сўмлик 455 дона болалар ўйинчоқларини ноқонуний равишда олиб киришга уринганлиги аён бўлди.
Шу тумандаги айланма йўллардан яна бирида қолдириб кетилган «ВАЗ-2106»нинг эгаси ҳам бежизга «қуён» бўлмабди. Чунки автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда ҳам ноқонуний олиб киришга уринилган 3,6 млн сўмлик товар-моддий бойликлар, шу жумладан 2 минг донага яқин 4 турдаги болалар ўйинчоқлари борлиги аниқланди.
Қамчиқ довонида ҳаракатланаётган юк автомашинаси тўхтатилиб текширилганда, унда данғаралик З.Аскаралиев томонидан божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 3 900 донага яқин болалар ўйинчоқлари ноқонуний равишда олиб кетилаётганлиги аниқланди. 48 турдаги мазкур ўйинчоқларнинг умумий қиймати салкам 21 млн сўмни ташкил қилар экан.
Божхоначилар томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида ҳам муқаддам юртимизга ноқонуний йўллар билан олиб кирилган ва божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган йирик туркумдаги болалар ўйинчоқларининг «уя»лари фош этилди.
Жумладан, пойтахтлик У.Кенгашев фаолият юритаётган дўконда муқаддам Туркия ва Хитойдан келтирилган, аммо божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган ва қиймати дастлабки тахминларга кўра 50 млн сўмлик 281 турдаги 1 100 донадан ортиқ болалар ўйинчоқлари ва пойабзаллари ноқонуний равишда сақланаётганлиги аниқланди.
Божхона органларига тақдим этилган божхона юк декларацияси асосида тадбиркор А.Юнусалиев номига юборилган товарлар ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, товарлар миқдори ва йўл юк ҳужжатларида қайд этилган миқдор ўртасида сезиларли тафовутлар борлиги аниқланди. Қарангки, қиймати 400 млн сўмлик салкам 7 600 дона болалар ўйинчоқлари ҳужжатлардан «тушиб» қолибди!
Шундан сўнг, солиқ ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда А.Юнусалиевга тегишли савдо дўконидаги қиймати 600 млн сўмлик 9 637 номдаги болалар ўйинчоқлари амалдаги тартибларга мувофиқ ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, бу ерда ҳам тақдим этилган божхона расмийлаштируви бўйича ҳужжатлар билан савдо дўконидаги товарлар ўртасида катта тафовут борлиги маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона суриштируви ва текширув жараёнлари бошлаб юборилган.
2012 йил давомида ва жорий йилнинг ўтган даври мобайнида божхоначилар томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 155 та қонунбузарлик ҳолатларида қиймати салкам 1,1 млрд сўмлик 910 минг донадан ортиқ болалар ўйинчоқларининг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди.
Ҳусен ТАНГРИЕВ,
Давлат божхона қўмитаси Матбуот хизмати катта инспектори.