Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 13 / Амалиёт

«Электрон ҳукумат» ва унинг афзалликлари

  • Муаммони электрон изҳор этамиз – ёрдамни амалий оламиз
  • Минглаб ҳужжатлар – компьютерда, худди кафтда тургандек
  • Виза учун сайтга киринг

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Электрон ҳукумат» тизими ва интерактив давлат хизматларининг ривожланиши» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси мутахассислари ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

«Электрон ҳукумат» бугунги кунда жаҳонда, шу жумладан Ўзбекистонда кенг ривожланаётган тизим бўлиб, у фуқаролар, бизнес вакиллари, давлат ҳокимияти органларига ахборот тақдим этиш ҳамда аввалдан шаклланган давлат хизматларини кўрсатишни ўз ичига олади ҳамда давлат ва аризачи ўртасидаги шахсий алоқани минималлаштириб, ахборот технологияларидан максимал даражада фойдаланишни кўзда тутади.

Бу тизим давлат тузилмаларини бошқаришни, давлат ва тадбиркорлар ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш орқали бизнес жараёнларини самарали ривожлантиришни таъминлабгина қолмай, фуқароларга давлат хизматларини Интернет орқали ҳаммабоп интерактив шаклда тақдим этиш имконини ҳам яратади.

Мамлакатимизда интерактив давлат хизматларини аҳоли ва юридик шахсларга давлат органлари веб-сайтлари ва республика ҳукумати портали ор-қали тақдим этиш учун ахборот-коммуникация технологиялари жорий этиш кенг йўлга қўйилган. Ана шу мақсадда 2007 йилдаёқ 49 та базавий интерактив давлат хизматлари реестри (БИДХР) тасдиқланган. Айни пайтда эса у 195 дан зиёд кўринишни ўзида қамраб олган.

Ҳозирги кунга қадар «электрон ҳукумат»нинг 20 дан ортиқ лойиҳаси самарали амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг «Gov.uz» портали ташкилотлар, юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги электрон ахборот муносабатларининг самарали дастаги ҳисобланади. Ҳар бир фуқаро ёки юридик шахс вакили мазкур порталдан Ўзбекистон давлат ҳокимияти ҳақида тўлиқ маълумот олиши, шунингдек, у орқали муайян ҳукумат органига электрон шаклда бевосита расмий сўров юбориши мумкин.

«E-kommunal.uz» портали эса уй-жой-коммунал хизматлари соҳасидаги умумий ахборот инфратузилмаси бўлиб, у аҳоли, назорат органлари ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари, шунингдек, коммунал хизматлар ўртасида ахборот алмашинувини соддалаштиради. Порталда Ўзбекистон уй-жой ва коммунал хўжалигига оид барча масалалар бўйича маълумотлар, тарифлар хабарномаси, ҳатто барча коммунал хизматлар калькулятори қулай шаклда жойлаштирилган. Қайд этиш ўринлики, порталга ҳар қандай шахс коммунал хўжалик борасидаги у ёки бу муаммо ҳақида ахборот, фотосурат жойлаштириши мумкин. Мазкур маълумотлар орқали тегишли давлат органлари жойлардаги муаммоларни ўрганиб чиқиб, ҳал этиш чораларини кўришади.

Бугунги кунда статистика, солиқ ва бошқа молиявий ҳисоботларни тадбиркорлик субъектларидан электрон кўринишда йиғиш ва қайта ишлаш тизими ҳам тобора ривожланиб бормоқда. Хусусан, Давлат солиқ қўмитасининг «soliq.uz» сайтидан ҳар қандай солиқ тўловчи – юридик ва жисмоний шахслар – маслаҳат олиши, электрон кўринишда солиқ ҳисоботи ёки даромадлар ҳақида декларация топшириши, ўз СТИРини тасдиқлатиши мумкин.

Давлат статистика қўмитасининг «stat.uz» сайти орқали ҳар бир тадбиркорлик субъекти статистик ҳисоботни электрон кўринишда топшириши мумкин. Янги фирма очишда эса ҳар бир фуқаро сайтдаги «Фирма номларини электрон захиралаш тизими»дан фойдалана олади. Бугунги кунда давлат статистика ҳисоботининг 101 та шакли (жами 141 та шакл) Интернет тармоғи орқали электрон шаклда топшириш учун тайёрдир (Дарвоқе, жорий йилнинг 1 февраль ҳолатига 103 мингдан зиёд фирма номлари электрон шаклда захираланган).

Ўзбекистон миллий қонунчилигининг 25 мингдан зиёд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини ўзида жамлаган «lex.uz» портали эса аҳолига Интернет орқали меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан бепул фойдаланишни тақдим этувчи республикамиздаги ягона ахборот-ҳуқуқий тизим ҳисобланади. Ушбу маълумотлар базасида ўзбек ва рус тилларида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, кодекслари, 1990 йилдан шу пайтга қадар қабул қилинган қонунлари, Олий Мажлис палаталари қарорлари, Президент фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, фармойишлари, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг бошқа ҳужжатлари, Конституциявий суд, Олий суд ва Олий хўжалик суди қарорлари, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари «тахт қилиб қўйилган».

Электр энергияси истеъмолчиларига «uzbekenergo.uz» сайти шахсий кабинетлар ёрдамида ўз шахсий маълумотларидан фойдаланишни таъминлайди. Ушбу лойиҳа мамлакатдаги барча истеъмолчилар томонидан электр энергиясидан фойдаланишни интерактив шаклда назорат қилиш имконини беради.

Чет эл фуқароларининг Ўзбекистонга виза расмийлаштиришлари учун «mfa.uz» онлайн-сўровнома тизими Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги веб-сайтининг бир қисми бўлиб, ҳозирда ўзбек, инглиз ва рус тилларида ишлаётган, истиқболда бошқа жаҳон тилларида ҳам ишлайдиган алоҳида веб-саҳифадир. Шуниси аҳамиятлики, Ўзбекистон ўзида eVisa тизимини татбиқ қилган дунёдаги тўққиз мамлакатдан биридир. Бу, шуб-ҳасиз, мамлакатимизнинг сайёҳлик ва инвестиция салоҳиятини оширади.

Фаолиятнинг лицензияланадиган турлари ва рухсат бериш тартиб-таомиллари рўйхати, лицензия, рухсатнома ва бошқаларни олиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар ҳақида ахборот олиш учун «license.uz» умумий лицензия порталига кирилса бас. Ўзбекистонда лицензияланадиган фаолият турлари рўйхати мунтазам қисқармоқда ва уларни олиш таомили соддалашмоқда. Ушбу лойиҳа барча зарурий ахборот ва лицензияларни олишдаги қоғозбозлик даражасини камайтириш имконини беради.

Мутахассисларнинг қайд этишларича, базавий интерактив давлат хизматлари «Электрон ҳукумат» тўлақонли тизимининг бир қисмигина холос. Зеро, мамлакатимиз Президентининг 2013 йил 18 январдаги «2012 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида «Электрон ҳукумат» тизимини шакллантириш концепцияси ва комплекс дастурини ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилган эди.

Шу боис, бугунги кунда давлат органлари раҳбар ва мутахассислари таркибидан ташкил топган махсус ишчи гуруҳ мазкур соҳада дунёдаги етакчи давлатлардан бири бўлмиш Корея Республикаси ва бошқа хорижий мамлакатларнинг бу борадаги илғор тажрибаларини инобатга олиб, «Электрон ҳукумат» тизимини шакллантириш бўйича Концепция ва Комплекс дастурни, шунингдек, 2013-2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш Комплекс дастурини ишлаб чиқмоқда. Мазкур лойиҳаларни ишлаб чиқиш жараёнида кореялик ва бошқа бир қатор хорижий экспертлар фаол қатнашмоқдалар.

Ишлаб чиқилаётган ушбу лойиҳа давлат органларининг ўзаро ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан муносабатларини тўлиқ қамраб олувчи «Электрон ҳукумат» тизимини шакллантириш ва уни ривожлантириш бўйича асосий вазифаларни белгилайди. Бундай тизимнинг жорий этилиши натижасида тўлиқ транзакцияланган хизматларга ўтилиши кутилмоқда, бу эса, аҳоли ва бизнес вакилларининг давлат хизматидан фойдаланишда турли инстанцияларга қатнашни ва давлат хизматчилари билан бевосита мулоқотда бўлишни истисно этади. Ўз навбатида, у аҳолига қўшимча қулайликлар яратишга ва бизнес юритиш шароитларини яхшилашга хизмат қилади.

Гулбаҳор САТТОРОВА,

«СБХ» мухбири.

Прочитано: 5569 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика