Бизнинг корхонамиз Россиянинг нефть-газ саноати соҳасидаги «Синергия» МЧЖ билан нефть кони ускунаcини монтаж қилиш бўйича 6 130 АҚШ доллари қийматидаги шартнома тузди. «Синергия» МЧЖнинг жойлашган жойи Россия Федерациясининг Пермь шаҳри бўлиб, Ўзбекистонда доимий муассасага эга эмас.
Ҳамма ишлар тугатилганидан кейин тўлов манбаида солиқ солиб, «Синергия» МЧЖга 6 130 АҚШ доллари ўрнига 4 904 АҚШ доллари ва бюджетга 1 226 АҚШ доллари (сўмдаги эквивалентда) тўлаб бердик.
Бироқ «Синергия» МЧЖ бизнинг бу ҳаракатларимиздан норози бўлиб, 1 226 АҚШ долларини қайтариш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига ариза билан мурожаат қилган. Аризага жавобда белгиланган тартибда тасдиқлаш кўрсатилган, лекин қандай тартибда иш юритиш кераклиги кўрсатилмаган. Унга асосан солиқ органи билан солиштирма далолатнома тузишимиз ва юзага келадиган ортиқча тўловни «Синергия» МЧЖга тўлаб беришимиз ҳамда ортиқча тўловни эса СКнинг 57-моддасига асосан қайтариб олишимиз лозимлиги тушунтирилди.
Юқоридаги ҳолатдан келиб чиқиб бизга асосли йўналиш берсангиз – солиқ органининг таклифи қонунчилигимизга тўғри келадими?
«Муборакнефтгазмонтаж» ОАЖ бухгалтери.
– СК 155-моддасига кўра Ўзбекистон Республикаси норезидентининг доимий муассаса билан боғлиқ бўлмаган даромадларига мазкур даромадларни олиш билан боғлиқ харажатлар чегириб ташланмаган ҳолда тўлов манбаида солиқ солинади.
Шунингдек, СКнинг 165-моддасида Ўзбекистон Республикаси норезидентлари даромадларини тўлаш пайтида юридик шахслардан тўлов манбаида олинадиган фойда солиғини ушлаб қолиш шартлиги белгиланган. Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси норезидентининг доимий муассаса билан боғлиқ бўлмаган ва тўлов манбаида солиқ солинадиган даромадларига солиқ солиш ставкалари СКнинг 160-моддасида келтирилган бўлиб, унга кўра:
1) дивидендлар ва фоизларга – 10 фоиз;
2) суғурта қилиш, биргаликда суғурта қилиш ва қайта суғурта қилиш шартномалари бўйича суғурта мукофотларига – 10 фоиз;
3) халқаро алоқа учун телекоммуникациялар, халқаро ташишларга (фрахтдан олинадиган даромадларга) – 6 фоиз;
4) СКнинг 155-моддасида белгиланган даромадларга – 20 фоиз қилиб белгиланган.
Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг суммаси даромадни норезидентга тўлаш санасида республикамиз Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича ҳисоблаб чиқарилади.
Агар норезидентнинг доимий муассаса билан боғлиқ бўлмаган даромадларига хал-қаро шартномаларга асосан имтиёзлар белгиланган бўлса, ушбу норезидент халқаро шартномада белгиланган тартибда имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади (агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларимизда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади). Бунинг учун халқаро шартномаларга мувофиқ юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи суммасини камайтириш ёки уни тўлашдан озод этиш тўғрисидаги давлат солиқ хизмати органлари томонидан тасдиқланган шаклдаги ариза юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи суммасини камайтириш ёки уни тўлашдан озод қилиш учун асос бўлади. Дарвоқе, бу ҳақдаги қарор Давлат солиқ қўмитаси томонидан қабул қилинади.
Бундан ташқари, агар норезидентлар даромадларидан ушлаб қолинган фойда солиғи бюджетга тўлиқ тўлаб берилган бўлса, мазкур норезидент тегишли халқаро шартнома қоидаларига мувофиқ тўланган солиқни бюджетдан қайтариш ҳуқуқига ҳам эга бўлади. Бунинг учун норезидент мамлакатимиз давлат солиқ хизмати органларига тегишли ҳужжатлар билан бирга Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган шаклдаги солиқни қайтариш учун ариза тақдим этади. Ушбу ариза солиқ суммасини бюджетдан қайтариш учун асос бўлади.
Ортиқча ҳисобланган ва тўланган солиқни қайтариш Давлат солиқ қўмитаси томонидан қайтариш тўғрисида чиқарилган қарор асосида, ариза берилган кундан эътиборан 30 кун ичида СКнинг 57-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Юқоридаги асосларни инобатга олган ҳолда сиз туман давлат солиқ инспекциясининг қабул қилган қарори ва тавсия этган йўли бўйича иш юритишингиз мақсадга мувофиқ бўлади.
Бу ерда шуни унутмаслик керакки, СКнинг 207-моддасига асосан норезидент томонидан тақдим этилган ишлар, хизматлар, агар уларнинг реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлса ва СКга мувофиқ уларга ҚҚС солиниши керак бўлса, ишларни, хизматларни олаётган Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчисининг ҚҚС солинадиган обороти ҳисобланади.
Ишлар, хизматларни олувчида солиқ солинадиган база норезидентга тўланиши лозим бўлган суммадан келиб чиқиб, республикадаги манбалардан олинган даромад бўйича тўлов манбаида ушлаб қолиниши лозим бўлган солиқ суммаси чегириб ташланмаган ҳолда белгиланади.
Ўз навбатида, корхонанинг ҚҚС тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати солиқ суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқини беради.
Жавобни экспертимиз Мурод МУҲАММАДЖОНОВ тайёрлади.