Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 13 / Тадбиркорлик

Банкротликдан сўнг қайта тикланиш*

Корхона фаолиятидаги мавжуд муаммолар сабабли биз банкротлик таомилини бошлаш ва тегишли ариза билан хўжалик судига мурожаат қилишни мўлжаллаяпмиз. Корхонамизнинг устав фондида давлатнинг улуши йўқ, турли кредиторлар олдида, шу жумладан солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича 500 миллион сўмдан зиёд қарз мавжуд. Бунда турли мамлакатлардаги контрагентларнинг, шунингдек ўз савдо уйимизнинг уларга юклаб жўнатилган маҳсулот учун воситачилик шартномалари бўйича валютада муддати ўтган дебиторлик қарзи бор. Корхонада кўчмас мулк ва ишлаб турган ускуналар тарзида активлар борлиги сабабли, янги инвесторлар унинг фаолиятини давом эттириш ва ривожлантиришдан манфаатдорлар. Банкрот бўлган корхонанинг молия-хўжалик фаолиятини қайтадан тиклашга йўналтирилган банкротлик таомиллари мавжудми, улар қандай хусусиятларга эга?

 

Таомилларни танлаш

– Саволингиздан «Банкротлик тўғрисида»ги Қонунда1 назарда тутилган банкротликнинг қуйидаги аломатлари кўзга ташланади:

қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир эмаслиги, агар улар юзага келган кундан эътиборан 3 ой давомида бажарилмаган бўлса;

агар кредиторларнинг жами талаблари ЭКИҲнинг камида 500 каррасини – ҳозирги вақтда камида 39  795  000 сўмни ташкил этадиган бўлса.

Сизнинг вазиятда банкротликнинг соддалаштирилган таомилларини (тугатилаётган юридик шахснинг банкротлиги, ҳозир бўлмаган қарздорнинг банкротлиги) қўллаб бўлмайди. Устав капиталида давлат улушининг йўқлиги боис давлатнинг ваколатли органлари билан қўшимча келишиб олиш талаб қилинмайди.

Хўжалик суди ўзининг юридик шахсни банкрот деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори билан банкротликнинг қуйидаги таомилларидан бирини бошлаши мумкин:

тугатиш ишини юритиш;

суд санацияси;

ташқи бошқарув;

келишув битими.

Буларнинг ҳаммасини хўжалик суди тайинлайдиган суд бошқарувчиси (вақтинчалик, санация қилувчи, ташқи, тугатувчи бошқарувчилар) амалга оширади. Эътиборингизни суд бошқарувчиси бўлишга номзод қарздор томонидан тақдим этилиб, кейин суд томонидан тасдиқланиши мумкинлигига қаратамиз.

 

Етти ўлчаб...

Ҳуқуқни қўллаш амалиётининг кўрсатишича, банкротлик тўғрисида ишларни кўраётганда хўжалик судлари кўпинча юридик шахс раҳбарлари ва (ёки) мулкдорларининг ҳаракатларида корхона банкрот бўлишига олиб келган ғайриқонуний қилмишлари (ҳаракатлари, ҳаракатсизлиги) мавжудлигини аниқлаш учун Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг текширувини ўтказиш тўғрисида хусусий ажримлар чиқарадилар. Шу сабабли ушбу масалага жиддий ёндашиш: корхонанинг ҳолати, кейинги бир неча йил ичида ўтказилган операциялар ва битимларни диққат билан ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш, нохуш ҳодисалар сабаби бўлиши мумкин бўлган бошқа омилларни аниқ белгилашни тавсия қиламиз.

Бундай омиллардан бири валютада дебиторлик қарзининг муддати ўтганлиги ҳисобланади. Эътиборингизни шунга қаратамизки, унинг мавжудлиги, амалдаги молиявий талафотлардан ташқари, назорат қилувчи ва бошқа органлар томонидан корхона раҳбарларини Жиноят кодексининг 175-«Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш» моддасига кўра жиноят бўйича таъқиб қилишлари бошланишига олиб келиши мумкин.

 

Кузатув остига олинди

Кузатув таомили хўжалик суди банкротлик тўғрисида иш қўзғатганда (хўжалик суди қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги қарор қабул қилгунча) жорий этилади. Уни ўтказиш пайтида корхона фаолияти қуйидаги хусусиятлари билан фарқланади:

мулкий ундирувлар бўйича ижро ҳужжатларини ижро этиш тўхтатиб турилади, иш ҳақи бўйича, муаллифлик шартномалари бўйича ҳақларни, алиментларни тўлаш бўйича қарздорликни ундириш ҳақидаги, шунингдек ҳаёт ёки соғлиққа етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш ҳақидаги, хўжалик суди томонидан қарздорни банкрот деб топиш ҳақидаги ариза иш юритишга қабул қилинган пайтга қадар қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари асосида берилган ижро ҳужжатларини ижро этиш бундан мустасно;

эътибор берингки, қарздор юридик шахс муассисларининг (иштирокчиларининг) унинг таркибидан муассислари (иштирокчилари) чиқиб кетиши муносабати билан қарздорнинг мол-мулкидан улушни (пайни) ажратиш ҳақидаги талабларини қондириш тақиқланади;

эмиссия қимматли қоғозлари бўйича дивидендлар ва бошқа тўловларни тўлаш тақиқланади;

муқобил бир хилдаги талабни ҳисобга олиш йўли билан қарздорнинг пул мажбуриятларини тугатишга, башарти бунда кредиторларнинг талабларини қондириш навбати бузилса, йўл қўйилмайди.

Кредиторларнинг биринчи йиғилишини чақириш кузатув таомилининг муҳим элементи ҳисобланади, у хўжалик судига:

қарздорни банкрот деб топиш ва тугатиш ишини юритишни бошлаш;

суд санацияси ёки ташқи бошқарувни жорий этиш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат этиш тўғрисида қарорларнинг бирини қабул қилади.

 

Банкротлик оқибатлари

 

Қарздорни банкрот деб топиш ва тугатиш ишини юритишни бошлаш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилинган ҳамда хўжалик суди мазкур қарорни қабул қилган тақдирда нима юз беради? Хўжалик юритувчи субъектнинг молия-хўжалик фаолияти тугатилади, унинг активлари ва мажбуриятлари инвентаризация қилинади, мол-мулк баҳоланади, дебиторлик қарзи ундирилади, мол-мулк реализация қилинади ва кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилинади (навбати билан), шунингдек «Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг VII бобида назарда тутилган бошқа тадбирлар амалга оширилади.

Мазкур таомилда тадбиркорлик фаолиятини қайта тиклаш ва корхонани молиявий соғломлаштиришнинг имкони бўлмайди, келишув битимини тузиш бундан мустасно, бу ҳақда кейинроқ сўз юритамиз.

 

Умид бахш этадиган санация

Судга суд санациясини жорий этиш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилинган тақдирда кредиторларнинг талабларини таъминлаш бўйича илгари қабул қилинган чоралар бекор қилинади. Бундан ташқари:

  • қарздорнинг мол-мулкини хатлаш ва қарздорга нисбатан унинг ўзига тегишли мол-мулкни тасарруф этиш борасидаги ваколатларини бошқача тарзда чекловлар фақат банкротлик таомили доирасида жорий этилиши мумкин;
  • суд санацияси пайтида юзага келган пул мажбуриятларини ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун неустойка (жарима, пеня) ва бошқа иқтисодий (молиявий) санкциялар, тўланиши лозим бўладиган фоизлар қўлланилмайди;
  • кўчмас мол-мулкни ижарага, гаровга бериш, мазкур мол-мулкни хўжалик ширкатлари ҳамда масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятларнинг устав фондига (устав капиталига) улуш сифатида қўшиш ёки бундай мол-мулкни бошқача тарзда тасарруф этиш билан боғлиқ битимлар; қарздорнинг баланс қиймати қарздор активлари баланс қийматининг 10%идан ортиғини ташкил этувчи мол-мулкини тасарруф этиш билан боғлиқ битимлар; заёмлар (кредитлар) олиш ва бериш, кафиллик ва кафолатлар бериш, талаб қилиш ҳуқуқларидан ўзганинг фойдасига воз кечиш, қарзни бошқа шахсга ўтказиш, шунингдек қарздорнинг мол-мулкини ишончли бошқариш шартномасини тузиш билан боғлиқ битимлардан ташқари корхонанинг тадбиркорлик фаолияти қайта тикланади.

Санация жараёнини тартибга солиш «Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг 76–90-моддаларига мувофиқ амалга оширилади.

 

Ўзимиз бошқара олмаймиз, бошқарувчини юборинг

Судга ташқи бошқарувни жорий этиш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилиш нохуш вазиятдан чиқиш вариантларидан бири бўлиши мумкин. Ташқи бошқарув жорий этилган пайтдан эътиборан:

  • қарздорнинг раҳбари ўз вазифасини бажаришдан четлаштирилади, қарздорнинг ишларини бошқариш ташқи бошқарувчи зиммасига юклатилади. Ташқи бошқарувчи қарздорнинг раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши ёки мазкур раҳбарни бошқа ишга ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқариши шарт;
  • қарздорнинг бошқарув органлари ваколатлари тугатилади. Қарздорнинг раҳбари ва қарздорнинг бошқа бошқарув органлари ваколатлари ташқи бошқарувчига ўтади, «Банкротлик тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ бошқа шахсларга (органларга) ўтадиган ваколатлар бундан мустасно. Қарздорнинг бошқарув органлари ташқи бошқарувчи тайинланган пайтдан эътиборан 3 иш куни ичида қарздорнинг бухгалтерия ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлари, муҳрлари ва штамплари, моддий ва бошқа қимматликлари ташқи бошқарувчига топширилишини таъминлаши шарт;
  • кредиторларнинг талабларини таъминлаш юзасидан илгари кўрилган чора-тадбирлар бекор қилинади;
  • санацияга ўхшаб қарздорнинг мол-мулкини хатлаш ва қарздорга нисбатан унинг ўзига тегишли мол-мулкни тасарруф этиш борасидаги ваколатларини бошқача тарзда чекловлар фақат банкротлик таомили доирасида қўлланилиши мумкин;
  • қарздорнинг пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлари юзасидан кредиторлар талабларининг қондирилишига нисбатан мораторий жорий этилади.
  • Ташқи бошқарувни амалга ошириш механизми «Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг 91–123-моддалари билан тартибга солинади.

 

Келишув битими тузамиз

Қарздор ва кредиторлар хўжалик суди томонидан банкротлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишининг ҳар қандай босқичида (кузатув, суд санацияси, ташқи бошқарув ва тугатиш ишини юритиш) келишув битими тузишга ҳақли.

Келишув битими тузиш тўғрисидаги қарорни кредиторлар номидан кредиторлар йиғилиши қабул қилади. Кредиторлар йиғилишининг келишув битими тузиш тўғрисидаги қарори кредиторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади ва қарор, башарти қарздорнинг гаров билан таъминланган мол-мулки мажбуриятлари бўйича барча кредиторлар уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган деб ҳисобланади.

Келишув битими тузиш тўғрисидаги қарор қарздор номидан кузатув ва суд санацияси таомилларида унинг раҳбари, у ўз мажбуриятларини бажаришдан четлатилган тақдирда суд белгилаган ташқи бошқарувчи ёки тугатиш бошқарувчиси томонидан қабул қилинади.

Келишув битими хўжалик суди томонидан тасдиқланиши керак, бу ҳақда ажрим чиқарилиб, унда банкротлик тўғрисида иш юритишни тугатиш кўрсатилади. Агар келишув битими тугатишга доир иш юритиш жараёнида тузилган бўлса, хўжалик суди келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ажрим чиқаради, унда қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги қарор ижро этилмаслиги кўрсатилади.

Келишув битими хўжалик суди томонидан тасдиқланган пайтдан эътиборан суд бошқарувчиларининг (ташқи ёки тугатиш бошқарувчиларининг) ваколатлари тугатилади. Қарздор юридик шахснинг ташқи бошқарувчиси ва тугатиш бошқарувчиси қарздорнинг раҳбари тайинлангунга (сайлангунга) қадар ўз ваколатларини бажаришни давом эттириб туради.

Келишув битими қарздор томонидан бажарилмаган тақдирда кредиторлар келишув битимида назарда тутилган ҳажмда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда талаблар тақдим этишга ҳақли. Банкротлик тўғрисида янги иш қўзғатилган тақдирда талабларнинг ҳажми келишув битимида назарда тутилган шартлар асосида аниқланади.

Келишув битимининг шакли, мазмуни ва бошқа жиҳатлари «Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг 145–155-моддалари билан тартибга солинади.

 

P.S. Шунга эътибор қаратиш лозимки, берилган саволни тадқиқ қилиш жараёнида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар синчиклаб ўрганилганига қарамай, чоп этилаётган жавоб профессионал маслаҳат ҳисобланмайди. У саволда баён этилган вазиятни ўрганган шахсларнинг фикрини ифодалайди. Ушбу материалда баён этилган фикр саволни қўшимча ўрганиш ва келгусида муҳокама қилиш учун имконият қолдиради.

 

*Қисқартириб чоп этилмоқда. Материалнинг тўлиқ варианти norma.uz сайтида жойлаштирилган.

15.05.1994 йилдаги 1054-XII-сон (24.04.2003 йилдаги 474-II-сон Қонун таҳририда).

Гўзал ИСЛОМОВА,

«BAKER TILLY Tashkent» МЧЖ аудитори,

Андрей ЛУБЕНЕЦ,

«ANCORA Consulting & Legal Serviсe» АФ адвокати.

Прочитано: 2784 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика